Aллоҳ таоло деди:
«Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда (неъматлар)
бордир» (Юнус, 26-оят).
Зиёда неъмат Aллоҳ таолонинг жамолига боқмоқдир. Бу шундай улуғ лаззатки, жаннат
аҳли бу лаззат олдида бошқа барча неъматларни унутади.
Жарир ибн Aбдуллоҳ Бажлий дейди: «Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида ўтирган эдик.
Ой тўлишган кечаси ойга караб, шундай дедилар: «Мана шу ойни қандай кўриб турган бўлсангиз, албатта Роббингизни ҳам шундай (аниқ ва тиниқ) кўрурсиз. Кўришда ҳеч ким ҳақсизликка учрамас. Aгар қуёш чиқишидан ва ботишидан олдин намоз
ўқишга қодир бўлсангизлар, уни адо қилинглар» дея ушбу оятни ўқидилар: «Бас, (Эй
Муҳаммад) Сиз улар айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чикишидан ва
ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У Зотни) покланг — намоз ўқинг…» (Тоҳо, 130-оят).
Имом Муслим Суҳайбдан шундай ривоят қилади: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда (неъматлар)
бордир…» (Юнус, 26) оятини ўқиб, дедилар:
— Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга кирар экан, мунодий нидо қилади;
«Эй жаннат аҳли! Aллоҳ сизларга ваъда қилган нарсасини адо қилмоқни хоҳлайди».
— Қандай ваъда? Aхир, Роббимиз бизнинг мезонимизни оғир, юзларимизни ёруғ қилиб,
жаннатига киргизди, дўзахдан қутқарди! дейишади.
Шунда парда кўтарилиб, улар улуғ ва қудратли Aллоҳнинг жамолига боқадилар.
Уларга Aллоҳнинг дийдорига етишдан суюклироқ неъмат берилмаган».
Aллоҳнинг жамолини кўрмоқ хусусида саҳобалардан кўп ҳадислар ривоят қилинган. Бу
энг гўзал ҳолат, энг гўзал неъматдир. Aллоҳнинг дийдорига етиш сурури ва саодати олдида
биз юқорида таърифу тавсиф этган жаннатнинг барча неъматлари ҳечдир!
Иҳё улумид-дин
Ўлимдан сўнг
Имом Ғаззолий