ИМОМ АЛ-БУХОРИЙ
(810 — 870)
Имом ал-Бухорийнинг исми Муҳаммад, куняси Абу Абдуллоҳ, лақаби баъзан имом ал-муҳаддисийн (муҳаддисларнинг имоми, пешвоси), баъзан амир ул-муъминийн фил-ҳадис (ҳадис илмининг амири, султони) ва насаби Муҳаммад ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардазбеҳ ибн Базазбеҳдир. Сўнгги икки исми ибн Бардазбеҳ ибн Базазбеҳдан кўриниб турибдики, имом ал-Бухорийнинг асл насаби ажамларга бориб тақалади. Бу фикр талай адабиётларда қайд қилинган бўлиб, кўпчилик муҳаддисларнинг таъкидлашларича, «Бардазбеҳ» сўзи арабча «зориъ» (зироат, деҳқончилик билан шуғулланувчи киши) маъносини билдиради.
Имом ал-Бухорийнинг отаси Исмоил, унинг куняси Абул-Ҳасан бўлиб, ўз даврининг етук муҳаддисларидан саналиб, имом Моликнинг шогирд ва асҳобларидан бири бўлиб, тижорат ишлари билан ҳам шуғулланган. Афсуски ҳозирча унинг қаламига мансуб бирор асар ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз. Бироқ уни Ҳамад ибн Зайд, имом Молик, Абу Муовия каби ўз даврининг йирик муҳаддисларидан ҳадислар ривоят қилгани, Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг суҳбатида бўлиб, ундан таълим олгани ҳақидаги хабарлар манбаларда келтирилади. Унинг шогирдларидан ироқлик бир қанча олимлар Аҳмад ибн Ҳафс, Наср ибн Ҳусайн ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Имом ал-Бухорий «ат-Та‘рих ал-кабир» («Катта та’рих») асарида отасининг таржимаи ҳоли ҳақида талай маълумотлар келтиради. Тарихчи ал-Ҳофиз ибн Ҳиббон ўзининг «Китоб ас-сиққот» («Буюк инсонлар ҳақида китоб») номли асарида Исмоил ибн Иброҳим яъни ал-Бухорийнинг отаси, Ҳамад ибн Зайд ва Моликдан ҳадислар ривоят қилган, ундан эса ироқлик олимар ҳадислар нақл қилганлар»,-деб таъкидлайди.
Манбаларда зикр қилинишича, аллома Исмоил ўта тақводор, художўй, ҳалол бир инсон бўлган. Тарихчи Аҳийд ибн Ҳафаснинг ёзганлари бу фикримизга ёрқин далилдир. «Абу Абдуллоҳ (имом ал-Бухорийнинг отаси) бандаликни бажо келтираётган чоғида уни зиёрат қилганимда менга у: «бор молу-дунёмдан на ҳаром йўл билан, на шубҳали, нопок йўл билан топилган бир дирҳамни ҳам билмайман, деб илтижо қилганида менинг нафасим бўғилиб, бутун вужудим унинг улуғворлигидан ҳеч нарсадай туюлди»,- деб ёзади.
Шунингдек имом ал-Бухорийнинг отасига хос бўлган яна бирқанча асл инсоний фазилатлар ва унинг алоҳида хусусиятлари зикр этилиб, бундай фазилатлар ўша даврдаги камдан-кам кишиларда учрагани ҳақида ҳам қайд қилинади.
Имом ал-Бухорийнинг онаси ҳам тақводор, диёнатли ва ҳар хил кароматлар соҳибаси, ғоятда оқила, фозила аёл бўлган. У эл орасида Оллоҳ таолога илтижо этиб, доимо дуолар ўқиб юрадиган покиза аёл сифатида танилган эди. Маълумки, имом ал-Бухорий ёшлигида кўзи жароҳатланиб кўриш қобилияти сусайган бўлиб, ҳар қанча уринмасин ҳам табиблар уни даволай олмагандилар. Кунлардан бир куни ал-Бухорийнинг онаси тушида Иброҳим алайҳиссаломни кўрганда у зоти шариф бу мушфиқа онага қараб: «Эй волида! Сенинг дуоларингнинг бардавомлигидан Оллоҳ таоло ўғлингга тўлиқ кўриш қобилиятини қайтарди», — деб хитоб қилганлар. Кейин у «Уйқумдан уйғонсам ўғлим Муҳаммаднинг кўз нури тўлиқ қайтиб тузалиб кетибди»,-деган ривоят мавжуддир. Абу Али ал-Ғассоний деган олим «Муҳаммад ибн Исмоилнинг ёшлигида кўзи ожиз бўлиб қолган. Унинг онаси тақводор аёл бўлиб тушида Иброҳим Халилуллоҳни кўрганда, у: Кўп дуолар қилиб йиғлаганингдан Оллоҳ таборако ва таоло ўғлингнинг кўзини қайтарди»,-деган. Она: «Эрталаб уйғонсам, Оллоҳ ўғлимга кўриш қобилиятини қайтарганини кўрдим»,-деган. У ҳам юқоридаги фикрни айнан қайтаради.
Имом ал-Бухорий азалдан илм фан ва маданият равнақида машҳур бўлган Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Кўплаб муарриҳларнинг гувоҳлик беришларича, Бухоро азалдан Мовароуннаҳрнинг энг қадимий ва гўзал шаҳарларидан бири бўлган.
Мана шу муҳташам шаҳар-Бухорои шарифда 194 ҳижрий сана шаввол ойининг 13 кунида салотул жумъадан кейин (810 мелодий сана 21 июл) жамийъ муҳаддисларнинг имоми, ҳадис илмининг султони (амирул мўмъинийн фил ҳадис), саййидул фуқаҳо каби улуғ лақабларга муяссар бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларига дурдонасимон сайқал бериб, уларни абадул-абад барҳаёт қилган улуғ зот — имом ал-Бухорий дунёга келган. Буюк шоир ва мутафаккир Абдурраҳмон Жомий буюк муҳаддиснинг илмий салоҳиятига юксак баҳо бериб, Батха (Макка) ва Ясриб (Мадина)да ясалган танганинг сайқали Бухорода камолига етди»-деб ёзган эди. Ўрта асрларда туғилган олимлар таваллуд этган ойлар, кунлар тугул манбаларда хатто кўпинча йилларида ҳам аниқ бир сана бўлмай, хилма-хил йиллар кўрсатилган ҳоллари кўп учрайди. Имом ал-Бухорийнинг туғилган вақти (куни, ойи, йили)нинг аниқ келтирилишининг боиси шундаки, унинг ўзини ёзишича, у туғилган вақт ҳақида отаси қўли билан ёзиб қўйган варақ, унга замондош олимларга етиб келган.
Имом ал-Бухорий ёшлигидаёқ отаси вафот этиб, унинг тарбияси фақат волидаси зиммасида бўлган. Бирмунча улғайиб ақли расо бўлгач, унинг қалбида исломий илмларга, айниқса, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини ўрганишга ва ёдлашга мойиллик тобора кучая бориб, у даставвал Ибн ал-Муборак ва Вакийънинг ҳадисларга оид асарларини ёд олади.
Имом ал-Бухорийнинг котиби, унинг асосий таснифи «Саҳиҳ» асари ровийларидан бири Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотам ал-Варроқ шундай деб ёзади, «Ал-Бухорийнинг: «Ҳадисларни ёд олиш илҳоми менга бошланғич мактабда ўқиётганимда келган эди»-деб айтганини эшитганимда, «Ўшанда неча ёшда эдингиз»?-деб сўрадим, у «Ўн ёшда балким ундан ҳам кичик эдим»,-деб жавоб берганди. Бу мисолдан кўриниб турибдики, имом ал-Бухорий жуда ёшлигидан бошлаб ҳадисларни ёд олиб, бу илмга алоҳида завқ-шавқ ва қизиқиш билан қараган.
