XUTBA.UZ

XUTBA.UZ

WWW.XUTBA.UZ



Ўзбекистон Мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти Қўқон шахар Шайх Ул-Ислом жомеъ масжидининг расмий веб сахифаси

Манзил: Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилояти Қўқон шахар, Янги хаёт 49

  • БОШ САҲИФА
  • ИСЛОМ
    • ИЙМОН
    • НАМОЗ
      • ПОКЛИКТАҲОРАТ
      • АЗОН
      • НАМОЗ ЎҚИШ ТАРТИБИ
      • ФОТИҲА СУРАСИ ВА ЗАМ СУРАЛАР
      • ДУО ВА ЗИКР
    • РЎЗА
      • ФАРЗ
      • НАФЛ
    • ЗАКОТ
    • ҲАЖ
  • ҚУРЪОН
    • ТАФСИР
    • ТАЖВИД
    • ҚИРОАТ
  • СИЙРАТ
    • СИЙРАТ САЛНОМАСИ
  • МУТОЛАА
    • ЖУМУЪА МАВЪИЗАЛАРИ
    • МАҚОЛАЛАР
    • КИТОБЛАР
      • КУТУБХОНА
      • ОБУНА
    • ЖУРНАЛЛАР
      • ОМИНА
      • ҲИЛОЛ
    • ИЛОВАЛАР
      • iOS-iPhone
      • Android
      • MacOS
      • Windows OS
  • МЕДИА
    • КЎРСАТУВЛАРДарслик
      • БИТИКЛАР МУТОАЛАСИ
      • КУРЪОНИ КАРИМНИ УРГАНАМИЗ
      • ОЛТИН СИЛСИЛА
      • СУРАГАН ЭДИНГИЗ
    • ЎЗБЕКИСТОН ҚУРЪОН МУСОБАҚАСИ
      • 2018
  • ТАСВИР
    • 2019 — ЎҚУВ СЕМИНАРИДАН ФОТО ЛАВҲАЛАР
    • МУБОРАК РАМАЗОН — 2019
      • Шайхул-Ислом жомеъ масжидида Рамазон шукухи
      • Саидаҳмадхон хожи жомеъ масжидида Рамазон шукухи
      • Дегрезлик жомеъ масжидида Рамазон шукухи
      • Зайнул-Обидин жомеъ масжидида ХАТМОНА
      • Шайхон жомеъ масжидида ХАТМОНА
    • МУБОРАК РАМАЗОН — 2018
      • «Шайхул-Ислом» масжидида Рамазон шукухи
      • «Дегрезлик» масжидида Тарових намози
      • «Хадя хожи» масжидида Рамазон шукухи
      • «Саодат» масжидида Рамазон шукухи
      • «Шайхул-Ислом» масжидида (Хатмона)
      • «Дегрезлик» масжидида (Хатмона)
    • ДЕГРЕЗЛИК МАСЖИДИДА ЎЗБЕКИСТОН ҚУРЪОН МУСОБАҚАСИ — 2018
  • МАСЖИДЛАР
    • ШАЙХУЛ-ИСЛОМ ЖОМЕЪ МАСЖИДИ
    • «ЗИНБАРДОРИЙ» МАДРАСАСИ
    • ҲАЗРАТИ АББОС ЖОМЕЪ МАСЖИДИ
  • БОШ САҲИФА
  • Мақола
  • ШАЙХ УР РАИС
07 05 2020 - 1:24 / - Мақола, Хазратим

ШАЙХ УР РАИС

Бугун 60 га кирдим.

Бугун тақдимоти бўлиши керак бўлган мемуаримдан яна бир қисмини ўқинг. V боб. Шайх ҳазратдан сабоқлар

Бугун Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратимизнинг ҳам таваллуд топган кунлари. Устоз билан бир кунда туғилганимдан фахрланаман. 

Хотира китобимдаги энг катта боб Ҳазратимизга бағишланган боб бўлди. Эътиборингизга кичик бир лавҳани ҳавола қиламан: “Ҳазратдан дуо олиш”.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратимиз ҳижратдан қайтганларидан сўнг, илтимосимга биноан, устозим Тоҳир Малик мени у зотникига олиб бордилар. Кўришиб, сўрашгач, устоз мақсадимизни айтдилар.

