Икрима Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят этишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббосга қарата:
«Эй амаки! Сизга бермайми? Сизга ўргатмайми?» деган сўзларни зикр қилиб, сўнг бундай дедилар:«Тўрт ракат намоз ўқийсиз. Ҳар ракатда Фотиҳани ва бошқа бир сурани ўқийсиз. Биринчи ракатда қироатдан сўнг қиёмда «Субъаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоъҳу валлоҳу акбар» тасбеҳларини ўн беш марта айтасиз. Сўнгра рукуъга борасиз ва рукуъда турганингизда ҳам мазкур тасбеҳларни ўн бор айтасиз. Кейин бошингизни рукуъдан кўтарган вақтда ҳам яна тасбеҳларни ўн марта айтасиз. Сўнг саждага борасиз. Саждада турганингизда яна мазкур тасбеҳларни ўн бор қайтарасиз. Сўнг бошингизни саждадан кўтариб, яна мазкур тасбеҳларни ўн бор айтасиз, сўнг яна сажда қиласиз ва унда яна ўн бор тасбеҳ айтасиз, сўнг бошингизни саждадан кўтариб, тик бўлишингиздан олдин яна ўн марта тасбеҳ айтасиз. Бу айтилган тасбеҳларнинг умумий адади етмиш бешта бўлади. Тўрт ракатни шу тахлитда адо этасиз. Агар бу намозни бир кунда адо этишга қодир бўлсангиз, уни адо этинг. Агар бир кунда адо этишга қодир бўлмасангиз, жума куни бир марта ўқинг. Агар жума кунида адо этишга қодир бщлмасангиз, уни бир ойда бир ўқинг. Агар бунга қодир бўлмасангиз, уни бир йилда бир бор адо этинг. Бунга ҳам имкон бўлмаса, умрингиз давомида бир бор «Тасбеҳ» намози ўқиб қўйинг».
«Hilol» электрон журнали 3-сон