Мусанниф: Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий
Таржимон: Ёрқинжон Фозилов

Аллоҳ таолога ҳамд, Расулуллоҳга салавот ва салом айтган ҳолда Ғаний Парвардигор раҳматидан умидвор Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий ибн Мавлоно Муҳаммад Абдулҳалим (умрлари узун бўлсин) Отаси Мавлоно Мухаммад Абдулҳалим китоб ёзилаётган пайтда ҳаёт бўлгани учун муаллиф у кишининг ҳақига узун умр сўраб дуо қилган. айтади: «Бу замонда кўрдимки, одамлар гуноҳлар орасида ғийбатга кўпроқ мубтало бўлиб, ҳамма уни арзимас ва аҳамиятсиз нарса деб ҳисоблар экан. Ваҳоланки, ғийбат қилавериш оқибатида кишида бошқа кичик ва катта гуноҳларга мойиллик пайдо бўлади. Бунинг натижасида унинг дунёсига ҳам, охиратига ҳам зарар етади. Бу мавзуда барчага раҳнамо сифатида йўл кўрсатадиган бирор асарга кўзим тушмади. Шунинг учун бу ҳақда оммага ҳам, аҳли илмларга ҳам фойдаси тегадиган ҳамда шайтоний шубҳа ва эътирозлардан сақланишга сабаб бўладиган бир рисола ёзишни ихтиёр қилдим. Рисолани ёзиб бўлгач, унга «Зажруш шуббони ваш шийбаҳ ъан иртикабил ғийбаҳ» («Ёшу қарини ғийбат қилишдан қайтариш») деб ном бердим. Китобни икки бўлим қилиб, биринчи бўлимда ғийбат қилиш, иккинчи бўлимда эса ғийбатга қулоқ тутиш ва ғийбат аралашган мажлисда иштирок этиш ҳақида сўз юритдим. Кейинроқ одамларга осон ва тушунарли бўлиши учун бу рисолани «Ғийбат ўзи нима?» деб номладим. Аллоҳ таоло бу арзимас хизматни мақбул ва манзур айласин!»

Шариатда «Ғийбат» деб бирор кишининг ёмон сифатини унинг ўзи йўқлигида, агар эшитса, унга оғир ботадиган, дили ранжийдиган тарзда баён этишга айтилади. Бунда ғийбат қилувчи хоҳ тили билан айтсин, хоҳ қалами билан ёзсин ёки тана аъзолари билан ишора қилсин, ғийбат қилинган киши хоҳ кофир, хоҳ мусулмон бўл син, бунинг аҳамияти йўқ. Кишида мавжуд бўл маган айб ҳақида гапириш эса туҳмат ва бўҳтон ҳисобланади. Мазкур таърифда келтирилган сўзлар ўқувчига янада тушунарли бўлиши учун қуйида бир неча ҳадис ва ривоятлар зикр этилади.

Ҳикоя. Бир паст бўйли аёл Расулуллоҳ соллал лоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. У кетга нидан сўнг Оиша розияллоҳу анҳо: «Бу аёлнинг бўйи бунча ҳам паст бўлмаса», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, сен уни ғийбат қилдинг», дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Мен унда мавжуд бўлган нарса ни айтдим, холос-ку?!», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Бироқ) сен ундаги энг ёмон сифатни зикр қилдинг», дея марҳамат қилдилар. «Танбеҳул ғофилин», 205 - ҳадис.

Тавсия. Буюк тобеъин Иброҳим Нахаий раҳи маҳуллоҳ бундай деганлар: «Сен бировдаги бор бўлган нарсани (айбни) айтсанг, уни ғийбат қилган, агар унда йўқ нарсани айтсанг, у ҳолда унга бўҳтон қилган бўласан». Имом Муҳаммад, «Китоб ул - осор», 882 - хабар.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлардан: «Ғийбат нима эканини биласизларми?» - деб сўрадилар. Саҳобалар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқдир», дея жавоб бердилар. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ғийбат биродарингни у ёқтирмайдиган нарса билан зикр қилишингдир», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, мен айтган нарса биродаримда бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?» - деб сўралган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен айтган нарса унда бор бўлса, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган нарса унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», дея марҳамат қилдилар.? «Саҳиҳи Муслим», 2589 - ҳадис; «Сунани Абу Довуд», 4874 - ҳадис; «Сунани Термизий», 1934 - ҳадис; Имом Бағавий, «Маолим ут - танзил».

 

Изоҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал лам «биродаринг» деган сўзлари билан «сен ғийбат қилаётган киши бир қарашда сенга қариндошлиги бўлмаса ҳам, аслида у сенга биродар» демоқчи бўлганлар. Бу биродарлик уч жиҳатдандир. Биринчидан, сенинг ҳам, унинг ҳам бобокалони Одам алайҳиссолату вассаломдирлар. Иккинчидан, сенинг ҳам, унинг ҳам момокалони Ҳавво розияллоҳу анҳодирлар. Учинчидан, ҳар иккингиз мусулмонсизлар, мусулмонлар эса ўзаро ака-укадирлар. Киши туғишган ака-укасини ғийбат қилишдан ва уни хорлашдан иложи борича сақланганидек, бошқа кишининг айбини фош қилишдан ҳам сақланмоғи лозим.