– Бу йигит шогирдим, сиздан дуо олгани Самарқанддан келди, – дедилар устоз. – Ўзи ёзувчи, менинг шогирдим, исми шарифи Каримберди Тўрамурод.

– И-е, сиз Каримберди Тўрамуродмисиз? – хурсанд бўлиб кетдилар Ҳазратимиз. – Қани, бир ўрнингиздан туринг-чи.

Мен ўрнимдан турдим ва Ҳазратимиз мени анча вақт бағрларига босиб турдилар. Кейин тик турганча дуо қилдилар. 

– Сиздан Аллоҳ рози бўлсин, биз ҳақимизда Ўзбекистонда бирор киши ақалли исми шарифимизнинг бош ҳарфларини ҳам ёза олмаган бир замонда сиз бутун бошли қисса ёзган экансиз, етказиб бордилар, ўқидим, хурсанд бўлдим. Кейинчалик бу қиссангиз радиофильм бўлиб, унда кўп машҳур санъаткорлар овоз берган экан, радиофильмни ҳам етказиб боришди, эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, – дедилар Ҳазратимиз. – Дуо олгани келибсиз, албатта, дуо қиламан, аммо бошқа нарсани ҳам билиб қўйинг, бугундан иккимиз дўстмиз, устоз-шогирдмиз, Каримберди Тошкентга келибди, деб эшитсам-у, бизникига кирмай кетсангиз, сиздан хафа бўламан.

Дунё тан олган забардаст олимнинг бу сўзлари мени жуда тўлқинлантириб юборди. Ҳаяжондан бирор сўз ҳам айта олмадим.

Аммо шундан кейин, худди Ҳазратимизнинг ўзлари айтганларидек, Тошкентга борсам, у зотнинг уйларига бормасдан қайтмадим. Айниқса, газеталарда ишлаганимда «Шайх ҳазратдан сабоқлар» рукнини ташкил қилиб, газетанинг ҳар сонида у зотнинг диний, маърифий мақолаларини мунтазам равишда бериб бордим. Газета мухлисларидан келадиган юзлаб саволларни олиб, ҳар икки-уч ҳафтада уйларига борардим. Диктофонни ёқиб қўйиб, саволларни ўқийверардим, у киши ўқлаб қўйилган милтиқдек саволларга тўхтовсиз ва батафсил жавоб берардилар. Мен бу савол-жавобларни қоғозга тушириб, газеталарда эълон қилардим. Ана шу савол-жавобларнинг жуда кўплари кейинчалик нашр этилган «Зикр аҳлидан сўранг» номли китобчларга киритилган эди. 

Баъзи фитнали саволлар бошқа одамни мувозанатдан чиқариб юбориши, жаҳлини чиқариши мумкин бўларди, аммо Ҳазратимиз ана шу фитнали саволларга ҳам оғир-босиқлик билан шариат мезонларидан чиқмасдан гўзал жавоблар берардилар. Ҳеч эсимдан чиқмайди, исмини айтмайлик, бир академик шунақа фитна қўзғайдиган савол юборди. Рамазон ойи эди. Ҳазратимиз масжидларда «Рамазон суҳбатлари»ни ташкил қилган йиллар эди. Хатми Қуръон бўладиган масжидларда бир соат маъруза қилар эдилар. Бир пора Қуръон ўқилиб, таровеҳ намози тугаганда соат кечги ўн икки, баъзан бир бўлиб кетарди. Кеч бўлса-да, Ҳазратимизга ҳалиги мактубни бериб, «Аммо озроқ фитнали савол, Ҳазрат, ранжисангиз, жавоб бермай қўя қолинг», деб огоҳлантириб ҳам қўйдим. 

Бомдод маҳали қўнғироқ қилиб қолдилар:

– Академикка жавоб тайёр, келиб олиб кетинг!