Имом ал-Бухорийнинг устозлари ҳақида гапирадиган бўлсак, у энг аввало ўша пайтда Бухоронинг таниқли муҳаддисларидан саналган олим ад-Дохилийдан ҳадис илмидан сабоқ олган. Ҳадисларни ўрганиш бўйича ушбу олим ташкил этган тўгарак (ҳалқа)нинг шуҳрати кенг тарқалган бўлиб, унинг фаолияти ёйилиб улкан самараларга эришган. Кунлардан бир куни ад-Дохилий ўз одатича ҳадис илмидан дарс берар эди, ал-Бухорий ҳам бошқа толиби илмлар қатори дарс тинглаб ўтирган эди. Шунда ад-Дохилий бир ҳадис исноди ҳақида гапириб, Суфён Абу Зубайрдан, у Иброҳимдан», деб зикр қилди. Бунга ал-Бухорий: «Абу Зубайр ҳеч вақт Иброҳимдан ривоят қилмаган»,-деди ва бу билан у ад-Дохилийнинг бу санад хусусидаги хатодан огоҳ қилмоқни истаганди. Ўз шогирдининг овозини эшитган ад-Дохилий эса ҳайратга тушиб дағаллик билан унинг сўзини бўлди. Шунда ал-Бухорий ўта хотиржамлик билан: -«Устоз, агар ишонмасангиз асил манбага қаранг»,-деди. Ад-Дохилий манбага қараб, ал-Бухорий айтган гапнинг тўғрилигини эътироф қилиб тан олди-ю, лекин ўша ҳадис санадини тузатишни пайсалга солди. Инсоф юзасидан ёки уни синаб кўриш учунми хуллас, санадни тузатиш масаласини ал-Бухорийнинг ўзига ташлади. Ташқарига чиқишгач, ал-Бухорийдан:
-«Э, бола, бу ёғи энди қандоқ бўлади»?-деб сўради.
Ал-Бухорий эса ҳеч бир ўйламасдан жавоб қилди:
-«Зубайр ибн Адий Иброҳимдан ривоят қилган». Шундан кейин у (ад-Дохилий) қалам олиб ёзганини тузатди ва сен ҳақсан, — деди. Ал-Бухорийнинг айтишича, бу вақтда у атиги ўн бир ёшда бўлган». Манбаларда келтирилишича, ал-Бухорийга ўн ёшидан бошлаб ҳадисларни ёд олиш илҳоми насиб этиб, ёши улғайган сари бу рағбати тобора кучайиб зиёда бўлиб борган, у нафақат ҳадисларни шунчаки ёд олиш, балки унда ёшлигидан бошлаб ҳадисларни саҳиҳ (тўғри, ишончли) ва ғайри саҳиҳларга (хато, нотўғри) ажратиш, уларнинг иллатларини аниқлаш, ҳадис ровийларини ўрганиб таҳқиқ қилиш, улар ривоятининг адолатлилиги, тўғрилиги, ишончли ёки ишончсизлиги, ровийларнинг маиший ҳаётлари, яшаш жойлари, туғилган ва вафот этган саналари, бир-бирлари билан ўзаро қилган мулоқотлари, турли ровийлар келтирган ҳадисларни бир-бирига солиштириб муқояса қилиш, уларнинг бир-бирлари билан ўзаро боғлиқлиги ва бир-бирига боғлиқ бўлмай узилишлар бор ҳолатлари, ҳадис илмининг хилма-хил ва энг юқори нуқталарига етишиш, бу илмнинг турли масалаларини чуқур таҳқиқ этиш, уларни жамлаш ва Қуръони карим оятлари билан узвий боғлиқликда ўрганиш каби масалалар билан қизиқди. Агар мухтасар ҳолда хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу масалалар билан имом ал-Бухорий ёшлигидан бошлаб алоҳида иштиёқ ва меҳр билан астойдил шуғулланиб, бу олийжаноб ишлар унинг бутун фикри-зикрини батамом чулғаб, унинг дилида кундан-кун кучайиб тобора мустаҳкамланиб боради.
Имом ал-Бухорий ўз ватанида ва хорижий юртларда мингдан ортиқ устоз (шайх, машойиҳ) лардан ҳадис ривоят қилгани ҳақида манбаларда аниқ кўрсатилган.
Ал-Бухорийга таълим берган дастлабки устозлари ҳақида аниқ гапирадиган бўлсак, биринчи навбатда ўша даврда Бухорода кўзга кўринган муҳаддислардан Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандий, Муҳаммад ибн Юсуф ал-Пойкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Маснадий, Иброҳим ибн ал-Ашъас ва бошқаларни кўрсатиш лозим. Ҳадислар бўйича дастлабки сабоқни ал-Бухорий мана шу устозлардан олиб, ўн олти ёшга етмасдан бурун кўпдан-кўп ҳадисларни ўзлаштириб, Абдуллоҳ ибн ал-Муборакнинг китобларини ёд олди. Тез фурсатда ал-Бухорийнинг ноёб қобилияти ва зукколиги кўпчилик уламолар томонидан, шунингдек, ал-Бухорийга устозлик қилган етук муҳаддислар томонидан ҳам юксак баҳолана бошланди. Бу ҳол шу даражага етдики, ҳатто таниқли олимлар ҳам ал-Бухорийнинг ўз дарсларига ҳозир бўлишидан ташвишланиб, унинг ҳузурида бирор хато ёки камчиликка йўл қўйишларидан хавотирланадиган бўлиб қолдилар. Улар ҳатто ўз китобларидаги хатоларни тузатиш учун ал-Бухорийга мурожаат қилардилар. Манбаларда келтирилишича, ҳадислар талабида ал-Бухорий хорижий юртларга сафарга чиқишдан олдин бир воқеа содир бўлган экан. Шу ҳақда бухоролик олим Салим ибн Мужоҳид шундай ҳикоя қилади: «Бир кун дўстим Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандийнинг уйига борган эдим, у менга: «бироз олдинроқ келганингда етмиш минг ҳадисни ёд биладиган бир болакайни кўрар эдинг-да,-деди. Мен шу заҳоти орқамга қайтиб кўчага чиқдим ва ўша болани учратиб: «Етмиш минг ҳадисни ёд биламан, дейдиган бола сенмисан,-деб сўрасам, у ҳа, балким ундан ҳам ортиқроғини биламан»,-деди.
У яна: «Мен саҳобалар ва тобеъийнлардан токи уларнинг кўпларини таваллуд ва вафотлари, уларнинг масканларини аниқ билмаганимча бирорта ҳам ҳадис ривоят қилмайман. Шунингдек, саҳобалар ва тобеъийнларнинг ҳар бир ҳадисини Қуръони карим ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларига таянган ҳолда ривоят қиламан»,-деди. Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандийнинг ушбу сўзлари ҳам ал-Бухорий ёшлигидан бошлаб катта обрў-эътиборга эга бўлганлигига далилдир. Унинг «Муҳаммад ибн Исмоил қачон менинг ҳузуримга кирса, ҳар доим мен ўзимни йўқотиб қўйиб, доим ундан хавотирда тураман»-деган эътирофига, ал-Ҳофиз ибн Ҳажар «унинг (ал-Бухорийнинг) ҳузурида хато қилиб қўйишдан у қўрқар эди»,-деб бу фикрни бир қадар ойдинлаштиради. Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандийга доир бу фикр-мулоҳазалар айтилган пайтда ал-Бухорийнинг илми Бухородаги ўз устозлари илмидан ҳали ортиқ бўлмаган пайтда содир бўлган, чунончи Бухородан жўнаб кетгандан кейин имом ал-Бухорий ал-Пойкандий билан сира учрашган эмас.
Азалдан муҳаддислар орасида арабча «риҳлат» истилоҳи бирор ҳадисни билиш ёки иснодни олий даражасига етказиш мақсадида йўлга чиққан инсоннинг сафарига айтилар экан.
Имом ал-Бухорий ҳадис талабида риҳлатга ният қилган даврга назар солсак, бу пайтда ислом олами узоқ-узоқларга қанотини ёйиб, ислом дини байроғи остига ўтган элу юртларнинг кўлами жуда кенгайган эди.
Илм-фан йўлида ўта фидоийлик, бутун вужудию-ақл заковатини бахшида этиб, бор имконию-ҳимматини аямаслигу, ақл бовар қилмайдиган даражадаги қувваи ҳофизаси ва яна бир-қанча фавқулотда фазилатлари имом ал-Бухорийга мисли кўрилмаган шону-шараф келтириб, уни ислом дунёсининг энг буюк алломаларидан бири сифатида танитди. Имом ал-Бухорий ривоят қилган ҳадисларнинг ровийлари кўп ҳолларда ҳатто имом Молик ва имом Абу Ҳанифанинг устозлари (шуйух) тоифасига киради. Бу фикрни кўплаб муҳаддислар бир овоздан якдиллик билан қўллаб-қувватлаганлар.
