ЗАКОТ
Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
“Молингнинг закотини адо қилган бўлсанг, батаҳқиқ, зиммангдаги (бурч)ни бажарибсан”, дедилар.
Термизий ривоят қилган.
“Закот” сўзи луғатда “поклик” ва “ўсиш” деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади. Қачон закотини берса, покланади, бўлмаса йўқ. Закоти берилган молга барака киради, кўпайиб ўсади.
Шаръий истилохда “Закот-махсус молдан махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилингандек мулк қилиб беришдир”.
Энди ушбу умумий тарифдаги истилоҳлар билан танишиб олайлик:
Махсус мол нисобга етган мол демактир. Махсус жуз закот берувчининг мулкидан ажратиладиган миқтодур. Махсус шахс деганда закот олишга ҳақли бўлган шахс назарда тутилган. Аллоҳнинг розилиги учун жумласи эса закотнинг ибодат нияти билан берилиши кераклигини англатади. Шариат тайин қилган деганда закот чиқариш миқдори шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши кераклиги назарда тутилган. Озгина садақа бериб, шу закот деб бўлмайди. Мулк қилиб бериш деган жумладан эса ўша берилаётган мол уни олувчига мулк бўлмагунича закот бўлмайди деган маъно англанади.
Закот Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фаз қилган амалдир. Закот Мадинаи Мунавварада хижрий иккинси санада Рамазондан олдин фарз қилинган. Закот Қуръони Каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга зикир этилган. Бу эса ўз навбатида намоз билан закотнинг бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатади.
“Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Расулга итоат қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангиз”, деган. (Нур сураси, 56-оят)
Мўминнинг нажоти муфассал закот китобидан олинди.