Эслатма. Бу замонда ҳамма ўта расво ва ёмон иш бўлмиш ғийбатга муккасидан кетди. Ҳар бир одам ғийбатнинг таърифини ўз нафсига мувофиқ шаклда баён қилади. Баъзи одамлар «Ғийбат» деганда кишининг олдида айтолмайдиган ёмон сифатларини унинг йўқлигида айтишни тушуна дилар. Шунинг учун унинг олдида ҳам айта оладиган айбларини ортидан гапириш ғийбат бўлмайди, деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, иш улар ўйлаганидек эмас

Ҳикоя. Мен ғийбат қилаётган бир кишини кўриб, унга: «Жаноб, нима учун кишиларнинг айбини гапириб, уларни ғийбат қиляпсиз?» - дедим. У киши: «Мен у одамнинг айбларини ўзининг олдида ҳам қўрқмай айтавераман, шундай экан, бу ғийбат бўлмайди», деди. Ҳолбуки, бу гап нотўғри эди.

Батафсил тушунча. Юқорида нақл қилинган ҳадисларда киши айбини унинг олдида айта олиш ёки айта олмаслик деган қайд йўқ, балки ҳукм умумийдир. Яъни, кишининг айби унинг олдида ҳам айта олиш ёки айта олмасликдан қатъи назар ўзи йўқлигида айтилса, шунинг ўзи ғийбатдир. Шунингдек баъзилар: «Катта одам ўзидан кичикларнинг айбини айтса, (катта киши кичик одамдан қўрқмай, орқасидан айтган нар сани унинг олдида ҳам айта олгани боис) ғийбат бўлмайди», деб ўйлайдилар. Ваҳоланки, бу ҳам ғийбатдир.

Нотўғри тушунча. Баъзилар: «Кишида бўлмаган ёмон сифатларни зикр қилиш ғийбат бўлади, агар унда ростдан ҳам бор бўлган айблар баён қилинса, ғийбат бўлмайди», дейдилар. Ҳолбуки, бу гап ҳам тўғри эмас. Ҳозиргина зикр этилган ҳадислардан йўқ айбни гапириш ғийбат эмас, балки бўҳтон экани маълум бўлди. Бўҳтон эса Ғийбатдан ҳам оғирроқ гуноҳдир. Демак, баъзиларнинг юқоридаги гаплари Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом сўзларига буткул зид экан. Яна баъзилар: «Бировнинг ҳеч кимга маълум бўлмаган ёмон сифатини зикр қилиш ғийбат бўлади, ҳаммага машҳур бўлган айбларини баён қилиш эса ғийбат эмас», дейдилар. Шунинг учун унга: «Нима учун ғийбат қиляпсиз», десангиз, у: «Мен айтган айб махфий эмас, ҳамма одам ун дан хабардор, яъни улар мен айтгандан сўнг билиб қолгани йўқ, балки уни аввалдан ҳам билар эдилар, шунинг учун бу ғийбат бўлмайди», деб жавоб беради. Бу ҳам нотўғри тушунча. Зеро, кишининг яширин айбини айтиш билан маълум ва машҳур айбини гапириш ўртасида фарқ йўқ. Ҳар иккиси ҳам бирдек ғийбатдир. Лекин машҳур бўлмаган айбни айтган кишига иккита гуноҳ бўлади, биринчиси, ғийбат қилгани учун, иккинчиси, айбни очгани учун. Машҳур айб баён қилинганда эса, айбни очиш деган жиноят бўлмаса ҳам, ғийбат қилиш жинояти бўлади. Яъни, ғийбат учун гуноҳ ёзилиши аниқ. «Маълум ва машҳур бўлган айбни айтиш нима учун ғийбат бўлади?» - десангиз, бу саволга жавоб ушбу рисоланинг аввалидаги ҳикояда келтириб ўтилди. Унда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир аёлнинг бўйи пастлигини гапирган Оиша онамиз розияллоҳу анҳога танбеҳ берганлар ва у кишининг мазкур гапини ғийбат деб баҳолаганлар. Ваҳоланки, у аёлнинг бўйи пастлиги ҳаммага маълум бўлган. Бироқ, мана шу айблов унинг қулоғига етиб борса, қалби озор топиши аниқ эди. Демак, ғийбат вужудга келиши учун киши айбини унинг ортидан гапиришнинг ўзи етарлидир. Айбнинг эл орасида маълум ёки номаълумлигига қаралмайди.

ҒИЙБАТНИНГ ТАҚСИМЛАРИ

Бу бобда ғийбатни олтита тақсимга бўлиб, ҳар бир тақсим остида яна бир нечтадан қисмлар баён этилади. Биринчи тақсим Ёмонланаётган одамнинг мусулмонлиги ёки мусулмон эмаслигига қараб ғийбат уч қисмга бўлинади:

  1. Мусулмон одамни ғийбат қилиш. Мусул мон одамни ғийбат қилиш қатъий ҳаромдир. Чунончи, Аллоҳ таолонинг

«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин» Ҳужурот сураси, 12 - оят.  ояти мана шу ҳақда нозил бўлган. Чунки -ингиз, яъни «баъзиларингиз» сўзи охиридаги қўшимча мусулмонларга оид бўлиб, оят «Мусулмон бирор мусулмонни ғийбат қилма син», деган маънони англатади.

