Сафар ойи қамарий ойларнинг иккинчисидир. Бу ойнинг хусусияти йилнинг бошка ойлари билан бир хилдир. Унда ўқиладиган намоз, дуо ва бошқа амали солиҳлар Аллоҳнинг ҳузурида бошқа ойлардек қабул қилинади. Бу ойда ҳам маросимлар, тўйлар, сафарларни амалга ошириш мумкин. Бу ойнинг хосиятсиз ой эканлиги тўғрисида баъзи жоҳилларнинг фикрига қўшилиш яхши эмас. Исломдан олдинги жамият даврида араблар сафар ойида ирим қилар эдилар. Яъни сафар ойида янги ишга киришиш, ақди никоҳ килиш, аёл билан бирга оилавий ҳаёт бошлаш, сафарга чиқиш кабилар мумкин эмас, бу ой хосиятсиз, зиён-заҳмат келтиради, деб ҳисоблашарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламнинг инсониятни жаҳолат ботқоғидан халос этиб, соғлом эътикод ва ҳакикий динга даъват қилиш учун юборилган пайғамбар эканликларини барчамиз яхши билишимиз керак. Илоҳий таълимотга биноан тақдирга имон келтириш динимизнинг асосларидан биридир. Шундай экан, инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан деб билмоғи лозим. Аллоҳ субхоноҳу ва таоло Тағобун сурасининг 11-оятида: «(Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни(иродаси) билангина етур. Кимки, Аллоҳга имон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят килур. Аллоҳ ҳар нарсани билгувчидир», — деб марҳамат қилган.
Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган хадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васаллам: «Касаллик юқиши йўқ, бойқушдан шумланиш йўқ, Навъу ёмғир ёғдириш йўқ, руҳларнинг қушга айланиб юриши йўқ, сафар ойида шумланиш йўқ»,-деганлар. Шундай экан, инсон бошига келадиган ҳар қандай ғаму ташвишлар Аллоҳнинг иродаси билан бўлар экан. Жоҳилият даврида яшаган бандалар хасталикларда ўзига яраша қувват бор, улар бир кишидан иккинчи кишига ўша қувват воситасида ўтади деган эътиқодда бўлганлар. Ҳозир ҳам шунга ўхшаш эътиқодлар, афсуски, учраб туради. Хўш, унда «Касаллик юқмайдими?» деган савол туғилади. Табобат илми мутахасисларининг айтишларича, ҳар бир хасталикнинг ўзига хос жуда кичик жонзотлари-микроблари бўлади. Бу микроблар Аллоҳнинг изни билан инсонларниннг танасига ўтиб, унинг вужудида кўпаяди. Лекин микроблар Аллоҳ хоҳласагина бандага таъсир қилади. Шунинг учун одам қанча ўзини эҳтиёт қилса ҳам ўша касалликка чалиниб қолиши мумкин. Айримлар, масалан, шифокорлар беморлар билан мунтазам равишда мулоқотда бўлсалар-да, уларга хасталик юкмайди. Демак, касалликнинг юқиши Аллоҳнинг хоҳишига боғлик экан. Жоҳилият даврида бойқуш қўнган жой харобазорга айланади, деб эътикод қилинарди. Ислом дини бу эътиқоднинг ботиллигини фош этди. Инсон бошига ёмонлик, кўнгилсизлик каби мусибатларнинг етиши лозим бўлса, бойқуш ёки бошқа нарсаларсиз ҳам, Аллоҳнинг иродаси билан содир бўлаверади. Жоҳилият аҳли ёмғирни Навъу исмли юлдуз ёғдиради, деб ўйлашарди. Расулуллох соллаллоҳу алайхи васаллам бу эътиқодга қарши эканликларини билдириб, ёмгирни Аллоҳ таоло ёғдиришини айтганлар. Бу ботил хурофот инсонлар орасида фитна фасод ва урушлар келтириб чиқарарди. Сафар ойи тўғрисида яна шуни ҳам билиш керакки, араб алифбосида учта «С» ҳарфи бор. Биринчиси уч нуқтали бўлиб, тил учида айтилади ва «са» дейилади. Иккинчиси лабни чўзиброқ, йўғон қилиб айтилади, бу «сод» дейилади. Учинчиси уч тишли, енгилроқ талаффуз қилинадиган «син» ҳарфидир. Сафар ойи «сод» ҳарфи билан ёзилади ва унинг биз биладиган сафарга ҳеч кандай алоқаси йўқ. Бу ой мевалар ғарқ пишиб, барглар сарғайган вақтга тўғри келгани учун сафар, яъни сариқ ой деб номланган. Афсуслар бўлсинки, жоҳилиятнинг ботил эътиқодларидан бўлмиш сафар ойида шумланиш ҳанузгача нодон кимсалар орасида сақланиб келмокда. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар ойидан шумланиш ноўрин эканлигининг исботи учун масжидларини сафар ойида қурганлар. Кизлари Фотимаи Заҳрони Али розияллоҳу анхуга сафар ойида никоҳлаганлар. Сафар ойида сафарга чиқиб, Хайбар қалъасини фатҳ қилганлар. Ўзлари бу ойга Сафару-л-хайр – яхшилик ойи деб ном берганлар.
Шофиркон туман Мирзокул жомеъ масжид имом хатиби
Мухаммадшариф Нарзуллаев





