Софийя бинт Абдулмутталиб розияллоҳу анҳо ўғли Зубайр розияллоҳу анҳу от устидан йиқилиб тушса, парво қилмасди.
Фарзандларини ойлаб, йиллаб саҳроларга юбораётганда арабларнинг қалбларини қўрқув еб битирмасди.
Боланинг ўзи Макка водийларида кечаси қўйлар билан қолиши отасининг дилини оғритмасди.
Ўсмир йигитларнинг тижорат, ов мақсадида ўзлари сафарга чиқишлари, баланд тоғларга тирмашишлари, Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу каби арслонлар овига боришлари уларнинг оналарини қўрқувдан ўлдирмасди.
Танаси бақувват инсонлар Ислом динининг руҳий қуввати билан қувватланиб, янада шижоатли бўлдилар. Натижада Холид, Зубайр, Саъд, Али розияллоҳу анҳум каби паҳлавонлар етишиб чиқдилар. Улар жангга чиқсалар, кисро ва қайсар каби раҳбарларнинг мулки билан қайтар эдилар.
Салоҳиддин Айюбийнинг отаси ёшгина ўғлининг кичик болалар билан ўйнаётганини кўрди ва уни улар орасидан шартта олдида баландга кўтарди.
Ота баланд бўйли киши эди. Ўғлини баланд кўтарганча: «Мен онангга гўдаклар билан ўйнаб юрадиган бола туғиши учун уйланмаганман. Онанг ҳам сени кичик болалар билан ўйнашинг учун туғмаган. Мен онангга Масжидул Ақсони озод қиладиган ўғил туғиши учун уйланганман. Онанг ҳам сени Масжидул Ақсони озод қилишинг учун туққан» деди-да, қўлини қўйиб юборди.
Бола баландликдан ерга йиқилди. Ота ўғлига назар солди ва унинг юзида оғриқ аломатини сезди. Ундан: «Йиқилишинг сени оғритдими?» деб сўради. Болакай: «Ҳа, оғритди» деди. Отанинг «Унда нега бақириб, дод солмадинг?» деб берган саволига кичик Салоҳиддин: «Масжидул Ақсони озод қилувчи одамга бақириб, дод солиш ярашмайди» деб жавоб берди.
Мурод II ҳарбий юришларидан бирида Қустантания яқинида тўхтаб, чодир тикиб, бир неча кун ўша ерда турди. Ана шу чоғларда унинг аёли тонг пайти ўғли Муҳаммадга Қустантания деворларини кўрсатиб: “Эй Муҳаммад, мана шу деворларни бузиб кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, бу шаҳарни фатҳ қиладиган одам сенсан. Чунки, сенинг исминг Муҳаммаддир” дерди.
Ана шундай тарбия кўрган бола 1453 йилда Қустантинияни фатҳ этиб, нақадар яхши амир номини олди ва Муҳаммад Фотиҳ дея дунёга машҳур бўлди.
Бугун биз Зубайрларни тарбия қиладиган Софийя каби оналарга муҳтожмиз.
Салоҳиддинларни тарбия қиладиган Нажмиддин каби оталарга муҳтожмиз.
1967 йилда исроилнинг Миср қўшинларига зарба берган кечасида Мисрнинг барча радиолари Умму Гулсумнинг концертини эфирга узатган эди. Концерт ўтди, биз эса Қуддусни, Жулон тепаликларини, Ғарбий қирғоқни бой бердик.
Шунча воқеа бўлиб ўтган бўлса-да, бугун фарзандларимизни куй-қўшиқ, рақс ва спорт соҳасига йўналтиряпмиз.
Аслида қайси масалада, нимага эришиш учун мусобақалашишимиз керак эди?!
Хўш, минглаб қўшиқчию созандалар, спортчилар очларга таом олиб бериб, инграб ётган беморларга дори олиб бериб, уйсизларга уй қуриб беришдими?!
Қўшиқчилик ва спорт кўпчилик қизиқиб, ўзини урадиган соҳа бўлиб қолгани ачинарли эмасми?!
Қўшиқчилар, созандалар, спортчилар учун қизил гилам тўшалиб, уларни жамиятдаги муҳим шахслардек кутиб олинса;
Хонанданинг ютуғи ёки қайсидир спорт жамоасининг ғалабасини миллий ғалаба деб санаб, унинг учун мамлакат байроғини баланд кўтариб, уларни олқишланса;
Созанда, хонанда, спорт ўйинчиси бир кечада ўқитувчи, муаллимларнинг умр бўйи топадиган маблағини топса;
Бизда жоҳиллик, савиянинг пастлиги, шаҳватларга ўчлик, топадиган пулининг ҳалолдан бўлишига эътибор бермаслик давом этаверади.
Аллоҳ таоло йўлида амал қилиш муҳаббатини фарзандларимизга ўргатайлик!
Аллоҳ таолонинг Дини бўлмиш Исломни зурриётларимизга таълим берайлик!
Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимдан қўрқмасликни болаларимизга ўргатайлик!
Бу ҳаётда Ислом дини ҳамма нарсадан устун туришини, муқаддам туришини ўғил-қизларимизга тушунтирайлик!
Ислом динига хизмат қилишни, мусулмон биродарига кўмак беришни фарзандларимизга таълим берайлик!
Дин учун қайғуриш, охират ғами билан яшаш зарурлигини болаларимизга ўқитайлик!
Ўйин-кулги, ҳазил-ҳузул, дунё ва охиратда фойда бермайдиган нарсалар билан вақт ўтказишни бас қилайлик!
Ўғил-қизларимиз учун қўшиқчи, актёр каби артистларни, Месси, Роналдо каби футболчиларни ибрат қилиб кўрсатишни бас қилайлик!
Ўзимиз учун, фарзандларимиз учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, содиқ саҳобалар, тобеинлар, табаъа тобеинлар, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу, Салоҳиддин, Муҳаммад Фотиҳ каби қўмондону паҳлавонлар ибратдирлар!
Муҳаммад Мусо Шарифнинг мақоласи асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади





