РАСУЛУЛЛОҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ АЪРОБИЙГА ҲАДЯЛАРИ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийнинг (саҳройи кишининг) ёнидан ўтаётиб, унинг намоздан сўнг пичирлаб шундай мазмунда дуо қилаётганини эшитиб қолдилар:
“Эй кўзлар кўрмайдиган, ақллар идрок қилолмайдиган, васфчилар етказиб васф эта олмайдиган, ҳеч бир воқеа-ҳодиса ўзгартира билмайдиган, офатлардан қўрқмайдиган, тоғларнинг оғирликларини, денгиз сувларининг ўлчовини, ёмғир томчиларию дарахт япроқларининг сон-саноғини, кеча ва кундуздаги нарсалар ҳисобини билувчи Зот! Осмон юксаклигию Ернинг туби ҳам, денгиз тагию тоғнинг қаъри ҳам – ҳеч бир нарса Сендан пинҳон эмас. Умримнинг поёнини унинг энг яхшиси, ишларимнинг охирини уларнинг энг яхшиси қилгин ва Сенга йўлиқажак куним ҳам кунларимнинг энг яхшиси бўлсин!”
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларидан бирига ўша одам ёнида қолиб, ибодатини тугатгач уни ҳузурларига олиб боришни топширдилар. Кўп ўтмай аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳозир бўлди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ҳадя қилинган бир қанча олтинларни унга бердилар ва сўрадилар:
– Эй аъробий, қаерликсан?
– Мен Бани Омир ибн Сасаъ қабиласиданман, эй Аллоҳнинг Расули.
– Бу олтинларни сенга нима учун берганимни биласанми?
– Эй Аллоҳнинг Расули, орамиздаги биродарлик ришталари янада мустаҳкамланиши учун бергандирсиз?
– Шубҳасиз, биродарлик ҳаққи буюк. Аммо мен бу олтинларни Аллоҳ таолога гўзал дуо қилганинг учун бердим, дея марҳамат қилдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам”.
ЧЎПОН ВА ҲАЗРАТИ МУСО
Ҳазрати Мусо йўлда бир чўпонга дуч келдилар. Чўпон овозини хиёл кўтариб бундай деяётган экан: «Эй карам соҳиби Парвардигорим, қаердасан? Сенга қул бўлай, қурбон бўлай, чориғингни тикай, сочингни тарай, кийимингни ювай… Эй буюк Парвардигорим, сенга янги соғилган сут тортиқ қилай, ҳамма эчкила- рим Сенга қурбон бўлсин!»
– Ким билан гаплашяпсан?
– Еру кўкни яратган Аллоҳ билан! – деб жавоб берди чўпон.
Мусо алайҳиссалом чўпонга танбеҳ бердилар:
– Бу гапларинг нотўғри, ахир Аллоҳ инсон эмас- ку, У билан бундай тарзда гаплашсанг!…
Танбеҳдан чўпоннинг кўзи қоронғи бўлиб кетди, нима қиларини билмай, оҳ урганича бошини олиб чўлларга чиқиб кетди.
Иттифоқо, бир муддатдан сўнг ҳазрати Мусога Аллоҳ таолодан шундай хитоб келди: «Эй Мусо, сенинг вазифанг инсонларни Биздан узоқлаштиришми ёки Бизга яқинлаштиришми? Нега у самимий бандамизни Биздан айирдинг? Биз сўзга, тилга боқмаймиз, кўнгилга, ҳолга қараймиз».
Ҳазрати Мусо чўлга бориб, чўпонни излаб топдилар ва унга хушхабарни етказдилар ва Парвардигорига хоҳлаганича хитоб қилиши мумкинлигини ҳам маълум қилдилар.
Ҳилол журналидан