Соат тонгги тўрт. Хайлашганимизда соат бир эди. Шу орада саҳарлик қилинган, бомдод ўқилган, демак, жавоб ёзиш учун тунда ухламабдилар. Боргач, жавобнинг уч саҳифа бўлганини кўриб, саволли мактубни берганимдан ҳам пушаймон бўлдим.

– Ҳазрат, мени кечиринг, бунча жавобни ёзиш учун бу тун бедор бўлишингизга сабабчи бўлдим, – дедим.

– Рамазондаги бедорлигимиз учун бериладиган мукофот уйқудан яхшироқ, – дедилар Ҳазратимиз. – Аммо академик боис сал нокамтарлик қилишга тўғри келди, айбга буюрмайсиз.

Академикнинг саволи фитнали бўлса ҳам, халқимиз учун хайрли бўлди, шу савол боис Ҳазратимиз, ўзлари айтмоқчи, «Сал нокамтарлик қилиб», ўзларини бироз яқиндан халққа танитдилар.

Академикнинг «Бутун Ўзбекистон халқи нега сиздан фатво сўрайди, муфтийдан эмас, диний идора олимларидан эмас, диний қумита раисидан эмас? Сиз кимсиз ўзи, муфтий бўлмасангиз, ақалли, бирор масжиднинг имоми бўлмасангиз, нега биз сиз айтаётган фатволарга амал қилишимиз, саволларимизга сиздан жавоб олишимиз керак?» деган саволига жавоб ўлароқ, Ҳазратимиз ўзларининг кимликларини илк бор ошкор қилдилар. Илк бор Ҳазратимиз қанақа Халқаро диний-илмий ташкилотларнинг аъзоси эканликлари, қандай академияларнинг фахрий аъзоси эканликлари, Маккада ўтган ер юзида юриб турган тариқат пирлари йиғилган анжуманда Нақшбандия тариқатининг пири деб Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратимиз тан олингани, кейин ҳар бир тариқатнинг пирлари, яъни шайхлари тайин қилингач, бу шайхлар ичидан битта шайх ур раис сайлангани, шайхларнинг раислигига ҳам Ҳазратимиз сайлангани айтилди. 

«Шу маълумотларни билдингиз, майлими, энди мусулмонларнинг саволларига жавоб бериб турсам?» деб ёзган эдилар Ҳазратимиз.

Академикнинг яна иккита саволи ҳам бўлиб, улар одобдан ташқари бўлгани учун бу ерда келтирмадим. Қизиққанлар «Зикр аҳлидан сўранг» китобчаларининг 91-сонидан батафсил ўқиб олишлари мумкин.

Айтганча, устозимиз Тоҳир Малик Ҳазратимиз ҳақларида гапирганларида ҳамиша,  то умрларининг охиригача эҳтиром билан Шайх ур раис деб гапирар эди.

Савол-жавоблардан ташқари газеталар саҳифаларида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратимиз билан алоҳида мавзуларда суҳбатлар уюштирганман ва суҳбатлар мухлислар томонидан жуда илиқ кутиб олинган. У кишининг оталари ҳақида тайёрлаган мақолам, ундаги оталари ҳақидаги Ҳазратимизнинг хотиралари, устоз Тоҳир Маликнинг хотиралари муштарийларнинг олқишларига сабаб бўлган.

Ҳазратимиз қачон Самарқандга келсалар, ҳамиша ёнларида бўлардим. У киши иштирок этадиган анжуманлар, албатта, савол-жавоблар билан бўларди. «Саволларни сиз ўқиб туринг», дердилар. Сабаби, яхши билардилар, мен тушаётган саволларнинг жуда бачканаларини, кўп такрорланганларини, биринчи синф боласи ҳам билиши мумкин бўлган соддаларини, шунингдек, фитнали саволларни, шахсларга оид саволларни ўқимас эдим. Ўқувчиларимиз яхши билишади, Ҳазратимиз ҳижратда бўлганларида ҳам, бошларига туҳмат балолари ёғилганда ҳам, у киши ҳақида бошқалар иғво тарқатганларида ҳам, қийинчилкларни бошларидан ўтказганларида ҳам бирор марта Ўзбекистонни ёмонлаб, давлат раҳбарларини, ҳатто Ҳазратимизнинг шаънига анча гапларни гапириб қўйган диний уламолар ҳақида ҳам бир оғиз гапирмаганлар ва гапирмай ўтдилар. Ана шундай кишилар, раҳбарлар ҳақида Ҳазратимиздан гап пойлаганлар эса, оз эмас эди. 

– Мана шу савол учинчи марта берилаяпти, уч масжиддаги суҳбатларимизда берилди, қаранг, учови ҳам бир дафтарнинг варақларига ёзилган, ёзуви ҳам бир хил, ҳатто хатолари ҳам айнан такрорланган, демак, бу саволни бир киши бераяпти, – дедилар Ҳазратимиз бир куни чўнтакларидан қолган икки варақни ҳам чиқариб кўрсатиб. – Савол эгаси бу фитнали саволга жавобимни жуда интиқ бўлиб кутаяпти, менимча. Жавоб берсам, дарров ёзиб олиб, уни кутиб турган акаларининг олдига югурса керак, «Мана, охири Шайхдан сизлар кутган жавобни олиб келдим», деб. Аммо бу бечора бекорга хомтаъма бўлмасин, ниятига етолмайди, мен бунақа саволларга жавоб бермайман. Мен майда-чуйда нарсаларга вақт сарфламайман. Қолганлар ҳам билиб қўйсин, олимларга бўлмағур саволларни бериш, уларнинг вақтларини ўғирлашдир. Бу ҳам гуноҳ. Кўпчилик китоб ўқимайди. Сайтларимизга киришга ҳам эринишади, оддий саволларни ҳам «Шайх келганда сўраб оламан», деб юришади. Бу билан «Ана, мен ҳам Шайхга савол бердим», деб юриш учун савол берадиганлар ҳам бор, энг ёмони, ўзи билиб турган нарсани сўрайдиганлар ҳам бор. Улар «Кўрдиларингми, Шайхларингини ўйлантириб қўйдим», «Кўрдиларингми, Шайхларингни мот қилдим» ёки «Биз ана шунақа нарсаларни ҳам биламиз-да», деб қўйиш учунгина беришади. Бундайлар турли даврларда ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. 

Қадр кечаси бўлган воқеа эсимдан чиқмайди. Ҳазратимиз Имом Аъзам номли масжидга келдилар. Келганларида Анвар қори ака фарзни бошлаётган эдилар ва Ҳазратни кўрмай қолдилар. Фарз ўқилди, суннат ўқилди, тўрт ракаат таровеҳ ўқилди. Ҳазрат маъруза қилдилар. Савол-жавоб бошланди. Фитнали савол бу гал ҳам пайдо бўлди:

– Бир масжид имоми ўзидан олимроқ киши жамоатга келганини кўрса-ю, унга беписандлик қилиб, ўзи имомликка ўтса, бунинг ҳукми нима бўлади? Шу иши дуруст бўладими?

«Уҳ», деб юбордим. Ҳамма билиб турибди, савол оғир. Анвар қори ака назарда тутилаётганини ҳам ҳамма билиб турибди. Анвар қори ака ҳам ноқулай аҳволга тушдилар. Аммо устознинг меҳрибонлиги ана шунақа вазиятда билинар экан, Ҳазратимиз ноқулай вазиятдан донолик билан чиқиб, Анвар қори аканинг ҳам тўкилиши кутилаётган обрўларини кўтариб қўйдилар:

– Анвар қори катта олим, илмига амал қиладиган олим, улар сизлар билган нарсани сизлардан яхшироқ биладилар, – дедилар Ҳазратимиз. – Билмасаларинг билиб олинглар, фарз намозини ўқиб беришга ҳам, масжидда маъруза ўқишга ҳам, Жума хутбасини ўқишга ҳам фақат масжид имоми ҳақли. Мана бугунгидек, фарзлар адо қилингач, келган меҳмонга лутф кўрсатилиб, «Жамоатнинг ҳақига дуо қилиб қўйинг ёки икки оғиз суҳбат қилиб беринг», деса фазилати. Аммо навбат бермаса ҳам уни маломат қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Чунки бу қавмнинг пешвоси имом. Қавмнинг увол-савоби имомнинг гарданида, келган меҳмоннинг эмас. 

