Муҳтарам азизлар!
Маълумки, Аҳли сунна вал жамоа тўртта фиқҳий мазҳабдан иборат бўлиб, улар – Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир.
Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг деярли ярми айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қиладилар.
Ҳанафий мазҳаби асосан Марказий Осиё, Покистон, Эрон, Туркия, Афғонистон, Ҳиндистон, Россия мусулмонлари ўртасида, Араб мамлакатларидан Ироқ, Миср, Сурия, Ливия каби юртларда кенг тарқалган.
Ушбу мазҳаб асосчиси Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг асли исмлари – Абу Ҳанифа Ан-Нўъмон ибн Собит ал-Форсий бўлиб, 80-ҳижрий йилда Куфада туғилганлар.
У зот Қуръони каримни Имом Осим қироати бўйича ёд олган, ҳадис илмидан дарс олган, наҳв, адабиётдан етарли даражада таҳсил олган. Шунингдек, калом илми ва дин асосларини пўхта ўрганган. Сўнгра, фиқҳ илми билан шуғулланганлар. Фиқҳ илмини танлагани ҳақида у зотнинг ўзи шундай деган эди: “Ҳар қачон фиқҳ билан машғул бўлганимда қалбимда унинг улуғлиги янада ортиб бораверади… Билдимки, фарзларни адо этиш, динни қоим қилиш ва ибодатни мукаммал бўлиши фақат фиқҳни билиш билан тўғри бўлади. Дунё ва охират талаби ҳам айнан фиқҳни билишдадир”.
Бу улуғ зот тобеинларни қаерда ва қачон илм олганларини ўрганар, хусусан фиқҳ ва ижтиҳодда алоҳида ўрин тутган саҳобалар билан алоқада бўлган тобеинларга эргашар эди. Бу хусусда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари шундай деганлар: “Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Ибн Аббоснинг фиқҳини уларнинг шогирдларидан таълим олганман”.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қирқ ёшида Кўфа масжидида шайхи Ҳаммод ўтирган жойга ўтириб, шогирдлари билан янги фатволар ва турли масалалар устида илм мажлисларини қурдилар. Ўхшаш мисолларни бир-бирига кучли мантиқ ва ўта закий ақл билан қиёслар эдилар ва шу тариқа ҳанафий мазҳабининг фиқҳий усулига асос солдилар.
Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзларига хос ижтиҳод йўлларини қуйидагича таърифлайдилар: “Мен ҳукмларни Қуръондан оламан. Агар Қуръондан топа олмасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан оламан. Агар Қуръондан ҳам, Расулуллоҳнинг суннатларидан ҳам топа олмасам, саҳобалардан хоҳлаганимнинг фатвосини оламан. Кейин уларнинг сўзларидан чиқмайман. Аммо, тобеинлардан Иброҳим ан-Нахаъий, Шаъбий, Ҳасан, Ибн Сирийн, Саид ибн Мусаййибларга келсак, менинг ҳам уларга ўхшаб ижтиҳод қилишга ҳаққим бор”.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ биринчи бўлиб тақдирий (фаразий) масалаларда фатво беришни йўлга қўйдилар. Ҳали рўй бермаган масалаларнинг ечимини олдиндан айтиб ўтганлар. Натижада фиқҳ илмининг соҳаси янада кенгайди. Бу ҳақда Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: “Фиқҳ бобида барча Абу Ҳанифага қарамдир”, – деганлар.
Муҳтарам жамоат! Имоми Аъзам мазҳаби ўзининг мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун-моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида, турли ҳуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, баъзида юзага келадиган ҳар хил зиддиятларни бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмоқда.
Уламоларимиз: “Ижтиҳод даражасига етмаган кишилар муайян бир мазҳабни ушлаши лозим”, – дейдилар. Шунингдек бошқа мазҳабларга ва уларга эргашганларга ҳурмат билан қараши лозим.
Бир ишда бир мазҳабга , иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар “талфиқ” дейишади. “Талфиқ” эса, ҳаромдир. Динда адашмаслик учун, маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим.
Абдулҳай Лакнавий “Мажмуатул фатово” китобида: “Ҳиндистон, Мовароуннаҳр шаҳарларида шофеъийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби йўқ ва ушбу мазҳаб китоблари ҳам топилмайди. Шунинг учун бу шаҳарларда яшовчи билимсиз (мужтаҳид бўлмаган) инсонга Абу Ҳанифа мазҳабига тақлид қилиши вожиб бўлади. Унга ўз мазҳабидан чиқиши мумкин бўлмайди. Ҳарамайнда яшаган кишига бундай эмас. Чунки у ерда жами мазҳабларни топиш имконияти бор”, – деганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, улуғ мужтаҳидларимизга ҳурмат бажо келтириш ва уларнинг йўлини тутиш динимиз равнақи, юрт тинчлиги учун қўшилган улкан ҳиссадир. Аллоҳ таоло ўзаро бирдамлигимизни зиёда қилсин, бизни тўғри йўлида давомий қилсин! Омин.