Ўн олти ёшга етгунча имом ал-Бухорий ўз юртидаги машойихлардан ҳадис эшитиб, улардан сабоқ олади. Мана шундан кейин исломий илмларнинг маркази, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ватани, Қуръони карим нозил бўлган муқаддас диёр-Расулуллоҳ саҳобаларининг маскани, ислом динининг маркази Ҳижоз шарифга томон равона бўлди. Бу хусусда имом ал-Бухорийнинг котиби Ибн Абу Ҳотам ал-Варроқ зикр қилишича, у (ал-Бухорий) доимо шундай деяр экан: «Қачонки ўн олти ёшни урганимда (сўзма-сўз таъинту) Ибн ал-Муборак ва Вакийънинг китобларини ёд этиб, сўнгра «ана-уларни» яъни асҳоб ур-рай каломларини билиб олган эдим. Сўнгра онам ва акам Аҳмад билан ҳаж ибодатини адо этиш учун сафарга жўнадим». Ал-Варроқнинг бу ривоятидан маълум бўлаётирки, имом ал-Бухорий биринчи марта сафарга 825 йилда чиққан, ҳадис бўйича сабоқларини эса бундан беш-олти йил муқаддам ола бошлаганлиги, ўша пайтдан бошлаб билимга чанқоқлиги, ноёб қобилияти ва иқтидорли, қувваи-ҳофизасининг кучлилиги билан ўз юртидаги илм аҳлларини лол қолдириб, ҳар қандай кишини ҳам ҳайратга солгани ҳақида олдинроқ зикр қилган эдик. Ҳатто ҳарқандай илм толиби умри давомида етишаолмайдиган билимга у қисқа мудатда эришгани, оғиздан-оғизга ўтиб афсонавий ҳикоятларга ҳам сабаб бўлганди.
Мана шу 825 йили Имом ал-Бухорий онаси ва акаси Аҳмад билан Маккаи Мукаррамага етиб келиб, ҳаж ибодатини адо этгандан кейин онаси ва акасини Бухорога қайтариб юбориб, ўзи Маккада қолди ва бу муқаддас шаҳар машойихларининг илмий йиғинларига қатнаша бошлади. Ўша пайтда Маккада истиқомат қилаётган бир қанча кўзга кўринган уламолар бўлиб, улардан ҳадис илми соҳасида машҳурлардан имом Абул-Валийд ибн ал-Арзақий, Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ва аллома ал-Ҳамидийларни кўрсатиш мумкин. Шунингдек яна бир қанча таниқли олимлар бор эдики, имом ал-Бухорий улардан ҳам ҳадис илми бўйича сабоқ олган эди. Маккаи Мукаррамада бир қанча муддат яшагандан кейин имом ал-Бухорий Мадинаи Мунавварага томон йўл олади. Жумлаи жаҳондан илм толиблари (Пайғамбаримиз ҳақидаги) набавий илмларни ўрганиш учун бу мўътабар шаҳарга оқиб келардилар. Имом ал-Бухорий 827 йилда, ўнсаккиз ёшида Пайғамбар алайҳиссаломнинг равзаи мубораклари қўйилган муқаддас шаҳар Мадинаи мунавварага етиб келди. Шу пайтда Мадинаи Мунавварада кўзга кўринган машҳур уламолардан Иброҳим ибн ал-Мунзир, Мутриф ибн Абдуллоҳ, Иброҳим ибн Ҳамза, Абу Собит Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ, Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ал-Увайсий ва шуларга ўхшаш бир қанча етук олимлар фаолият кўрсатардилар. Имом ал-Бухорий ушбу уламолар билан мулоқотда бўлиб, улардан ҳадислар бўйича кўпдан-кўп сабоқ олди. Ҳижози шарифга қилган бу риҳлати асносида ойнинг ёруғ кечаларида ўзининг дастлабки асари «ат-Тарих ал-кабир» («Катта тарих»)нинг қораламасини тугатди. Қатор тарихчиларнинг таъъкидлашича, имом ал-Бухорийнинг Ҳижозга Макка, Мадина, Тоиф, Жиддага қилган бу риҳлати олти йил давом этган. Шу билан бирга бу муддат узлуксиз давом этмай, имом ал-Бухорий шу аснода бошқа мамлакатларга ҳам сафар қилганлиги қайд қилинади.
Шундан кейин ал-Бухорий Басра (Ироқ) шаҳрига қараб йўл олади. Шу пайтда Басра ҳам Шарқнинг эътиборли илмий марказларидан бири бўлиб, илм-маърифат тараққий этиб, хусусан ҳадисларни ўрганиш кенг қулоч ёйган шаҳарлардан бири ҳисобланарди. Басрада у имом Абу Осим ан-Набийл, Сафвон ибн Исо, Бадал ибн Аръара, Сулаймон ибн Ҳарб, Абул Валийд ат-Тайолисий, Аърим ва Муҳаммад ибн Синон каби уламолардан сабоқ олиб, ўз билимини оширди. Шу аснода ҳаммаси бўлиб имом ал-Бухорий Басрага тўрт марта бориб келди. Унинг ўзи доимо «Басрага тўрт марта риҳлат қилганман»,-деб таъкидларди. Шундан сўнгра у Куфага сафар қилди ва бу шаҳарда ҳам бир неча бор бўлди. Шунингдек риҳлати давомида Бағдодни ҳам бир неча марта зиёрат қилади. Имом ал-Бухорийнинг Куфа ва Бағдодга қилган сафарлари хусусида котиби ал-Варроқ унинг қуйидаги сўзларини келтиради. «Куфа ва Бағдодга муҳаддислар билан учрашишга неча марта борганимнинг ҳисобини ҳам билмайман». Тарихчи олим ан-Нававий ўзининг «Таҳзийб ул-асмои вал-луғати» номли китобида имом ал-Бухорийнинг Куфадаги устоз (шуйух)ларидан қуйидагиларни зикр қилган: «Абдуллоҳ ибн Мусо, Абу Наъийм Аҳмад ибн Яқуб Исмоил ибн Абон, ал-Ҳасан ибн Рабийъ, Холид ибн Мухаллад, Саъийд ибн Хафас, Талақ ибн Ғунам, Умар ибн Хафас Урва ва Қабийса ибн Аъқба, Абу Ғассон каби Куфанинг таниқли олимлари-устозларининг ривоятлари ишончли ва исботли эканлигига ишонч ҳосил қилгач, имом ал-Бухорий улардан ҳадислар ёзиб олган ва уларга таяниб ривоят қилган» Аббосийлар халифатининг пойтахтти бўлган Бағдодда ўша пайтда илм-фан анча тараққий қилган бўлиб, дунёнинг турли томонларидан келган кўплаб фозилу олимлар шаҳарда тўпланган эдилар. Шу боисдан бўлса керак имом ал-Бухорий ҳам юқорида айтиб ўтганимиздек Бағдодда бир неча марта бўлган ва у ерда катта ҳурмат билан кутиб олинган. Бу шаҳардаги устозлари имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Муҳаммад ибн Исо ас-Саббо, Муҳаммад ибн Соиқ, Шурайҳ ибн ан-Нуъмон ва бошқалардан сабоқ олган. Имом Абу Али ал-Ғассоний «Тақййид ал-муҳмал» номли асарида «Имом ал-Бухорий охирги марта (ҳаммаси бўлиб у Бағдодда саккиз марта бўлганди) Бағдодни тарк этиб қайтаётганда имом Аҳмад ибн Ҳанбал у билан хайрлашар экан ғоят ҳасрату алам билан «Илм ва мухлисларни (ан-нос) ташлаб Хуросонга кетасанми?» -деб зорланган эди. Қачонки Бухоро ҳокими Абу Тоҳир аз-Зуҳлий имом ал-Бухорийга қарши фитна уюштириб, уни она юрти Бухородан бадарға қилишга қарор қилиб, унга нисбатан турли-туман бўҳтону туҳматлар тўқиганида имом