  1. Зиммийни ғийбат қилиш. Зиммий, яъни ислом диёрида жизя (жон солиғи) тўлаб, шу юрт қонун-қоидаларига тобе бўлиб яшайдиган кофир кишини ғийбат қилиш ҳам ҳаромдир. Зотан, кофир киши мусулмонларга тобе бўлгач, унинг жони, моли ва обрўсининг ҳимояси мусулмонларникига ўхшаш бўлиб қолади. Мусулмоннинг иззат ва обрўсини тўкиш ҳаром бўлганидек, зиммийга нисбатан ҳам бу ишни қилиш ҳаром ҳисобланади. Бу масала «Ад-Дуррул мухтор» ва бошқа китобларда очиқ-ойдин баён қилинган .
  2. Аҳли ҳарб бўлган кофирни ғийбат қилиш. «Аҳли ҳарб» деб, ислом диёрига тобе бўлмаган кофирга айтилади. Бундай кофирни ғийбат қилиш фиқҳ китобларида айтилишича, дуруст ҳисобланади. Иккинчи тақсим Ёмонланаётган одамнинг тириклиги ёки ўлганлигига қараб ғийбат икки қисмга бўлинади:

1.Тирик одамни ғийбат қилиш.

  1. Ўлган одамни ғийбат қилиш.

Тирикларни ғийбат қилиш ҳаром бўлганидек, вафот этган инсонларни ҳам ғийбат қилиш, сўкиш, ёмонлаш ва айблаш ҳаромдир. Гарчи улар ҳаётликларида гуноҳларга шўнғиб, умрларини хатолар билан барбод қилган бўлсалар ҳам. Чунки бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан янада қаттиқ қайтариқлар келган.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал лам айтдилар: «Сизлардан бирор киши (бир ривоятда «дўстингиз») вафот этса, уни тарк қилинглар! Уни ғийбат қилманглар!» “Сунани Абу Довуд” 4899-ҳадис.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўлганларни сўкманглар, чунки улар ўз қилган амаллари (жазоси)га етиб бўлишган».

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ўлганларингизнинг яхши сифатларини зикр қилинглар. Ёмон сифатларидан тилларингизни тийинглар». “Сунани Абу Довуд” 4900-ҳадис.

Изоҳ. Бу ҳадисдаги «зикр қилинглар» буйруғи мустаҳабликни билдиради, яъни агар уларда яхшилик бўлса, шуни зикр қилсангиз, сизларга савоб бўлади, зикр қилмасангиз ҳеч қандай гуноҳ йўқ. Лекин «тилларингизни тийинглар» буйруғи вожибликка далолат этади, яъни уларнинг ёмонликларини гапирмасликка мажбурсизлар, деган маънони ифодалайди . Вафот эт ганларни ғийбат қилиш ҳақдоридан кечирим сўрашнинг имкони бўлмаган гуноҳи кабирадир. Яъни, тирик одамни ғийбат қилганда ун дан кечирим сўраб , гуноҳдан қутулиш имкони бор. Лекин ўлган одамни ғийбат қилган кимса ундан ўзи ўлганда ҳам узр сўрай олмайди. Мана шу жиҳатдан ҳам у тирикларни ғийбат қилиш дан-да ёмонроқдир. Изоҳ “Базл ул-мажҳуд”дан истифода қилинди. Таржимон.

Муаллиф изоҳи. Фаразан, ўликларни ғийбат қилишдан қайтарувчи ҳадислар бўлмаганда ҳам, ақлнинг ўзи ўлганларни ғийбат қилиш тўрт жиҳатдан жоиз эмаслигини англаган бўлар эди.

  1. Ўликлар тирикларни ғийбат қилмайдилар, шунинг учун тириклар ҳам уларни ғийбат қилмасликлари ва уларга озор етказмасликлари лозим.

Ҳикоя. Абу Дардо розияллоҳу анҳу кўпинча қабристонга бориб, қабрлар олдида ўтирар эканлар. Бунинг сабаби сўралганида, у киши: «Мен охиратни ёдимга соладиган ва олдидан кетганимда мени ғийбат қилмайдиган кишилар ёнида ўтиргим келади», дердилар. «Иҳёу улумид-дин».

  1. Марҳумлардан тирикларга фойда етади. Зеро, уларни зиёрат қилиш билан охират ёдга келади. Дунёнинг ўткинчилиги яна бир бор эсга тушади. Шунинг учун тириклар ҳам марҳумларга фойда етказишлари ва уларнинг бу яхшиликларига мукофот беришлари лозим.

Ҳикоя. Али розияллоҳу анҳудан: «Қабристонга нима учун кўп борасиз?» – деб сўрашди. У киши: «Қабристон аҳллари охиратни ёдимга солиш билан менга фойдаси тегади ва мени ёмонлаб, устимдан шикоят қилмайди. Шунинг учун қабристонга кўп бораман ва у ердагилар билан кўпроқ суҳбатлашаман», дея жавоб бердилар.

  1. Ўликларни ғийбат қилиш билан уларнинг яқинларига ёки умуман тирикларга озор етади.

