Феврал ойи эди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан уюштирилган илмий-адабий анжуманда қатнашдим. Шоирнинг ҳарбий маҳорати, латиф ғазаллари ва уларнинг бадиий савияси, бетакрор гўзаллиги тўғрисида мароқли суҳбат бўлди. Ёш ҳаваскорлар шоирнинг ҳаётига оид саҳна кўринишларини намойиш қилишди. Талабаларнинг шоир шахсиятига, шеъриятига қизиқишлари ортгани уларнинг қиёф сидан, кўзларидан, саволларидан яққол сезилиб турарди.
Бошқарувчи даврада Бобур ғазалларини куйга солган таниқли хонанда қатнашаётганини эълон қилди. Талабаларнинг кўзларида қувонч чақнади, ўша гўзал ғазалларнинг мусиқий талқинини эшитиш умиди порлади. Шунда бу хонанда хоним:
«Азизлар, гўзаллар, муҳтарам талабалар, ҳаммангизни бугунги севишганлар куни бўлмиш Валентин куни билан муборакбод этаман», деса бўладими?
Қийчув кўтарилди. Бу эътирозми ё эътирофми, англаб бўлмади. Нима бўлганда ҳам анжуман-нинг маънавий-маърифий самараси ҳавога учган эди. Бобур ғазалларини куйлаб мукофотлар олган бу қўшиқчи ўзи айтаётган табрик моҳиятидан бохабармиди? Бутун диққат-эътибор ўзбекнинг машҳур адабий сиймосига қаратилган бир вазиятда севишганлар кунини тилга олиш хонанда савиясини кўрсатди-қўйди. Эл назаридаги киши гапини ўйлаб гапиргани маъқул.
Қўшиқ инсоннинг маънавий-руҳий дунёсига таъсир қилади. Инсондаги завқни тарбиялайди. Буюк қўшиқлар, умидли қўшиқлар, маҳзун ва завқли қўшиқлар воситасида шаклланган авлодларни биламиз.
Қўшиқ гўзаллиги энг аввало шеърий матн пухталигига боғлиқ. Ҳозирга қадар қайта-қайта эшитиладиган, санъатимиз хазинасидан ўрин олган қўшиқлар аввало шеърий матн ҳолида машҳур бўлгани аниқ.
Бугун санъатнинг деярли ҳар бир тури ўз мунаққидига эга. Уларнинг мақолалари матбуотда босилиб туради. Бироқ қўшиқшунослар қўшиқ айтаётган одамга эътибор бераётгани йўқ. Умуман, бизда қўшиқ танқидчилиги шаклланган эмас.
Ҳозирги қўшиқчиликдаги бемаъни, ночор ҳолатни қандай ўнглаш мумкин? Бош муаммо шу! Болаларнинг маънавий-руҳий дунёсида енгил-елпи қўшиқлар даражаси шаклланиб қолмаслиги учун нималар қилиш лозим? Сиз ҳам бир ўйлаб кўринг! Имконини топсангиз, ўнглаб қўйинг!
«Ҳилол» электрон журналидан