“Никоҳ” сўзи луғатда “қўшиш”, “яқинлик”, “боғланиш” маъноларини англатади. Никоҳдан асосий мақсад – зурриёт қолдириш ва ҳаромдан сақланиш, асосий шартлардан бири келинга куёв томонидан маълум бир ҳадя – маҳр берилишидир.
Никоҳсиз қўшилиш зино ҳисобланади.
Ислом динида никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатлари билан гувоҳлар ҳузурида боғланадиган муқаддас ришта. Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида бандаларига қарата шундай хитоб қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.
Никоҳнинг учта асосий шарти бор:
1. “Ийжоб ва қабул”, яъни бирининг оғзаки таклифи ва иккинчи томоннинг бу таклифни қабул қилиши. Ийжоб ва қабул очиқ сўзлар билан изҳор қилиниши керак. Яъни: куёв “Жуфту ҳалолликка қабул қилдим”, келин эса “Жуфту ҳалолликка бағишладим”, дейди.
2. Никоҳ чоғида камида икки эркак гувоҳнинг ҳозир бўлиши шарт, гувоҳларсиз қилинган никоҳ ҳисобга ўтмайди.
3. Маҳр белгиланиши, яъни эр томонидан хотинга бериладиган совғанинг миқдори ёки нималиги аниқлаб олиниши керак. Минг афсуски, ҳозирги пайтда айрим инсон-лар никоҳнинг асоси бўлган мана шу учта шартни унутиб қўймоқдалар. Никоҳда қандай инсонлар гувоҳ бўлиши, уларнинг шарти ҳақида ҳам озроқ ўйлаб олсак, гувоҳлиги қабул бўлиши учун улар адолатли инсонлар бўлиши шарт қилинган. Гувоҳликка келаёт- ган ёшларимиз шу масъулиятни тўлиқ биладими? Ёки улар фақат имзо чекиш учун келмоқдами? Шу боис куёв жўра билан бирга ёши катта ва куёвга яқин қариндошлардан ва камида икки киши бўлиши янада яхши бўлар эди. Шу билан бирга, келин томонидан ҳам 18, 19 ёшли қизлар билан бирга кўпни кўрган ёши катта онахонлар гувоҳ сифатида бирга иштирок этиши мақсадга мувофиқдир.
Маҳр масаласида ҳам нафақат ёшлар, балки ёши катталарнинг ҳам тўлиқ тушунчага эга эмаслиги, афсуски, ҳақиқат. Маҳр ҳақида илмга эга куёвларимиз ҳам шу борада озгина хасислик қилаётгани билиниб қолади. Гоҳида никоҳдан кейин бериш шарти билан никоҳлари ўқилгандан кейин ҳам маҳрни бермай, унинг ўрнига ҳар куни маст ҳолда келиб хотинини талоқ қилаётган, эртасига бу ишига пушаймон бўлиб, илмли инсонларнинг олдига фатво сўраб келаётган ёшларнинг кўпайиб кетаётгани ачинарли ҳолдир.
Никоҳнинг юқорида келтирилган шартлари қолиб, биринчи қиладиган ишимиз қуда тарафнинг бойлиги ва мансаби ҳақида ўйлайдиган, совчиликда шариат қонунлари ва ҳукмлари бир ёқда қолиб, тоғорачи айрим аёлларнинг ҳар хил урф-одатлари ва исрофгарчиликлари, тўйни номдор тўйхонада қилиш, машҳур санъаткорларни тўйга чақириш, қиммат таклифномалар ёздириш ва қанча-қанча исрофлардан иборат тўйларимиз кўпайиб кетмоқда. Лекин никоҳ нима, унинг асосий учта шарти тўлиқ бажарилдими, маҳр берилдими каби масалалар эътибордан четда қолиб, ўша пулнинг 10–15 баравари тасвирга, суратга олиш ва бошқа замонавий урфларга сарфланмоқда. Минг афсуски, шунча исрофгарчилик ва хўжакўрсин ила ўтган зиёфат ва тўйларимиз икки ёшнинг бахтли оила қуришига кафолат бўлмай қолмоқда.