Тавсия. Агар бирор кишининг жон бераётган вақтида юзи қорайса, тили калимага келмаса, қабрида қандайдир азоб ёки илон, чаён каби ер ҳашаротлари кўринса, бу ишни билганлар бошқа одамлар орасида уни ошкор қилмасликлари, маййит ҳақидаги бу хунук хабарни ёймасликлари лозим. Токи бу гаплар билан яқинларининг қалбига озор етмасин.

Ҳикоя. Менинг қариндошларимдан «Муҳаммад Изҳорулҳақ Лакҳнавий» номли бир авлиё зот оламдан ўтди. Жон бераётган вақтида у кишининг тили калимага келмади. У киши ювилиб, кафанланганидан сўнг, ўша ердаги кишилардан бири таъна қилиб: «Кўринишда тақводор эди, лекин ўлаётганда тили калимага келмади», деди. Бу гапдан Ўша ердагилар озор топди. Шунда ҳазрат марҳум оёқларини қимирлатди ва баланд овозда калима ий айтди. Айтилган бу калимани эшитган одамлар таъна қилган кишининг ўзини айбладилар.

  1. Агар ўлган киши жаннатий бўлса, уни ғийбат қилиш аҳмоқликдан ўзга нарса эмас. Аксинча , дўзахий бўлса, уни ғийбат қилишнинг умуман ҳожати йўқ. Чунки, унга турган жойининг ўзи етарлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳатто дўзахга кириш эҳтимоли бор бўлган кишини ғийбат қилишдан ҳам қайтарганлар.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ўлганларингизни фақат яхшилик билан ёд қилинглар, чунки улар жаннат аҳлидан бўлсалар, (уларни ғийбат қилиш билан) гуноҳкор бўласизлар. Агар улар дўзах аҳлидан бўлсалар, турган жойларининг ўзи уларга етарлидир».

Учинчи тақсим

Аксар фиқҳий китобларда ёш бола ва жиннини ғийбат қилиш ҳукми зикр қилинмаган. Шунинг учун Имом Таҳтовий раҳимаҳуллоҳ каби муҳаққиқ олим ҳам бу ҳақда очиқ - ойдин бирор нима демаган. Лекин баъзи фақиҳлар уни очиқ ҳаром деб айтганлар. Чунончи, Ибн Обидин Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳдан: «Балоғатга етган кишини ғийбат қилиш ҳаром бўлганидек, ёш бола ва жиннини ғийбат қилиш ҳам ҳаром», де ган гапни ривоят қилганлар. Менинг наздимда, масалани янада батафсилроқ баён қилиш керак. Умуман олганда, уни мақтаса хурсанд бўладиган, ёмонласа хафа бўладиган даражада ақлли болани ҳамда маътуҳ, яъни ақли бироз камроқ одамни ғийбат қилиш дуруст эмас . Худди шунингдек, бирор қариндоши бор бўлган ақлсиз ёш бола ва жиннини ҳам ғийбат қилиш дуруст эмас. Чунки уларнинг ўзида ақл бўлмаса ҳам, уларни ғийбат қилиш билан қариндошларининг қалбига озор етади. Агар улардан (ёш бола, ақли калта ё жиннидан) одамларга бирор зарар етиш эҳтимоли бўлса, у ҳолда олдида ҳам, ортидан ҳам бошқаларни огоҳлантириш мақсадида айбларини айтиш жоиздир.

Тўртинчи тақсим

Ёмонланаётган одамнинг нима нарсаси зикр этилаётганига қараб ғийбат олти қисмга бўлинади.

  1. Бадан ғийбати. «Бадан ғийбати» дейилганда, кишининг баданига алоқадор айбларини айтиш тушунилади. Бунга бирор киши ҳақида уни таҳқирлаш ниятида: семиз, бўйи паст, бурни узун, кўзи кичкина, юзи қора, гапни эшитмайдиган даражада қулоғи оғир, ҳеч нарсани кўрмай диган кўр, бурни кесилган, бўйи узун, аъзолари катта, кўриниши хунук ва ҳоказо, деб айбларини айтиш киради.

Ривоят. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтдилар: «Аллоҳ ўлимтик гўштини ҳаром қилгани каби мўминнинг ҳар қандай нарсасини ғийбат қилишни ҳам ҳаром қилган». Суютий «Ад - дурр ул-мансурида Ибн Жарир Табарийдан нақл қилган.

Ҳикоя. Ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳ бир одамни зикр қила туриб, гап орасида: «У жуда қора», дедилар. Сўнг афсусланиб:  Мен қоралигини айтиш билан уни ғийбат қилдим, деб ўйлайман. Бу гуноҳдан тавба қилдим ва Аллоҳ таолодан мағфират сўрайман», дедилар. Мулло Али Қори, “Шарҳу айн ил - илм”

Ҳикоя. Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди, сўнг чиқиб кетди. У кетганидан кейин Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: « Агар бу аёлнинг бўйи паст бўлмаганида у қандай ҳам гўзал ва чиройли бўларди», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, сен уни ғийбат қилдинг», дедилар. Оиша онамиз: «Мен унда бор (рост) нарсани айтдим-ку», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен унда бор нарсани айтганинг учун ғийбат бўлди, унда йўқ (ёлғон) нарсани айтсанг, бўҳтон қилган бўлар эдинг», дедилар. Суютий "Ад-дурр ул-мансур”да Абд ибн Ҳумайддан нақл қилган.