ал-Бухорий Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўша сўзларини эслаб, кўп афсусу надоматлар чекди ва: «Аҳмад ибн Ҳанбалнинг сўзларини маъносига энди тушундим»,-деб афсусланганди. Имом ал-Бухорий Шомда ҳам бўлиб унда Юсуф ал-Фарйобий, Абу Наср Исҳоқ ибн Иброҳим ва Одам ибн Абу Ийбос Абул Яман ал-Ҳакам ибн Нофиъ ва Ҳайват ибн Шурийҳ каби бир қанча ўша даврнинг машҳур олимларидан сабоқ олди. Шундан сўнг у Мисрга ўтиб Усмон ибн ас-Соғ Саъийд ибн Абу Марям, Абдуллоҳ ибн Солиҳ, Аҳмад ибн Солиҳ, Аҳмад ибн Шубайб, Асбағ ибн ал-Фараж, Саъийд ибн Абу Исо, Саъийд ибн Касир ибн Афийр, Яҳъя ибн Абдуллоҳ ибн Бакир ва шуларга ўхшаш олимлардан дарс олди. Баъзи манбаларда кўрсатилишича, имом ал-Бухорий Месопатамияда (Жазийра) ҳам бўлиб, Аҳмад ибн Абул Малик ал-Ҳарроний, Аҳмад ибн Язид ал-Ҳарроний, Амру ибн ал-Халаф ва Исмоил ибн Абдуллоҳ ар-Раққий каби олимлар билан ҳам мулоқотда бўлиб, улардан истифода этган. Машҳур олим Тожуддин ас-Субкий ўзининг «ат-Табақот аш-Шофъиййа ал-кубро» номли асарида «Имом ал-Бухорий ал-Жазийрага бормаган ва ал-Жазийра машойихларидан қилган ривоятлари бошқаларга таянилиб (билвосита) нақл қилинади,-деб ёзган. Бундан ташқари аллома Хуросан ва унинг Марв, Балх, Ҳирот, Нишопур, Рай, Жибол каби шаҳарларида ҳам неча марталаб бўлиб, бу шаҳарлардаги олимлардан сабоқлар олди. Жумладан Марвда Али ибн Ҳасан ибн Шақийқ, Абдон, Муҳаммад ибн Муқодил ва бошқалардан, Балхда эса Маккий ибн Иброҳим, Яҳъя ибн Бишар, Муҳаммад ибн Абон, Ҳасан ибн Шужаъ, Яҳъя ибн Мусо, Қутайба каби муҳаддислардан ривоят қилади. Ҳиротда Аҳмад ибн Абул Валийд ал-Ҳанафий, Нишопурда Яҳъя ибн Яҳъя, Башар ибн ал-Ҳакам, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ, Муҳаммад ибн Рофиъ, Райда эса Иброҳим ибн Мусо, Воситда Ҳисон ибн Ҳисон ибн Абдуллоҳ, Саъийд ибн Абдуллоҳ ва шунга ўхшаш олимлардан ҳадислар ўрганиб, улардан ривоят қилди. Шунингдек ХV асрда яшаган йирик тарихчи Шарафуддин Али Яздий ўзининг «Зафарнома» номли машҳур асарида Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий Кешда ҳам анча муддат яшаганлиги ҳақида ёзади. Юқорида зикр қилган шаҳарлар ва мамлакатларга имом ал-Бухорий яккаю-ягона мақсад-ҳадис илми бўйича сабоқ олиш ниятида бориб, бу жойлардаги таниқли олимлар билан мулоқотда бўлиб, муттасил равишда ўз илмини бойитишга интилди. «Бағдод тарихи» номли йирик асарнинг муаллифи ал-Хатиб ал-Бағдодий ўз китобида Жаъфар ибн Муҳаммад ал-Қаттон деган олимнинг имом ал-Бухорийнинг ўзи «Мен ҳадисларни минг, эҳтимол ундан ҳам ортиқ шайху уламоларга таяниб ёздим, менинг китобимда исноди кўрсатилмаган бирорта ҳам ҳадис йўқ, деб айтганини эшитганман, деган сўзларини келтиради.
Тарихчилар имом ал-Бухорийнинг устозларининг сони ҳақида ҳам маълумотлар келтирганлар. Жумладан, олим Муҳаммад ибн Абу Ҳотамнинг ёзишича, имом ал-Бухорийнинг ўзи суҳбатларининг бирида унга «бир минг саксонта шайх (устоз)дан ёзганман», деб айтган гапини келтирган. Х асрда яшаган исфаҳонлик олим Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Манда ал-Исфаҳоний (922-1005) имом ал-Бухорийнинг устозлари ҳақида махсус асар яратиб, алифбо тартибида уларни номма-ном келтиради.
Ҳозирги вақтда Саудия Арабистонида истиқомат қилувчи ватандошимиз, иқтидорли олим Назар Муҳаммад ал-Фарйобий таҳқийқ қилиб, кенг кўламда илмий муомалага киритган ушбу мўъжазгина рисола 1991 йили Саудия Арабистонидаги «Мактабат ал-Кавсар» матбаасида чоп этилган. Имом ал-Бухорийнинг устозлари ҳақида муфассалроқ маълумот берадиган ушбу манба хусусида бир қадар кенгроқ тўхталиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Энг аввало «Имом ал-Бухорий устозларининг исмлари» асарининг муаллифи ҳақида қисқача маълумот келтириш мақсадга мувофиқдир. Унинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Манда ал-Исфаҳоний бўлиб, у ҳижрий 310 (баъзи манбаларда келтиришича 309) йилда Исфаҳонда таваллуд топган. У йигирма ёшларидан бошлаб Нишопур, ал-Искандария (Александрия) орқали Басра, Ҳирот, Сижистон, Озарбайжонга ҳам кирмай тўғридан-тўғри Шош (ҳозирги Тошкент)га риҳлат қилган. Ушбу сафарлардан қайтганда, манбаларда кўрсатилишича, ўзи билан қирқ ҳамл (яъни қирқ туяга юк бўладиган) хилма-хил китоблар келтирган. Яна таъкидланишича, Қуръони карим ҳофизларидан биронтасига ҳам ал-Исфаҳоний эшитган маълумотларни (ёки хабарларни) эшитиш, на у жам қилган маънавий бойликларни жамлаш насиб этмаган экан. Ал-Исфаҳонийнинг ўзи доимо: «Мен Шарқни ҳам, Ғарбни ҳам икки марта тавоф қилиб, айланиб чиққанман. Кимки ўз ақидавий фикрида қатъий турмай беқарорлик кўрсатиб, ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа оғадиганлардан бўлиб, ҳақиқий дин аҳкомларига хилоф иш тутиб, бидъат ва хурофотга амал қиладиганлардан биронта ҳам ҳадис эшитмаганман»-деб таъкидларди.
Ал-Исфаҳоний ҳақида ёзган ўрта аср тарихчиларининг кўпчиллиги унинг «кўп таснифларнинг муаллифи» («соҳиб ат-тасонийф») деб қайд қилганлар. Тадқиқотчи Назар Муҳаммад ал-Фарйобий эса унинг қаламига мансуб йигирмага яқин асарлар борлигини таъкидлаб, уларни номма-ном келтиради. Ушбу асарлардан ўндан ошиғи ҳадис ва унинг турли илмларига бағишланади. Улардан «Ҳадис», «Ал-Амолий», «ал-Фавоид», «Марифат ас-саҳоба», «Фатҳ ал-боб фи куна вал-алқаб», «Шурут ал-аимма», «Китоб ат-та’рих», «Китоб асмои ас-саҳоба» кабиларни кўрсатиш мумкин.
Муаллифнинг ал-Ақидага бағишланган асарлари ҳам унинг ижодида салмоқли ўрин эгаллайди. Улардан «Китоб ур-радд аълол-жаҳмиййин», «Китоб ас-сифот», «Китоб ан-нафс вар-руҳ», «Ан-Носих вал-мансух» ва бошқаларни келтириш кифоядир. Исҳоқ ибн Манда ал-Исфаҳоний 395 ҳижрий (1005 мелодий) йилнинг зул-қаъда ойида вафот этиб, ал-Исфаҳондаги Дуккабоз қабристонига дафн қилинган.
