Равзангизнинг қошида бир кабутар йиғлайди,
Ҳувиллаган Мадина, у бағрини тиғлайди,
Янчилган бу кўнгиллар, санчилган бу кўнгиллар
Қонаётган ярасин, қайси мардлар боғлайди?!
Расулим-о, Расулим, бузилганим рост эди,
Бошимдаги бу дардга гуноҳларим мос эди.
Бу дунё бир томонда, Сиз бир томон ўхшайсиз,
Наҳот Даргоҳингизга ҳеч ким арзимас энди?!..
Сиздан кейин хўрсиниқ, ҳувиллаган дун қолди,
Кўзларимда ёш эмас, куйдиргувчи қум қолди.
Саловатсиз кунларим, ҳаловатсиз тунларим,
Равзангиз-да бўш турар, қандай ёмон кун қолди..
Эшигингиз олдида бир кабутар йиғлайди,
Унинг эгик бошини, қайси ўғлон силайди.
…Бу кунлар ҳам ўтаро, аё кўнглим тик тургин,
Мўминларнинг иймони ҳар нарсага синмайди!
Раҳимжон Али