Ҳикоя. Бир куни Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Сизга Сафийянинг (айбларидан) бўйи пастлигининг ўзи кифоя қилади», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, сен шундай (ёмон) гап гапирдингки, агар уни (шўр) денгиз сувига аралашти рилса, у(нинг ёмон мазаси) денгиз суви(нинг шўрлиги)дан ҳам ғолиб келарди», дедилар. «Сунани Абу Довуд», 4875-ҳадис.

 

 

 

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан бири Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳонинг бўйи пастлиги учун у кишининг устидан кулдилар. Шунда Аллоҳ таоло:

«Бирор қавм (эркак кишилар) иккинчи қавмни (бошқа эркакларни) масхара қилмасин, мумкинки, (Аллоҳ наздида, оқибатда) улар булардан яхшироқ бўлар. Ва аёллар (бошқа) аёлларни масхара қилмасин, мумкинки, (Аллоҳ наздида, оқибатда) улар булардан яхшироқ бўлар» Ҳужурот сураси, 11-оят. оятини нозил қилди. Сулаймон Жамал, «Тафсири Жалолайн» шарҳи.

Демак, киши бирор кимсанинг, жумладан ўзининг ҳам охир-оқибатини, жаннатий ёки дўзахийлигини билмагани учун ҳеч кимни ғийбат қилмаслиги лозим экан.

Тавсия. Муовия ибн Қурра Тобеинлардан. 36-ҳижрий санада туғилиб, 113-санада вафот этган. Ишончли ровийлардан саналади.  раҳимаҳуллоҳ: «Олдингдан қўл-оёғи кесилган одам ўтса ва сен: «Бу одамнинг қўл-оёғи кесилган экан», десанг, ғийбат ҳисобланади», деганлар. «Ад-дурр ул-мансур»да Абд ибн Хумайддан нақл қилинган.

Хикоя. Иброҳим ибн Адҳам раҳимаҳуллоҳ бир жойга меҳмонга борди. Дастурхонга ўтирилганидан сўнг одамлар бир кишининг келмаганлиги ҳақида гапирдилар. Шунда бир одам: «Фалончи оғир (семиз) киши, шунинг учун ҳаммадан кеч келади», деди. Иброҳим ибн Адҳам бу ғийбатни эшитиб, ўрнидан туриб кетди ва ўз нафсига: «Сен сабабли бу ғийбатни эшитдим, агар сен очкўз бўлмаганингда  зиёфатга бормас ва ғийбатни эшитмас эдим», деди. Шундан кейин уч кунгача овқат емай, нафсини жазолади. «Танбеҳул ғофилин»

Эслатма. Агар бирор жойга боришдан олдин, у ерда ғийбат ва шикоят бўлиши маълум бўлса, ундай жойга бориш жоиз эмас. Агар киши ўзининг у ерга бориши туфайли одамлар ғийбатни тарк қиладилар, деб ҳисобласа, у ерга бориши зарур бўлади. У ерда ғийбат бўлиши аввалдан маълум бўлмаса, бироқ борганидан кейин ғийбат бошланса, одамларни ғийбатдан тўхтатсин. Борди-ю, тўхтата олмаса, (агар бирор фитна хавфи бўлмаса) дастурхондан туриб кетсин. Асосийси, ғийбатга шерик бўлмаслик керак. Валлоҳу аълам.

Бу ҳикоялардан кишининг баданидаги бирор айб ва ёмон сифатни айтиш, сурати хунук бўлгани сабабли унга ҳақорат кўзи билан беписанд қараш шаръан ҳам, ақлан ҳам тўғри эмаслигини билиб олдик. Мавлоно Жалолиддин Румий раҳимаҳуллоҳ «Маснавий»да айтади:

Ҳиндию қипчоқу pумию ҳабаш,

Жумла як ранганд андар гўри хеш.

 

То бидони к-он ҳама нақшу нигор,

Жумла рўпўшаст-у мулки мустаъор.

 

Таржимаси:

Ҳинду қипчоқ, рум, ҳабаш – ҳар рангдадур,

Барчаси ўз гўрида бир рангдадур.

 

Токи билгин бу ҳама нақшу нигор,

Бари парда, мулк эрур – вақтинча бор.

 

Насрий баёни: Ҳинд, қипчоқ, румлик ва ҳабаш - ҳаммаси қабрда бир хил рангда бўлади. Билгинки, бу ҳамма нақшу нигор, яъни зоҳирий ранг ва суратлар фақатгина парда ва ориятга (вақтинча ишлатиб туриш учун) олинган мулк холос.

Ҳамманинг суратини Аллоҳ таоло яратган. Кимдир чиройли, кимдир хунук. Ҳамма одамда ҳам қандайдир бир нуқсон бўлади. Ғийбат қилувчи ўйлаб кўрадиган бўлса, ўз суратидан ҳам кўплаб айблар топади. Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтади:

Макун айби халқ, эй хирадманд, фош,

Ба айби худ аз халқ машғул бош.