Муаллифнинг «Имом ал-Бухорий устозларининг исмлари» асари ҳажм жиҳатидан унча катта бўлмаса-да, у атиги 16 варақдан иборат қўлёзма чиройлик насх хатида ёзилган, ҳар бир саҳифада 17 сатр бўлиб, бағдодлик хаттот Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Муҳаммад Али ибн ал-Иброҳим томонидан олти юз ўттиз иккинчи ҳижрий йилнинг ўн тўққизинчи шавволи, жумъа кунида Дамашқ Жомиъ масжидида кўчирилган-илмий жиҳатдан ғоятда қимматлидир. Ушбу китобда Имом ал-Бухорий ўзининг шоҳ асари «Саҳиҳ ал-Бухорий»да келтирган уч юз олти ҳадис ровийларининг исми шарифлари алфавит тартибда тўлиқ ҳолда зикр қилинади. Шунингдек уларнинг кўпчиллиги ҳақида асли қайси шаҳардан келиб чиққанлиги, уларнинг лақаби ёки куняси, аксариятининг эса қайси шаҳарда қачон вафот этганлиги ҳақида аниқ малумотлар келтирилади. Фикримизнинг исботи сифатида асардан бир неча мисоллар келтирамиз:
«Аюб ибн Сулаймон ибн Билол Мавли Абдуллоҳ ибн Аби Атийқ, асли Мадина шаҳридан, 224 ҳижрий йилда вафот этган; Иброҳим ибн Ҳамза ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ аз-Зубайр ибн ал-Авон аз-Зубайрий-у 230 ҳижрий санада Мадинада вафот этган бўлиб, кўпинча Абу Исҳоқ куняси билан аталарди; Аҳмад ибн Исҳоқ ибн ал-Ҳусайн, Абу Исҳоқ ас-Сулламий, у ас-Сурморий номи билан танилган бўлиб, Бухоро қишлоғидан эди; Аҳмад ибн Абу Ража-унинг асл исми Абдуллоҳ ибн Аюб ал-Ҳаравий Абу ал-Валийд. Имом ал-Бухорий ҳадисларни ундан Бухорода пайтида ёзиб олган; Аҳмад ибн Манийъ ибн Абдурраҳмон, Абу Жаъфар ал-Бағавий-у Бағдоддда яшаган. У Ҳусайндан ривоят қилади. Уни ал-Қаббоний деб ҳам атардилар. Имом ал-Бухорий ундан атиги битта ҳадис ривоят қилган; Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ибн Исо ал-Ҳумайдий-у Абу Бакр куняси билан танилган бўлиб, Макка аҳлидан. Вафоти икки юз ўн тўққизинчи ҳижрий йил; Муҳаммад ибн Юсуф Абу Аҳмад ал-Бухорий-у Пойканд аҳлидан».
Мана шу тариқа ушбу китобда имом ал-Бухорий ҳадис эшитган 306 ровий ҳақида маълумотлар келтирилади. Бу адад, албатта, буюк аллома ҳадис эшитган ровийларнинг бир қисмидир. Аслида у юқорида айтилганидек жуда кўп ровийлардан ҳадис эшитиб ёзиб олган.
Ҳадисшуносликда яна бир муҳим фан бўлган иллатли ҳадисларни аниқлаш ғоятда масъулиятли ва мураккаб ишлардан ҳисобланади. Ҳадис илмига оид барча тартибот ва услубларни мукаммал билиш билан бир қаторда ровийларнинг туғилган ва вафот этган вақтлари, ушбу ҳадисни кимдан эшитиб, кимдан ривоят қилаётгани, эшитган ибора ва алфозларининг аниқлигини тўла-тўкис эгаллаган бўлишлиги керак. Шу боисдан ҳам муҳаддисларнинг кўпчилиги: «бу масалаларни тўла-тўкис эгаллаш ҳадис илмида энг йирик муаммо ва айни вақтда ўта шарафли масъулият деб ҳисоблайдилар. Ҳадисни ёдлаб уларни мукаммал идрок қилган ва улкан тажрибага эга бўлганларгина, ҳадислар хусусида узил-кесил гапиришга ҳақлари бўлганлардан фақат Али ибн ал-Мадийний, Яқуб ибн Шайба, Аҳмад ибн Ҳанбал, ал-Бухорий, Абу Ҳотам, Абу Зуръа, Ад-Дорақутний ва уларга эргашган бир неча муҳаддислар ушбу юксак мақомга сазовор деган фикрни олға сурадилар. Бу ўринда Али ибн ал-Мадийнийнинг қуйидаги сўзларини келтириш иллатли ҳадисларни қанчалик қийин ва мураккаб эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. «Менинг ўзим билган бир ҳадиснинг иллатини аниқлашдан кўра янги, мен билмаган йигирмата ҳадис ёзиб олишим мен учун осондир». Дарҳақиқат, ҳадисларда гарчанд зоҳиран ўзаро боғлиқлик бўлса-да, исноди жиҳатидан дастлабки ровийга бекаму-кўст етказиш ёки узилиш билан етказиш, ёки бир ҳадис ибораларини иккинчи бир ҳадис сўзлари билан аралаштириб юбориш ёки бўлмаса ровийлардан бирининг нуқсонини аниқлаш жуда қийин ва машаққатли вазифадир. Мана шу зайлдаги тўлиқ имкониятга ва ҳар томонлама мукаммал ахборотга эга бўлмаганлар, табийики, ҳадис илмида бирор ютуққа эришиши амри маҳол эди. Комил ишонч билан айтиш мумкинки, имом ал-Бухорий мукаммал эгаллаган буюк санъатлардан бири бу иллатли ҳадисларни аниқлаш санъати бўлган. Имом ал-Бухорийнинг замондоши бўлган олим ал-Ҳофиз Аҳмад ибн Ҳамдун бундай деган: «Усмон ибн Абу Саъийд ибн Марвоннинг жанозаси пайтида Муҳаммад ибн Яҳъя аз-Зуҳлий ал-Бухорийдан ровийлар исмлари ва иллатли ҳадислар ҳақида савол сўраганида ал-Бухорий гўёки у «қул ҳува оллоҳу аҳад»ни ёддан ўқиётгандек-мерганнинг бехато ўқи мисоли тўғри жавоб қилганини кўргандим». Мавриди келганда шуни айтиш керакки, мана шу даврда-яъни IХ асрда Нишопурда илм-фан, айниқса ҳадис илми ниҳоятда тараққий қилиб, унда имом ал-Бухорий, имом Муслим ибн ал-Ҳажжож, имом ат-Термизий ва бошқа бирқанча буюк муҳаддислар йиғилган бўлиб, улар шаҳарда фаолият кўрсатадиган мадрасаларда ҳадис илмидан дарс берардилар. Бу буюк муҳаддислар ораларида илмий мунозаралар ва баҳслар жуда кўп бўлган. Имом ал-Бухорий ҳадис соҳасидаги ўз илми ва салоҳияти, айниқса, иллатли ҳадисларни аниқлаш маҳорати билан барчани қойил қолдирган, муҳаддисларнинг ҳаммаси унга бир овоздан тан берган. Имом ал-Бухорий масжидларда, оммавий илмий йиғинларда ҳам иштирок этган. Унинг чуқур билимига тан бериб, ўз даврининг машҳур муҳаддисларидан бири саналган Муслим ибн ал-Ҳажжож имом ал-Бухорийга ўз самимий муносабатларини билдириб: «Сизни фақат ҳасадгўйларгина кўра олмайди. Менинг иймоним комилки, сиздек буюк олим жумлаи жаҳонда йўқ, -деб ҳитоб қилган.
Имом ал-Бухорийнинг иллатли ҳадисларни билишдаги беназир маҳорати, мукаммал илми ва қобилияти ҳақида унинг замондошлари кўп қимматли фикрларни билдирганлар. Иллатли ҳадисларга атаб махсус асар ёзган имом ат-Термизий ўз асари «Китоб ал-Илал»да: «Ҳадислар, ровийлар, улар тарихларидаги иллатлар хусусидаги фикрларим имом ал-Бухорийнинг «Китоб ат-Та’рих» асаридан фойдаланганларим, улардан яна кўпроғини Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий билан қилган илмий мунозараларим пайтида олганман, шунингдек Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон, Абу Зуръадан ҳам фойдаландиму, лекин барибир кўпроғи Муҳаммад ал-Бухорийдан, камроғи эса Абдуллоҳ билан Абу Зуръадандир»,-деб таъкидлаган. Яна имом ат-Термизий, “иллатли ҳадисларни ва иснодларни аниқ билишда Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийдан кўра устун бўлган бирорта олимни кўрмадим»,-деб қайд қилган.
Имом ал-Бухорий иштирок этган илмий мажлисларнинг бирида ўз замонасининг етук олимларидан саналган ал-Фарйобий санади қуйидагича бўлган бир ҳадис ҳақида гапириб: «Суфён Абу Урвадан у Абул Хаттобдан, у Абу Ҳамзадан»,-деди. Мажлисда ҳозир бўлганларнинг бирортаси ҳам Суфёндан бошқаларининг ким бўлганлигини аниқ билмади, чунки бу ўринда уларнинг фақат кунялари (Абдул Хаттоб, Абу Ҳамза) айтилган эди. Шунда Муҳаммад ал-Бухорий вазминлик билан: «Абу Урва-бу Муаммар ибн Рошид, Абул Хаттоб эса Қатода ибн Даома, Абу Ҳамза бўлса Анас ибн Моликдир. Буюкларнинг ишлари инқилобий тусда улуғвор бўлганлиги учун ҳам улар фақат кунялари билан айтилганлар»,-деди. Ҳадис ривоятидаги ноқислик ва уларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш масалалари саҳобалар давридан бошланиб, ўша пайтданоқ ҳадисларни ёзиб олишда унга алоҳида эътибор берилган. Чунончи саҳобаларнинг ўзлари ривоят қилган ҳадисларда ҳам иллатли ҳадислар учраган ҳоллари аниқланган эди. Пайғамбар вафотларидан кейин вақт жиҳатидан муддат кам ўтганлиги, ҳадисларни нақл қилишда воситаларнинг озлиги туфайли бошда унга эҳтиёж унчалик катта бўлмаганди. Ривоятда иштирокчилар сони кўпайиб, вақт ўтаборган сари ровийларнинг иллатини аниқлаш масаласига янада зарурат кучайди. Ҳадис илмида ҳам, муҳаддислар орасида ҳам бу масала муҳим аҳамият касб эта бошлади.
