Устозимиз Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳдан ақийда китобларидан бирини дарс қилиб беришларини илтимос қилдим. Шунда, у киши ўта камтарлик ила қайси китобни кўришимизни таклиф қиласиз, дедилар. Сиз қайси китобни десангиз ўша китобни дедим. Унда бир ўйлаб кўриб сизга китоблар номини ташлайман дедилар. Кейин Қўқонга бориб бир неча ақийда борасидаги китобларни ташладилар. Бир китоб танланди. Шогирднинг китоб кўриш одати шуки, устоз олдиларида китобни кўришдан олдин ўзи мустақил кўриб олади. Буни мутолаа қилиш дейилади. Мен у китобни анча қисмини мустақил мутолаа қилиб чиқдим. Охирги телефон суҳбатимизда менга ўша китобни таржима қилсак бўлармикин, нима дейсиз дедилар. Ҳа, албатта, тақсирим, бир икки ишкол жойи бор, шунга Қўқонга борсам, сизга маъқул кунни айтсангиз, иншааллоҳ, ўша кун етиб бораман, дедим. Тақсиримнинг менга айтган сўнг сўзлари, сиз овора бўлманг, келаси ҳафта Тошкентга боришим керак. Ўшанда иншааллоҳ кўриб оламиз, дедилар. Мен тақсиримнинг келишларини муштоқлик ила кута бошладим. Афсуски, энди, дийдор охиратга қолди…..Аллоҳим устозимизнинг охиратдаги даражаларини юксалтирсин. Барчамизга сабру жамийл ато қилсин.
АмийнАбдулқайюм Комил