 

Таржимаси:

Эл айбини фош қилгунча, эй оқил,

Ўз айбингни тузатмоққа фикр қил.

 

Насрий баёни: Эй оқил! Халқнинг айбини фош қилма. Халқ билан эмас, ўз айбинг билан машғул бўл.

Яна бир гап. Одам тугул, ҳатто сурати хунук жониворлар устидан кулиш ёки уларга ҳақорат кўзи билан боқиш ҳам яхши эмас.

Ҳикоя. Бир маротаба Ийсо алайҳиссалом ўз ҳаворийлари шогирдлари билан йўлда кетаётиб, бир итнинг ўлиги ёнидан ўтдилар. Ундан бадбўй ҳид анқиб ётарди. Ҳаворийларга унинг бадбўйлиги ёқмади. Ийсо алайҳиссалом: «Бу итнинг тишлари бунчалар ҳам оқ бўлмаса», дедилар. «Ихёу улумид-дин»

Ийсо алайҳиссалом бу гаплари билан итнинг фақат айбини кўриб, фазилатидан кўз юмган дўстлари ишидан таажжубланганларини билдирдилар.

Ҳикоя. Нуҳ алайҳиссалом тўрт кўзли итни кўрдилар. Тўрт кўзлиги сабабли уни хунук экан деб ўйлаб, унга беписанд боқдилар. Аллоҳ таоло амри билан ит тилга кириб: «Эй Нуҳ, сиз Худонинг яратишини айблаяпсизми? Агар яратиш ихтиёримда бўлганида, ит бўлмас эдим. Яратувчини айблаб бўлмайди», деди. Бу гапни эшитган Нуҳ алайҳиссаломда қўрқинч пайдо бўлди ва қаттиқ навҳа (фарёд) қилдилар. Шу вақтдан бошлаб, у кишининг номлари «Нуҳ» («Қаттиқ фарёд қилувчи») бўлди. «Нузҳат ул-мажолис», «Адаб» боби.

Ривоят. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтдилар: “Агар итни масхара қилсам, ит бўлиб қолишимдан қўрқаман”. “Мусаннафи Ибн Абу Шайба", 26059-асар. Таржимон.

  1. Либос ғийбати. Кишининг либосини ғийбат қилиш, мисол учун фалончи гадойларга ўхшаб кийиниб олган, ҳаром либос кияди, ипак кўйлак кияди, бузуқларга ўхшаб кийинади, шими тўпиғидан пастга тушиб туради ва ҳоказо деб гапиришдан иборат.

Ҳикоя. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Бир маротаба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бир аёл ҳақида «Унинг этаги узун», деб гапирдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тупур, тупур», дедилар. Тупурган эдим, оғзимдан бир парча гўшт тушди. «Ат-тарғиб ва-т-тарҳиб».

Тавсия. Аввалги олимлардан бири: «Агар (камситиш ниятида) фалончининг кийими калта ёки узун десанг, уни ғийбат қилган бўласан», деб айтган. «Танбеҳул ғофилин».

  1. Насаб ғийбати. «Насаб ғийбати» дейилганда, фалончининг насаби яхши эмас ёки унинг ота-бобоси паст ёки шажараси номаълум ва ҳоказо гапларни айтиш тушунилади.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир кишининг иккинчи кишидан дин ёки солиҳ амалдан бошқа нарсада ортиқлиги йўқдир», дедилар. Абдулваҳҳоб Шаъроний «Кашф ул-ғумма» китобининг «Одамларни таҳқирлаш» бобида келтирган. Яъни, киши бошқалардан дини ёки солиҳ амали билан афзал бўлади, насаби билан эмас. Ўз насаби билан фахрланиш ва бошқалар насабини айблаш энг ёмон иллатлардан биридир. Иншааллоҳ, бу ҳақда ғийбатнинг сабаблари баёнида муфассал сўз юритамиз.

  1. Одатлар ғийбати. Одатларни ғийбат қилишга фалончи ниҳоятда заиф, кўп ухлайди, кўп ейди, бирор ишни эплолмайди, ўтириш одобини билмайди, оқибатни ўйламайди, хотинлар билан маслаҳатлашади, ҳамиша хотинларга эргашади ва ҳоказо гапларни айтиш киради.

Ҳикоя. Араблар сафарда бир-бирларига хиз мат қилардилар. Бир сафар Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога бир киши ҳамроҳ бўлиб, уларга хизмат қилди. Бир жойга етганларида икковлари ухлаб қолишди. Уйғонганларида ҳалиги ҳамроҳ ҳам таом тайёрламай ухлаб ётган экан. Шунда бирлари иккинчиларига:  Бу одам уйқучи экан», деди. Сўнг уни уйғотиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларига бор, Абу Бакр ва Умар сизга салом айтдилар ва сиздан ейишга бирор нарса сўраяптилар, деб айт», дедилар. Ҳалиги киши келиб, гапни етказгач, Расу луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен ҳам уларга саломимни етказгин-да, сизлар таомланиб бўлибсизлар, деб айтгин», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини икковларига етказганида улар қўрқиб кетиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдилар ва: «Эй Расулуллоҳ, сиздан таом сўраб одам жўнатсак, икковлари таомланиб бўлди дебсиз, биз нима билан таомландик?» - деб сўрадилар. Шунда У зот: «Сизлар биродарингизнинг гўшти билан таомландингиз. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мен унинг гўштини тишларингиз орасида кўрмоқдаман», дедилар. Буни эшитиб икковлари У Зотга: «Аллоҳдан бизни кечиришини сўраб дуо қилинг», дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳнинг кечиримини сизлар учун у сўрасин, яъни ходимингиздан аввал ўзингиз кечирим сўранг. Сўнг у Аллоҳдан сизнинг гуноҳингизни кечиришини сўраб дуоқилсин», дея марҳамат қилдилар. Зиё Мақдисий, «Ал-аҳодис ул-мухтора», 1697-ҳадис.