Ҳадис ровийларига нисбатан алоҳида диққат-эътибор, чуқур муносабат билан қаралиб, ҳар хил услубу қоидалар яратилди, масалан: қайси ҳолатларда замондошларнинг иллати (жарҳи) қабул қилинмайди, қайси бир ҳолатларда қабул қилинади каби аниқ йўл-йўриқлар ишлаб чиқилди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳадисларда иллат масаласи муҳим аҳамият касб этиб, у билан шуғулланадиганлардан ўта диёнатли ва тақводорлик, қобилият талаб қилинади. Имом ал-Бухорий бу соҳада ўзига асосий дастуруламал қилиб олган эҳтиёткорлик маслаги, у диёнат, иймон-ихлос ва художўйликда юксак даражага эришганлигини кўрсатади.
Иллатли ҳадислар ҳақидаги имом ал-Бухорийнинг мулоҳазалари жуда мутавозеъ ва одоб аҳлоқ юзасидан бўлиб, «уни шундай қолдирганлар (таракаҳу) «у ташлаб кетилган» (матрук), «тушириб қолдирилган»(соқит), «бу ҳақда ўзгача бир фикр-мулоҳаза ҳам бор», «бу хусусда аввал ўтганлар ҳеч нарса демаганлар» ва шунга ўхшаш беозор, оддий ва самимий иборалардан ташкил топган. Жуда камдан-кам ҳолларда имом ал-Бухорий бирон одамга нисбатан: «у ичидан ўйлаб чиққан (уйдирмачи)» ёки «каззоб» деярди, иллатли ҳадислар масаласида ал-Бухорий ишлатган энг қаттиқ айблов «ҳадиснинг инкор қилувчи» («мункир ал-ҳадис») деган ибора бўларди. Ҳадис илмида шу қоида одат тусига кирдики, агар имом ал-Бухорий бирон ровий (шахс) ҳақида «у мункир ал-ҳадис» деса, ундан ҳеч вақт ҳадис ривоят қилинмасди. Бу хусусда Ибн ал-Қаттон имом ал-Бухорийнинг ушбу сўзларини келтиради: у (ал-Бухорий) унга «Ҳар қандай киши ҳақида “у мункир ал-ҳадис» деган бўлсам тамом, ундан ҳеч вақт ҳадис ривоят қилинмайди»,-деган.
Имом ал-Бухорий устозларининг сони кўп бўлиб, улардан бирининг исми «Мусаддид» (луғавий маъноси «тўғри йўлга бошловчи») эди. Ал-Бухорий унга қаттиқ ишониб: «Мусаддид-ўз исмига монанд тўғри йўлга бошловчидир. Китобларим ўзимда бўладими ёки унда бўладими-менга фарқи йўқ»,-деб доимо такрорлар эди. Ушбу таъкиддан аён бўлаётирки, имом ал-Бухорий ўз китобларини муҳофазасига алоҳида аҳамият берган. У бу масалага бамисоли ҳадис ривоятига эътибор бергандек алоҳида эътибор билан қараган. Шунингдек, улар қандай одамларнинг қўлида сақланишига ҳам жиддий қараган. Ўз китобларини ҳар қандай кимсанинг қўлига тушиб қолишига бефарқ қарамаган.
Имом ал-Бухорий ўзининг бутун фаолияти давомида ҳам илмий, имкони бўлса моддий жиҳатидан одамларга, яъни Оллоҳнинг бандаларига бирор наф етказишни ўзининг асосий мақсади қилиб қўйган эди. У доимо илм аҳллари-ю, илм толибларига, ҳатто устозлар (аш-шуйуҳ) ва муҳаддисларга ҳам моддий ёрдам кўрсатарди. Тижорат қилганда ҳар сафар ўзи кўраётган ойлик даромадидан, яъни фойдасидан беш юз дирҳамни фақиру мискинларга, илм толибларига сарфларди. Толиби илмларга маълум маблағлар (маошлар) ажратиб, уларни алоҳида қизиқишу, завқ-шавқ билан Пайғамбар алайҳиссалом илмларини (ҳадиси шарифларини) ўрганишга рағбатлантирарди, аҳли илмга нисбатан ғоятда кўп эҳсон кўрсатарди. Айни вақтда имом ал-Бухорий ўз шахсий ҳаётида, ейиш-ичишда ва кийинишда сира ҳам ортиқча дабдаба ва беҳуда сарфу-харажатларга йўл қўймасди, сабр тоқат ва қаноат, чидамлилик унинг учун одат тусидаги табиий бир ҳол эди.
Имом ал-Бухорий ғоятда беғубор, ҳалол-покиза, диёнатли инсон бўлиб, ғийбату-наҳақликлардан узоқ бир киши эди. У доимо «Ғийбат қилишлик ҳаром эканини билганимдан бошлаб, ҳеч қачон бирор киши ҳақида ғийбат гапирмаганман»,-деб таъкидларди.
Имом ал-Бухорийнинг энг улуғ фазилатларидан яна бири у таассуб (мутаассиблик)нинг ҳар қандай кўринишларидан узоқ бўлган аллома эди. Унинг шоҳ асари «Саҳиҳ ал-Бухорий» билан чуқурроқ танишилса, ал-Бухорийнинг ўз китобидаги маълумотларга ниҳоятда катта синчковлик ва эҳтиёткорлик билан ёндошганини кўрамиз. Қанчадан-қанча машаққатлар билан тўпланган ҳадисларининг саҳиҳлигига тўла ишонч ҳосил қилиб, обдон текширгандан кейингина ўз асарига киритганлиги ушбу фикримизни яна бир бор тасдиқлайди. Имом ал-Бухорийнинг «Саҳиҳ» асари ҳақида гапирар эканмиз, шуни ҳам қайд қилиш керакки, ушбу китобнинг саҳиҳ иснодларида аҳли суннага мансуб бўлмаган ровийлар ҳам учрайди. Имом ал-Бухорий муҳаддисларда ҳадисларга бўлган катта меҳр ва интилиш ҳамда унга қатъий амал қилиш ҳар қандай таҳсинга сазовор, деб ҳисобларди. Бу масала ғоятда муҳим бўлиб, бу хусусда баъзи муҳаддисларнинг ўзлари ҳам фикр-мулоҳазаларини билдирганлар. Жумладан, имом Аҳмад ибн Ханбал «ўзим амал қилмаган битта ҳам ҳадисни китобга олмаганман» деб таъкидлаган бўлса, ўз даврининг йирик муҳаддисларидан бири саналган Вакий’ ибн ал-Жарроҳ: «Агар бирор ҳадисни ёдлашни истасанг, энг аввало унга амал қил»,-деган. Яна бир муҳаддис Иброҳим ибн Исмоил эса:»Ҳадисларни ёдлашда энг аввало унга амал қилиш йўлидан фойдаланардик», -деб таъкидлаган, аллома ас-Суютий ўзининг «Ат-Тадрийб» номли асарида бу жараённи қуйидагича ифодалайди: «Ибодатлар, одоб-аҳлоқ, фазилатлар, солиҳ аъмоллар хусусида эшитган ҳадислардан самарали фойдаланиш лозим. Бу биринчидан ушбу ҳадиснинг закоти, иккинчидан эса-уни ёдлаш учун яхши омилдир».
