Жин ҳақида қискача бўлса ҳам маълумот олишимиз бу сураи кариманинг маъноларини янада чуқурроқ тушунишимизга ёрдам беради, деган умидда қуйидагиларни эътиборингизга ҳавола қилишга ижозат бергайсиз.
Қуръони Карим нозил бўлаётган пайтда араб қабилалари жинларга махфий, норавшан худолар деб эътиқод қилардилар. Улар, жинларнинг насаби Аллоҳ таолога етиб боради, унинг жинлардан шериклари бор, деган бузуқ эътиқодга ҳам бўйсунишарди. Шунингдек, араблар “Жинлар ғойибдан хабардор, фолбин ва мунажжимларга осмон сирларини айтиб туришади”, деган ўйда эдилар. “Жин” сураси ушбу эътиқодларнинг бекорчи эканини таъкидлайди. Бунга кўшимча маънода Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида: “Ким фолбину мунажжимга борса ва уларга ишонса, Муҳаммадга тушган нарсага кофир бўлибди”, деганлар.
Арабларда “Жинларнинг ҳукми ер юзида ўтадиз, деган хомхаёл бўлиб, агар улардан бирорталари маълум бир ерга бориб ётиб қолмоқчи бўлсалар, “Ушбу жойнинг хўжайин жинидан паноҳ сўрайман”, деган маънодаги дуони қилишарди.
Бизнинг юртларда ҳам ҳатто ҳозирги вақтгача кишиларда юқоридаги айтиладиганларга ўхшаш турли-туман бузуқ, бидъат-хурофотдан иборат тушунчалар мавжуд ва баъзилар бу ёлғон эътиқодга бўйсунадилар. Айниқса, кейинги пайтда кишиларда руҳий бўшлиқ ҳаддан ташқари зиёда бўлганлигидан бу маънодаги гап-сўзлар кўпайиб кетди. Агар уларга қулоқ осадиган бўлсак, худди бутун дунёни жинлар бошқариб турганга ўхшайди (астағфируллоҳ).
Шу билан бирга, қадимда ҳам, ҳозирда ҳам жинларни умуман инкор этадиганлар бор. Улар жин ҳақидаги ҳар бир сўзни афсона, бекорчи гап, дейишади. Жинлар ҳақидаги ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган кишиларни жиннига, мияси айниганга чиқаришади.
Ислом эса жин ҳакида, худди бошқа масалалардаги каби ҳақиқатни баён қилади. Ислом жин борлигини исбот қилиб, у ҳақидаги тўғри тасаввурни баён этиб, нотўғри тушунчаларни рад этади. Шу билан бирга, жинлардан кутиладиган мавҳум кўрқинч ва хавфу хатарни ҳам рад этади.
Жинлар ҳақиқатан бор мавжудотлар бўлиб, асли ўтдан яратилган. “Жин” сўзининг луғавий маъноси эса “тўсилган” дегани, яъни одамлар кўзидан тўсилган нарса. Шу сабабли ҳам у инсонларга кўринмайди. Улар ўзлари кўринмай туриб, бизларни ва бошқа нарсаларни кўришлари мумкин. Шу билан бирга, турли шаклларга киришлари ҳам мумкин. Уларнинг ичида ҳам, худди одамларга ўхшаб, иймонсиз-иймонли, яхши-ёмон, адашган ва ҳидоятда юрганлари, фирибгар ва соддалари бор. Жинлардан ҳам Қуръонга, Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириб яхши йўлда юрганлари жаннатга, иймонсиз бўлиб ёмон йўлда юрганлари дўзахга тушадилар. Улар одамларга ҳеч қачон ёрдам бера олмайдилар ва ғойиб сирларини билмайдилар, чунки Қуръони Карим нозил бўлгандан сўнг улар бу хислатлардан маҳрум бўлганлар. Жинларнинг Аллоҳ таоло билан насаб йўлидаги боғлиқлигига келсак, бу ҳақдаги ҳар қандай фикрлар туҳматдир.
«Сабаъ» сурасида бир гуруҳ жинлар Сулаймон алайҳиссаломга хизматкор бўлганликлари, у зот ҳассага суяниб туриб вафот этганларидан сўнг ҳам, тирик, кузатиб турибди, деб ўйлаб, машаққатли ишда давом этганликлари ҳақида оятлар бор.
“Жин” сурасининг тафсири давомида бу масалалар янада равшан бўлади, иншааллоҳ. Исломдан аввалги вақтда жинлар осмонга чиқиб малоикаларнинг ўзаро суҳбатларини, жумладан, яқин кунларда содир бўладиган баъзи ишлар ҳақидаги маълумотларни яширин эшитиб, ердаги фолбину мунажжимларга бирга ўнни қўшиб етказишар экан. Орадан анча вақт ўтиб, осмон хабарига қулоқ осгани чиқсалар, уларни юлдузлардан узилиб чиққан учқунлар уриб ҳайдайдиган бўлиб қолибди. Улар ерга ўз қавмлари хузурига қайтиб, “Нима бўлди экан, бизни учқунлар қувадиган бўлиб қолди-ку” дейишади. Шунда баъзилари, дунёда улкан, оламшумул ўзгариш бўлган бўлса керак, дейишади. Машриқу мағрибни кезиб биздан осмон хабарини тўсган нарсани қидириш зарур,
деган қарорга келиб, сафарга отланадилар. Ривоятларда нақл қилинишича, Насийбин номи билан аталувчи жойда яшовчи жинлардан етти нафари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида қироат қилаётганларини эшитиб тўхташган, биздан осмон хабарини тўсган нарса шу, деб ўз қавмларига қайтиб, бўлган ҳодисани айтганлар. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига “Жин” сурасини нозил қилган.
«Тафсири Ҳилол» китобидан