Ҳикоя. Саҳобалар мажлисдан туриб кетган бир киши ҳақида: «Бу одам бунчаям заиф бўлмаса», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи  васаллам: «Сизлар биродарингизни ғийбат қилиш билан гўштини едингизлар», дедилар.  Абдулазим Мунзирий, “Ат-тарғиб ва-т-тарҳиб", 4289 - ҳадис. Бу Ҳикоя иншааллоҳ, ғийбатнинг жазоси баёнида муфассал ёритилади.

Ҳикоя. Саҳобалар бир кишини зикр қилиб: «Биров унга овқат бермагунча, (ўзи топиб) емайди, мингани улов бермаса, (ўзи топиб) минмайди», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар уни ғийбат қилдингиз» , деб айтдилар. Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, биз унда бор айбни айтдик, холос», дедилар. У Зот алайҳиссалом: «(Гапирилган гап ғийбат бўлиши учун) биродарингни унда бор нарса билан эслашингнинг ўзи кифоя қилади», дея марҳамат қилдилар. Абдулазим Мунзирий, «Ат-тарғиб ва-т-тарҳиб», 4290-ҳадис.

Ҳикоя. Бир улуғ дарвеш бир гўдак билан ҳазил қилди. Бундан хабар топган одамлар дарвешга таъна қилдилар. Дарвеш эса: «Одамларга ҳайронман, ҳазил улар наздида ҳаром у , ғийбат қилиш ҳалол экан», деди. (Бу ҳикоя тўртинчи бобда, иншааллоҳ, муфассал келтирилади).

Ҳикоя. Бир куни Салмон Форсий розияллоҳу анҳу овқатланиб бўлгач, хуррак отиб ухладилар. Икки киши у кишининг ҳуррак отиб ухлашлари ҳақида гапириб, ғийбат қилди. Шунда Аллоҳ таоло: «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин», оятини нозил қилди. Ғийбатнинг ҳаромлиги мана шу оят билан собит бўлди. Суютий, «Ад-дурр ул-мансур».

  1. Ибодат ғийбати. Ибодатларни ғийбат қилишга ундаги нуқсон ва камчиликларни гапириш, масалан, фалончи намозни яхши адо қилмайди, ёки таҳажжуд ўқимайди, нафлларга беэътибор, рамазон рўзасида камчиликка йўл қўяди, намозларни макруҳ вақтда адо қилади, дейиш ва ҳоказолар киради.

Ҳикоя. Шайх Саъдий бир куни таҳажжуд вақтида ухлаётган одамларни ғийбат қилиб: «Бу одамлар ҳам намоз ўқиса, қандай ҳам яхши бўлар эди», деди. Шунда у кишининг отаси: «Сен ҳам ухлаб, одамларнинг ғийбатидан сақлансанг, ун дан ҳам яхшироқ бўлар эди», дея насиҳат қилди. (Бу ҳикоя, иншааллоҳ, тўртинчи бобда муфассал келтирилади).

Ҳикоя. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида бир киши бир жамоа ёнидан ўтиб кетаётиб, уларга салом берди. Улар саломга жавоб қайтардилар. Ўтиб кетганидан кейин эса жамоанинг бир аъзоси (у кишини ғийбат қилиб): «Мен буни Аллоҳ учун ёмон кўраман», деди. Ўша жамоа аҳлидан яна бир киши: «Сен қандай ҳам ёмон гап айтдинг. Аллоҳга қасамки, бу гапингни унга айтамиз», деди. Сўнг ўз жамоасидан бўлган бошқа бир кишига: «Тур, унга етиб олгин-да , айтилган гапларни етказиб қўй», деди . Жўнатилган одам унинг ортидан етиб олиб, бўлган гапни айтиб берди. У (ғийбат қилинган) киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, бўлган можарони айтди ва ғийбат қилувчини чақиришларини сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақириб сўрасалар, айбини бўйнига олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Буни нима учун ёмон кўрасан?» - дедилар. У: “Мен унга қўшни бўлгани учун ҳамма ишидан хабардорман. Аллоҳга қасамки, у фарз қилинган намозлардан бошқа намоз ўқимайди», деди. Қўшниси: «Ё Расулуллоҳ, ундан сўранг-чи , мен намозларни вақтидан кечиктирар ёки намознинг таҳорати, рукуъ ёки саждасини ёмон бажарар эканманми?» деди. Сўрасалар, у: “Йўқ”, деди. У яна: «Аллоҳга қасамки, у яхши ҳам, ёмон ҳам эмас, рўза тутадиган ой (рамазон ойидан бошқа ойда рўза тутмайди», деди. Қўшниси: «Ё Расулуллоҳ , ундан сўранг-чи, мен рамазонда оғиз очган ёки бу ойнинг ҳаққини поймол қилган эканманми?» - деди. У: «Йўқ, лекин унинг ҳеч қачон мискин ёки фақирга бирор нарса берганини ёки Аллоҳ йўлида нафақа қилганини кўрмаганман. У фақат закот беради, уни эса яхши ҳам, ёмон ҳам адо қилади», деди. Қўшниси: «Ё Расулуллоҳ, ундан сўранг-чи, менинг закотни (берилиши лозим бўлган миқдордан) кам берганим ёки ҳақдори сўраб келганида кечиктирганимни кўрган эканми?»-деди. У яна: «Йўқ», деб жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ғийбатчига): «Тур (ҳузуримдан даф бўл), бу сен дан яхшироқ одам экан», дедилар. «Иҳёу улумид-дин»; «Муснади Аҳмад», 23803-ҳадис.