Имом ал-Бухорий яшаган даврда Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳлий Тоҳирийлар томонидан бўлиб, Бухоронинг амири сифатида салтанат юритарди. Хорижий юртларга қилган узоқ йиллар давом этган сафаридан қайтиб, имом ал-Бухорий ўз она юрти Бухорода ўрнашгач, унинг шону-шуҳрати чор атрофга тарқаб, кўплаб ҳадис толиблари тўда-тўда бўлишиб, имом ал-Бухорий ҳузурига кела бошлагач, Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳлий-улар билан гарчанд мазҳабий масалаларда бир қадар мухолафатда бўлса-да, уларнинг ривоятларини ташлаб кетмасдан китобига киритган. Бу тусдаги тасомуҳ (сабр-тоқатлилик, бошқа мазҳабларга нисбатан эҳтиром билан қараш) қандай ҳолатда бўлмасин чегараланган ёки чегараланмаган кўринишда бўлса-да, бунинг дастидан ҳадис ривоятига шак-шубҳа бўлмаслиги учун муҳаддислар ўртасида удум бўлган қоидага кўра улар аҳл ул-ҳавога (шийъалар, хорижийлар, муътазилийлар ва ҳаказо) ҳам мансуб ривоятларини қабул қилганлар, фақат шу шарт биланки, улар бидъатга даъват қилмайдиган, ёлғон-ёшиқ ривоятларни тарқатмайдиган, ҳар қандай ҳолатда ҳам сохта (ёлғон) аралашишини ҳатто хаёлига ҳам келтирмайдиган кишилар бўлиши талаб қилинган. Шу боисдан ҳам имом ал-Бухорийнинг ровийларига назар солсак, улардан баъзилари шийъа тамғаси билан кўрсатилган бўлиб, имом ал-Бухорий уларнинг ривоятини «Саҳиҳ» китобига киритган. Баъзан эса-асоси бўлган ҳолларда баъзи бир бошқаларини шийъаларга ёки рофизийларга мансублигидан улар ривоятларини ўз китобига киритмаган.
Ҳадислардаги ноқис (иллат)ликларга алоҳида эътибор бергани каби имом ал-Бухорий ровийларнинг ибратли, гўзал фазилатларини алоҳида кўрсатишга ҳам катта аҳамият берган. Агар келтирган ривоятлари тўғри бўлса ровийларнинг ҳақиқий тавсифлари-ю, адолатли ишларини ҳеч бир камситмасдан батафсил зикр қилган.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларига нисбатан қизиқиши бўлган Бухоронинг амири Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳлий имом ал-Бухорийни ўз саройига келиб, унга ва унинг ўғилларига «Саҳиҳ ал-Бухорий» ва «ат-Та’рих» каби асарларидан сабоқ беришини талаб қилади. Шунда аллома амирдан келган хабарчига: «Мен илмни хор қилиб, унинг ҳукмдорлар эшигига олиб бормайман»,-деган жавобни берди. Шундан кейин амир агар имом ал-Бухорий амир саройига келишни хоҳламаса, болалари учун алоҳида, махсус вақт ажратиб дарс беришини, унда бошқа талабалар иштирок қилмаслигини таъкидлаб, яна вакилини юборди. Лекин имом ал-Бухорий амирнинг бу талабига ҳам рад жавобини берди, чунончи илм олмоқлик Пайғамбаримиз алайҳиссалом меросларидан бўлиб, бунда ҳар бир инсон-хосу-авом тенг ҳуқуққа эга, деди ва агар амирда ундан дарс олиш эҳтиёжи бўлса, уйига ёки бўлмаса масжидга келишлигини сўраб «Агар бу таклифим сизга маъқул бўлмаса, сиз ҳокимсиз менинг сабоқларимдан (илмий йиғинларимдан) маън қилинг (тўхтатинг), бу менга одамлардан ўз илмимни бекитмаётганим учун қиёмат кунида оллоҳ ҳузурида бир узр бўлади»,-деди. Мана шу дадил жавобдан кейин Бухоро амири қаттиқ ғазабланади ва алломани шаҳардан чиқариб юбориш йўлларини излайди. Лекин, имом ал-Бухорий миллионлаб мусулмонларнинг қалбини ўзига ром қилиб, уларнинг чексиз ҳурмати-ю муҳаббатига сазовар бўлганлигидан амир ўз ҳокимияти-ю, салтанати кучи билан уни шаҳардан чиқариб юборишга муваффақ бўлаолмади. Шундан кейин беандиша бир гуруҳ нопок кимсаларни топиб имом ал-Бухорийга нисбатан халойиқнинг ғазабини қўзғайдиган ёлғон-яшиқ туҳмат ва бўҳтонлардан иборат айбномалар излади. Натижада улар имом ал-Бухорийга қарши хилма-хил бўлмағур сафсаталар ва туҳматлар тарқатадилар, шулар сабабли амир алломадан шаҳарни тарк қилиб чиқиб кетишини талаб қилди.
Имом ал-Бухорий Бухородан чиқиб кетгач Пойкандга келди. Ғанимлар Бухорода алломага қарши тўқиган иғвогарона тўҳматларини чор атрофга тарқатишга зўр бериб, жидду жаҳд кўрсатиб, ушбу туҳматни халқ орасида ошкора қилиб, ёйган эдилар. Шу боисдан ҳам бу бўҳтон хабар имом ал-Бухорийдан олдин Пойкандга келиб етган бўлиб, Пойканд аҳли шу масала хусусида икки тоифага бўлинган эдилар. Уларнинг бир қисми имом ал-Бухорийни ушбу тўҳматдан ҳимоя қилиб унинг тарафини олса, иккинчи қисми эса фисқу фасодчиларни қўллаб-қувватлагандилар. Қачонки имом ал-Бухорий Пойканд аҳли ўртасидаги ушбу ихтилофдан воқиф бўлгач, бу шаҳарда яшашни ўзига муносиб кўрмади. Айни вақтда Самарқанд аҳли ал-Бухорийни Пойкандга келганини билгач, улар уни Самарқандга таклиф қилиб, унда муқим истиқомат этиб, мударрислик қилишларини сўрадилар. Бунга розилик билдирган имом ал-Бухорий Пойканддан чиқиб, уларга томон равона бўлди ва Самарқанд яқинидаги Хартанг деб аталадиган қишлоқда бир қариндошиникида тўхтайди.
Лекин имом ал-Бухорий Бухорода кўтарилган фитна Самарқандга ҳам етиб келганидан хабар топиб унинг аҳли гўё Пойканддаги каби икки гуруҳга бўлинганини-улардан бир гуруҳи уни қўллаб-қувватлашини, иккинчи гуруҳ эса унга мухолифлик билдириб, қаршилик изҳор этганини билгач: «Оллоҳим қанчалик кенг бўлгани билан еру-дунё менга торлик қилиб қолди, энди мени ўз раҳматингга қабул эт»,-деб дуо қилди. Шу орада у қаттиқ бетоб бўлиб қолди ва 256 ҳижрий йилнинг Рамазон ҳайити (Ийд ал-фитр) кечасида (870 йил 31 август) вафот этди.
Имом ал-Бухорий ҳақида ёзган муаррихлар ва солномачилар унинг ҳусни-хулқлари ва маҳосинларини зикр қилганларида, албатта, унинг қувваи-ҳофизаси ва хотирасининг кучлилигини алоҳида таъкидлаб кўрсатадилар.
Чунончи, манбаларда имом ал-Бухорийнинг хотираси кучли бўлганлиги хусусида кўпдан-кўп афсонавий тарздаги ривоятлар келтирилади. Унинг устозлари Муҳаммад ал-Бухорийнинг ёшлигидан Оллоҳ-таоло ато қилган ноёб иқтидори ва қувваи-ҳофизасини сезиб, унга якдиллик билан тан берганлар. Ёшлигидаёқ унинг ҳақида «ғоятда фозил инсон бўлади», «довруғи эл орасида достон зот бўлиб чиқади», деб айтган башоратлари тарих китобларида битилган.
