Афросиёб ўрнида қад кўтарган,
Кўкрагига Чингиз тиғи қадалган.
“Бутун дунё сайқали”, деб аталган,
Самарқанднинг Регистони табаррук.
Мозийлардан сўйлар мовий гумбазлар,
Мадраса-ю қанча масжид, мерослар.
Мотурудий, Қусам ибн Аббослар,
Бухорийлар нур макони табаррук.
Мақбаралар — Темурийлар савлати,
Шоҳи Зинда, Гўри Амир ҳайрати.
Бибихоним — гўзалликнинг зийнати,
Хўжа Аҳрор ошиёни табаррук.
Авлоди бек ёхуд хонга туташган,
Ким бўлса қони бир қонга туташган.
Томири юракга жонга туташган,
Тождорлар-у ҳам хоқони табаррук.
Дунё аҳли кўрди қадди-бўйларинг,
Ўтар ҳар йил Шарқнинг санъат тўйлари.
Устоз ҳожи Абдулазиз куйлари,
"Қурбон ўлам", “Бузургони” табаррук.
Машҳур Сиёб бозорини ким билмас?
Ургут майизига новвот тенг келмас.
Сайёҳларга ташриф қоғоз шарт эмас,
Осиё-ки ширмой нони табаррук.
Шоҳ Улуғбек Кўрагони табаррук,
Самарқанднинг Регистони табаррук.
Шаробиддин Болтабоев





![shutterstock_694728043-[Converted]](https://xutba.uz/wp-content/uploads/2019/11/shutterstock_694728043-Converted-370x240_c.jpg)