Тоҳир Малик Ҳазратимиздан кўп нарса ўргандилар, охирги ёзганлари асосан, панд-насиҳатлардан иборат маърифий асарлар бўлди ва бу асарларда Ҳазратимизнинг таъсирлари яққол билиниб турди. Тоҳир Малик бу асраларининг жуда кўп ўринларида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратимизнинг ёзганларидан иқтибослар келтирдилар. Қуръон оятларидан мисол келтирсалар, албатта, Ҳазратимизнинг «Тафсири Ҳилол» китобларидаги шарҳлардан фойдаландилар.

Албатта, ҳазратимиз ҳам устозимиз Тоҳир Маликни доимо эҳтиром қилдилар, устозимиз дард чекиб ётганларида кўп бора келиб, зиёрат қилдилар, ҳақларига шифо сўраб, дуо қилдилар. Уйларига тез-тез келиб турар эдилар. Устознинг ёзилаётган асарлари юзасидан суҳбат қурар эдилар. «Ҳилол-нашр» нашриётида бўладиган анжуманлар Тоҳир Маликсиз ўтмас, Ҳазратимиз у ерда муҳокама қилинадиган масалалар хусусида устозимизнинг фикрларини, албатта, сўрар ва инобатга олар эдилар. Иккалаларининг ўртасидаги устоз-шогирдлик, ҳамфирклик, маслакдошлик ва ижодий ҳамкорлик катта самара берди-ки, бу халқимизга ҳар икки улуғ зотдан қолган бебаҳо меросда ўз аксини топди. Афсус, ажал бу ижодий «тандем» узоқ давом этишига йўл бермади…

Бугун бу икки улуғ устозим, бир-бирларига меҳрибон бўлган икки дўст, халқнинг икки дилбанди бир-бирига қўшни бўлиб ётибдилар. Аллоҳим уларни жаннатда ҳам қўшни қилиб қўйсин ва бизларни жаннатда ҳам бу зотларнинг суҳбатларидан баҳраманд қилсин!

Бугун Ҳазратнинг таваллуд кунлари. У кишини хотирлаб ёзганларимни маҳзун сатрлар билан тугатишни истамадим. Ҳазратимиз андижонлик эмасмилар, жойи келса, ҳазилни ҳам боплар эдилар. 

Ғалатироқ саволларга ғалати бўлмаган жавоблар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратга анжуманларда берилган  саволлар орасида илм ўрганиш, билмаганнни сўраб ўрганиш мақсадидаги саволлардан ташқари «Мен ҳам бир савол бериб қўяй» деган мақсадда, айримларнинг шунчаки, ўзларининг борлигини билдириб қўйиш учун ҳам берадиган саволлари бўлиб турарди. Бунақа саволлар, айниқса, катта анжуманларда, истаган одам ўрнидан туриб, Ҳазратимизга савол бериши мумкин бўлган издиҳомларда бериларди. Келинг, сизни ғалати бўлиб туюладиган, аммо ростдан ҳам турли анжуманларда берилган саволлар ва уларга Ҳазратимизнинг ғалати бўлмаган жавобларидан айримлари билан таништирай:

‒ Ҳазрат, баҳорда лайлак пастлаб учса, нима бўлади?

‒ Лайлак пастлаб учган бўлади.

‒ Ҳазрат, Қуръонда сумалак ҳақида нима дейилган?

‒ Қуръон пазандачилик китоби эмас, у инсониятни тўғри йўлга бошловчи китоб.

‒ Шайх ҳазрат, анжирни ёқса бўладими?

‒ Бўлади, яхши ёнади.

‒ «NIKE» кроссовкасини кийсам бўладими?

‒ Размери тўғри келса, бўлади.

‒ Ҳазрат, Туркиядаги мадрасаларда таълим олиб келсак, кейин муаммо бўлмайдими?

‒ Бўлади.

– Ҳазрат, Чечинистондан келтирилган коса ҳақида нима дея оласиз?

‒ Коса келтирилди, дея оламан.

‒ Ҳазрат, нима учун бизнинг мазҳаб номи ҳанафий дейилади?

‒ Мазҳаббошимизнинг исмлари Абу Ҳанифа бўлгани учун.

‒ Нега Рим папаси мусулмонлардан узр сўрамади?

‒ Буни унинг ўзидан сўраш керак.

‒ Тарвуз сотиб олганда уни чақмоқлатиб олса бўладими?

‒ Бўлади, фақат эҳтиёт бўлмасангиз, уйга олиб боргунингизча тарвузнинг суви оқиб кетади.

‒ Акаси синглисини ҳижобдан чиқарди, нима бўлади?

‒ Синглиси беҳижоб бўлади. Акаси шу иши учун гуноҳкор бўлади.

‒ Пиво ишлаб чиқариладиган заводда ишлайман, нима қилай?

‒ Бошқа иш қилинг.

‒ Ароқ сотиладиган дўконда ишлайман, шу ишим яхшими?

‒ Яхши эмас, бошқа, ҳалол нарса сотинг.

Одамлар Ҳазратимизнинг табассумларини кўришган. Кўпи билан мийиғларида кулганларини ҳам кўришган. Мен устознинг қаҳқаҳ уриб, силкиниб-силкиниб кулганларини ҳам кўрганманки, бу гумбурлаган кулгудан хона деразалари зириллаб кетган.

Устозларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин, улардан гўзал хотиралар қолди…

Каримберди Тўрамурод

КАЛИТ СЎЗ: Устоз

Қўшимча мутолаа учун тавсия

Қадр кечаси фазилати
Рўза тутиш яхшироқ
Беморликка бериладиган ажрлар

ИЗЛАШ

РУКНЛАР

  • Хабар
  • Мақола
  • Мутолаа
    • Тавсиялар
    • Биласизми?
    • Хутба
  • Жумуъа мавъизалари
  • Илм
    • Қуръон
    • Китоб
    • Юртимиз уламолари
  • Адабиёт
    • Абадий ёд эру асли Адабиётинг
    • Ўзбек зиёлилари
    • Ватан
    • Қасида
    • Шеър

Янги мақолалар

  • Қўқон шаҳар масжидларида 2021 йил Рамазон ойи хатми Қуръонга ўтувчи қорилар рўйхати

  • Индонезияда «Имом ал-Бухорий» масжиди очилди

  • 2021 (ҳижрий 1442) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори белгиланди

  • РАМАЗОН ОЙИ ФАЗИЛАТЛАРИ

  • ТАБАССУМ ҚИЛИБ ҚЎЙИНГ

КАЛИТ СЎЗ

2018 2019 Дин Ислом динининг моҳияти Кибр Меъёр Мохи рамазон Неъмат Омонат Рост Сийрат Соф ислом Устоз Хатмона амаллар ватан гап дуо ибодат илм ислоҳ китоб кўришиш мазхаб махаббат мехр муаллим намоз огоҳ бўлинг одоб она ота падар ризқ рўза сабр соғинч тарих таровиҳ фурқон хайит хизмат шифо шукр қуръон

БЎЛИМЛАР

  • Бош саҳифа
  • ИСЛОМ ДИНИ
  • ИЛОВАЛАР

МУТОАЛАА

  • Хабарлар
  • Мақолалар
  • Тавсиялар
  • Жумуъа мавъизалари
  • ИМОМЛАР ИЖОДИДАН
  • Биласизми?

АЛОҚА

  • Қўқон шахар, Янги хаёт 49
  • Fax: 5416052
  • maktub@xutba.uz
  • xutba.uz

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР

  • Telegram
  • YouTube
  • Instagram
  • Twitter
  • Facebook
  • Messenger
XUTBA.UZ

© 2017-2021 Xutba.uz | Барча хуқуқлар химояланган.
Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
ЎзМАА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1264

Юқори