Буюк муҳаддис Абу Исо ат-Термизий: «Имом ал-Бухорий эл орасида танила бошлагач, Абдуллоҳ ибн Мунир: «Э, Абу Абдуллоҳ Оллоҳ сени бу умматнинг зийнати қилиб яратган!» деган фикрини келтиради. Ат-Термизий яна: «Оллоҳ-таоло унинг барча хоҳишини мустажоб қилиб яратган эди»-деб таъкидлайди. Тарихчи Шамсуддин аз-Заҳабий қуйидагича ҳикоя қилади: «Холид ибн Исмоил шундай деган эди: Басра машойихлари хусусида имом ал-Бухорий билан бизнинг фикримизда кўпинча ихтилоф бўларди. Шу пайтда у ўспирин бола бўлиб, ҳадисларни сира ёзмасди. Шу зайлда ўн олти кун ўтгач у бизга: жуда кўп ҳадис эшитиб ёзиб олдинглар, қани менга кўрсатингларчи, қанча ҳадис ёзиб олибсизлар, деди. Ҳисоблаб кўрсак, ўн беш мингдан зиёд ҳадис ёзган эканмиз. Ал-Бухорий уларнинг ҳаммасини ёддан айтиб берди, ҳатто ёзган ҳадисларимизнинг кўпларидаги хатоларни унинг ёддан айтганларига қараб тузатиб ҳам олдик». Олим Муҳаммад ибн ал-Азҳар ас-Сижистоний «Биз аллома Сулаймон ибн Харабдан ҳадис илмидан сабоқ олардик. Ал-Бухорий ҳам биз билан бирга ҳадис эшитарди-ю, лекин сира ёзмасди. Нега у ёзмаётир?- деб сўраганлар: «Ўз юрти Бухорога қайтгач, ёдидан ёзади»,- деб жавоб олгандилар. Ушбу Сулаймон ибн Ҳараб-ўз замонининг машҳур алломалари ва ҳадис ҳофизларидан ҳисобланиб, Маккаи-мукаррамада қози ҳам бўлган. Унинг хотираси ғоятда кучли бўлиб, ҳеч бир китоб дафтарга боқмай ўн минглаб ҳадисни ёддан ривоят қилган. Абу Ҳотам шундай ҳикоя қилади: Мен Бағдодда Сулаймон ибн Ҳарабнинг дарсларидан сабоқ олганман. Унинг сабоғини олганларнинг сони қирқ мингдан ҳам ошиб кетган бўлиб, у ҳижрий 224 йилда вафот этган. Имом ал-Бухорий ҳам унинг шогирдларидан ҳисобланарди. Фазлу камолининг шунчалик буюк бўлишига қарамасдан у ал-Бухорийдан «Сен бизга Шуъабанинг хатосини тушунтириб бер»,-деб илтимос қиларди. Ҳифзу заковат, идроку тафаккурдан раббоний (илоҳий) бир ноёб қобилият ва истеъдод Имом ал-Бухорийга аъто этилгандики, ҳатто унга устозлари томонидан ҳам ғоят даражада иззат-икром ва ҳурмат кўрсатилиб, кўп муҳаддислар унинг ҳузурида дарс ўтишдан ҳам ҳижолат бўлиб, ҳайиқиб турганлар. Шу хусусда Фатҳ ибн Нуҳ ан-Найсобурийнинг: «Али ибн ал-Мадийнийнинг дарсида ҳозир бўлганимда Муҳаммад ал-Бухорийнинг унинг ўнг томонида ўтирганини кўрдим. Устоз ҳар бир ҳадисни зикр қилганида ҳурмат бажо келтириб, ал-Бухорий томонига оҳиста бурилиб қўяр эди»,-деб ёзиши устозларининг имом ал-Бухорийга ҳурмат эътибори алоҳида бўлганлигидан далолатдир.
Кўпгина манбалар ва тарих китобларида имом ал-Бухорийнинг ақл-заковати ва қувваи-ҳофизасини синаш мақсадида қилинган имтиҳон (синов) хусусида аниқ маълумотлар зикр қилинган. Дарҳақиқат, бундай жиддий бир имтиҳон Бағдодда Дор ул-хилофат (Халифалик уйи) да Бағдод уламолари томонидан уюштирилган. Бағдодлик олим Абу Бакр ал-Калузоний (вафоти 249 ҳижрий йил) «Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийга ўхшаш ҳеч бир олимни кўрмадим. Бирор илмга оид ҳар қандай китобни олиб синчиклаб мутолаа қилардида, унда келтирилган барча ҳадисларни бир мартанинг ўзидаёқ ёдлаб оларди»,-деб ёзган.
Қачонки имом ал-Бухорий ҳадис илми бўйича мукаммал илмга эга бўлиб илмий мажлислар уюштириб, сабоқ бера бошлагач ва унинг бу тарздаги мажлисларининг довруғи ҳар тарафга тарқаб, эл орасида ёйилгач, илм толибларию, аҳли дониш унинг сабоқларига шунчалик кўп ёғилиб кела бошладики, ҳатто мажлисларига одамлар сиғмай кетарди. Бу тартибдаги илмий мажлислар бир қанча-Басра, Бағдод, Ҳижоз, Балх каби шаҳарларда уюштирилиб, аллома умрининг охирларида ўз ватани Бухорода ҳам ҳадислардан дарс берганди.
Имом ал-Бухорий шогирдлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар сонсиз-саноқсиз вағоят даражада беҳад кўп бўлган. Бу хусусда олим Ал-Фирабрий «Бевосита имом ал-Бухорийнинг ўзидан тўқсон минг одам ҳадис эшитган»,-деб ёзади. Имом ал-Бухорий устозларининг кўпчилиги унинг ҳузурига келиб шогирд сифатида унинг сабоқларига қатнашардилар, ўзларига фойдали билиб, билимларини зиёда қиладиган маълумотларни ундан ёзиб олардилар. Муаррихлару муҳаддисларнинг ёзишларича ҳатто ал-Бухорийдан сабоқ олиб ундан истифода қилганлар жумласидан унинг машҳур устозлари ҳам бўлган. Улар доимо унинг ёнида бўлиб ал-Бухорийнинг илмий мажлисларида ҳозир бўлардилар. Улардан Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Маснадий, Абдуллоҳ ибн Мунир, Исҳоқ ибн Аҳмад ас-Сарморий, Муҳаммад ибн Халаф, Ибн Қутайба ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг ҳаммалари ҳам ўз даврининг фазилатли, илми комил олимлари ҳисобланарди. Шундай улуғ мартабага эга бўлишларига қарамасдан улар ал-Бухорийдан ҳадислардан сабоқ олганлар.
Ёши имом ал-Бухорийга тенгқур бўлиб, унга таянадиган ва унинг фазлу-камолининг юксаклигини тан олиб унинг илмий мажлисларига қатнашган буюк олимлардан имом Абу Зуръа ар-Розий, Абу Ҳотам ар-Розий, Иброҳим ал-Ҳарбий, Абдуллоҳ ибн Мутийн, Исҳоқ ибн Аҳмад ибн Зийрак ал-Форсий, Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хазийма, ал-Қосим ибн Закариё, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хадрамий, соҳиб ал-Маориф Муҳаммад ибн Қутайба, Абу Бакр ал-Аъйин ва бошқа кўпчиликни кўрсатиш мумкин. Мазкур олимлар рижол (ровийлар), тарих, ҳадис, жарҳ (иллатли ҳадислар), та’дийл илмлари бўйича ўз даврининг буюк алломалари ҳисобланарди.
Имом ал-Бухорийнинг шогирдлари орасида шон-шуҳратда юксакликка етишиб буюк шарафга муяссар бўлган, исломий илмлар-илм ал-ҳадис ва фиқҳнинг асосий жиҳатларини мукаммал билганлардан «ас-Саҳиҳ» китобининг муаллифи имом Муслим ибн ал-Ҳажжож, «Сунан» китобининг соҳиби имом Абдурраҳмон ан-Насоий, «ал-Жоми’» асарининг соҳиби имом Абу Исо ат-Термизий, исломий илмлар бўйича қатор таснифотларнинг муаллифи имом Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий, имом ад-Доримий, машҳур фақийҳ «ас-Саҳиҳ» номли асарнинг соҳиби имом Ибн Хузайма ва бошқалар ҳам бор эди. Имом ал-Бухорийнинг шогирдлари бўлган ушбу алломалар ўз даврининг йирик муҳаддислари ва фикҳ олимлари ҳисобланарди.
Манбаларда келтирилишича, имом ал-Бухорий ўз ижодий фаолияти даврида йигирмадан ортиқ асарлар яратган. Улар қуйидагилардан иборат: «Ал-Жоми’ ас-саҳиҳ», «Ал-Адаб ал-муфрад», «Китоб ал-куна», «Китоб ал-Фавоид», «Жузъ рафъ ал-йаддайн», «Ат-Тарих ал-Кабир», «Ат-Та’рих ал-авсат», «Ат-Тарих ас-сағир», «Ал-Жоми’ ал-кабир», «Халқ афъол ал-ибод», «Китоб аз-зуафо ас-сағир», «Ал-Муснад ал-кабир», «Ат-Тафсир ал-кабир», «Китоб ал-Ҳиба», «Асомий ас-саҳоба», «Китоб ул-вуҳдон», «Китоб ал-Мабсут», «Китоб ал-Илал», «Бирр ал-волидайн», «Китоб ал-ашрибати», «Қазойо ас-саҳоба ват-тобъеийн», «Китоб ар-Риқоқ», «Ал-Жоми’ ас-сағир фил-ҳадис», «Ал-Қироату халф ал-имом».