НАМОЗ
Намоз Исломнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилиб қўйган. Намоз Аллоҳ берган ҳадсиз-ҳисобсиз неъматларга бандасининг шукронаси ҳамдир. Намоз ибодати туфайли кишининг Аллоҳ наздидаги даражаси юксалади. Намозхон охират ҳаётига тайёргарлик кўриб боради. Турли баҳоналар билан намоз ўқимай юрган киши Аллоҳнинг буйруғига қарши чиққан бўлади. Бу эса, катта мусибатдир.
Қуръони каримда намоз ўқиш амр этилган кўплаб оятлар бор (мазмунлари):
«Намозни мукаммал адо этингиз, закот берингиз ва руку қилувчилар билан бирга руку қилингиз» (Бақара, 43).
«Намозни мукаммал адо этингиз ва закот берингиз!» (Бақара, 110).
«Аллоҳ имонларингизни (Байтул-Мақдисга қараб ўқиган намозларингиз ажрини) зое кеткизмас. Албатта, Аллоҳ одамларга меҳрибон ва раҳмлидир» (Бақара, 143).
«(Эй Муҳаммад), имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни мукаммал адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган Кун (қиёмат) келмай туриб, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!» (Иброҳим, 31).
«Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни мукаммал адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (адо қилинг). Зеро, тонгги ўқиш (фаришталар) ҳозир бўладиган (намоз)дир. Тунда (бир қисмида) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган мақомда) тирилтирса» (Ал-Исро, 78-79).
«Аҳлингизни намоз (ўқиш)га буюринг ва (ўзингиз ҳам) унга (намозга) бардошли бўлинг!» (Тоҳа, 132).
«Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларга (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардирлар. Улар (барча) намозларни (вақтида адо этиб қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир» (Мўминлар, 1-2, 9).
«Албатта, намоз фаҳш ва ёмонликдан қайтарур! Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир!» (Анкабут, 45).
«Бас (эй, Муҳаммад), улар (кофирлар) айтаётган сўзларга сабр қилинг ва Қуёш чиқишидан ва ботишидан аввал Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг (намоз ўқинг)! Яна кечанинг (бир қисмида) ва саждалар (намозлар) ортидан тасбеҳ айтинг!» (Қоф, 39-40).
«(Эй Муҳаммад,) Сиз Раббингизнинг ҳукмига сабр қилинг! Зотан, Сиз Бизнинг кўз ўнгимизда (ҳимоямизда)дирсиз! (Тонгдан уйқудан) турган пайтингизда, Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг! Шунингдек, кечадан (вақт ажратиб) ва юлдузлар юз ўгиргач (ботгач саҳарда) ҳам Унга тасбеҳ айтинг» (Тур, 48-49).
«Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачонки унга ёмонлик (камбағаллик ёки мусибат) етса, у ўта бесабрлик қилувчидир. Қачонки унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса, у ўта ман этувчи (бахил)дир. Фақат намозхонлар бундан мустаснодирлар» (Маориж, 19-23).
ҲАДИСЛАРДАН НАМУНАЛАР
Пайғамбаримиз (с.а.в.) асҳобларидан сўрадилар: «Бирортангиз уйингизнинг олдидан оқиб ўтадиган дарёда (ёки сойда) ҳар куни беш маҳал ювинсангиз, баданимда кир қолибди, деб айтасизми?» Саҳобалар: «Сира ҳам кир қолмайди», дейишди. Расули Акрам: «Беш вақт намоз ҳам шунга ўхшаш бўлиб, Аллоҳ таоло бу ўқилган намозлар туфайли гуноҳларни кечиради».
* «Аср намозини қазо қилиб қўйган одам бола-чақасию мол-дунёсидан ажраган киши янглиғдир».
* «Қоронғу кечаларда масжидга борган кишиларга, Қиёмат куни бир нурга мазҳар бўлишлари хушхабарини етказинг».
* «Сизлардан бирларингиз намоз ўқиган жойда таҳоратини бузмасдан ўтирган муддатгача, фаришталар: «Илоҳо, бу кишининг гуноҳларини кечир ва унга раҳм айла», деб дуо этишади»
* «Аллоҳга қасамки, шундай нарса хаёлимдан ўтяпти: ўтин тўплашни буюрсам ва ўтинлар тўпланса. Кейин намозга буюрсам, намоз учун азон айтилса, кейин бир кишини мўминларга имомликка ўтишни буюрсам-да, намозга келмаганларнинг бориб уйларини ёқсам…»
* «Мўминлар хуфтон ва бомдод намозларидаги савобни билганларида эди, бу намозларни жамоат билан ўқиш учун, эмаклаб бўлса ҳам, масжидга келишар эди».
* «Намоз инсон билан ширк ва куфр ўртасидаги бир пардадир. Намозни тарк этиш бу пардани кўтариш бўлади».
* «Улар (кофирлар) билан бизнинг ўртамизни фарқлайдиган аломат намоздир. Бинобарин намозни тарк қилган кимса кофирларга ўхшабди».
* «Банда Қиёмат кунида энг аввало намоздан ҳисоб-китоб қилинади. Агар намози дуруст чиқса, қутулибди ва ютибди. Агар намози дуруст чиқмаса, ютқазибди. Фарз намозлари кам чиқса, Аллоҳ азза ва жалла: «Қаранг-чи, қулимнинг нафл намозлари борми?» дейди. Намозларининг ками нафл намозлар билан тўлдирилади. Қолган амаллари ҳам шу тарзда ҳисоб-китоб қилинади».
* «Бир куни Пайғамбар, алайҳиссалом, ҳузурларида намоз ўқимай тонг отгунча ухлаган бир кишининг номи тилга олинди. Расули Акрам: «Ундай бўлса, у одамнинг қулоқларига ё қулоғига шайтон бавл этибди», дея марҳамат қилдилар».
* «Сизлардан биров ухлаб қолса, шайтон унинг орқа миясига уч тугун тугиб қўяди ва ҳар тугунга: «Ҳали тунлар узун, (бемалол) ухла», дея афсун ўқийди. Агар у одам уй-ғониб Аллоҳни зикр этса, тугунлардан биттаси, таҳорат олганида яна бири, намоз ўқиганида эса, қолгани ҳам ечилади ва қалби қувонч ва хушнудликка тўлиб тонг оттиради. Акс ҳолда, шайтон тугиб қўйган тугунларнинг таъсирида дангасалик билан тонг отгунча ухлаб қолади».
* Кечаси туриб ибодат қилган ва хотинини уйғотган, хотини туришни хоҳламаса, юзига сув сепган одамга Аллоҳ раҳматини ёғдирсин. Кечаси туриб намоз ўқиган ва эрини уйғотган, эри туришни хоҳламаса, юзига сув сепган хотинга Аллоҳ раҳматини ёғдирсин».
* «Намоз жаннатнинг калитидир».
* «Намоз диннинг устунидир».
* «Намоз мўминнинг меърожидир».
* «Эй Муҳаммад, бир кеча-кундузда умматларингга беш вақт намозни фарз қилдим. Ўзимча аҳд қилдимки, ким шу беш вақт намозни ўз вақтида адо этиб юрса, у кишини жаннатга киритаман. Ким ўз вақтида адо этиб юрмаса, у банда хусусида аҳдим йўқдир» (Ҳадиси қудсий).