  1. Гуноҳлар ғийбати. Масалан, фалончи зино қилади, дилида ҳасад ва нафрати бор, ёлғон гапиришга одатланган, ота-онасига ниҳоятда озор етказади, қариндошлари билан алоқани узган, тили ёмон, ҳамиша ароқ ичади, ўғирлик қилади ва ҳоказо дейиш.

Ҳикоя. Саъдий Шерозий раҳматуллоҳи алайҳ устозига: «Фалончи менга ҳасад қилади», деди. Шунда устози: «Эй болам, сенинг наздингда ҳасад ҳарому, ғийбат ҳалолми? Сен менинг ёнимда уни ғийбат қиляпсан-ку», деди. (Бу ҳикоя ҳам, иншааллоҳ, тўртинчи бобда ёритилади). Аҳли сунна ва-л-жамоа наздида, Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан бошқа ҳеч бир киши маъсум, яъни бегуноҳ эмас. Ҳар бир одамда қандай дир нуқсон ва гуноҳ мавжуд. Бировда ҳасад бўлса, иккинчисида нафрат, яна бошқасида ёлғон гапириш ёки ғазаб қилиш бор. Хуллас, ҳеч ким айбдан холи эмас. Шунинг учун бирор айб туфайли бошқани ғийбат қилиш ноўрин. Ғийбат қилув чининг ўзи барча айблардан пок эканми? Инсон бирор гуноҳга мубтало бўлган кишини кўрганда уни айблаб, устидан кулиб, таҳқир қилиш ўрнига Аллоҳ таолодан у учун ҳидоят сўраши ҳамда ўзини ўша гуноҳдан сақлагани учун Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Шу билан бирга қолган умри давомида ҳам ўша гуноҳдан сақлашини сўраб Аллоҳ таолога дуо қилсин. Яна бир гап. Биз айблаётган ўша гуноҳкор одам тавба қилган ёки тавба қилишни хоҳлаб турган бўлиши мумкин. Бошқалар айбини ўйлаганимизда, аввал ўз гуноҳларимизни кўз олдимизга келтиришимиз лозим. Зеро, ўзимизда гапириш у ёқда турсин, эсласак уялиб кетадиган гуноҳларимиз талайгина.

Ривоят. Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: «Мусулмоннинг адашиши учун уч нарса кифоя қилади:

  1. Ўзи ҳам қиладиган (ёмон) иш билан бошқаларни айблаш.
  2. Одамларнинг айбини кўриб, ўз айбларини кўрмаслик.
  3. Ҳамсуҳбатига сабабсиз озор етказиш».

Ривоят. Ийсо алайҳиссалом айтдилар: «Эй одамлар, Аллоҳ таолонинг зикрисиз бўлган гапни кўпайтирманглар, қалбларингиз қаттиқлашади. Қаттиқ қалб эса Аллоҳ таолодан узоқдир, лекин сизлар билмайсизлар. Одамларнинг гуноҳига (қулининг камчилигини доим кузатиб турадиган, бирор айб топса, уни жазо лайдиган) қулдорлардек қараманглар. Балки ўз гуноҳларингизга (бирор айб қилиб қўйса, дарҳол хатосини англаб, уни тўғирлашга ҳаракат қиладиган) қуллардек қаранглар. Одамлар икки хил бўлади. Баъзилари (гуноҳга) мубтало, яна баъзилари (гуноҳ қилишдан) саломат қолган. Бало аҳлларига (гуноҳга гирифтор бўлганларга) раҳм қилинглар (уларни гуноҳлари туфайли хор тутманг, балки уларнинг ҳақларига дуои хайр қилинг) ва ўзингизнинг саломатлигингиз (гуноҳдан сақланганингиз) учун Аллога ҳамд айтинг». Имом Молик, «Муватто», 1789-ҳадис.

Бирор кишини гуноҳи туфайли хорлаш ёки уни дўзахий, деб ўйлаш Аллоҳ таолонинг ризолигидан маҳрум қиладиган ишлардандир. Гу ноҳкорни гуноҳи сабабидан уялтирган кишига Аллоҳ таоло ғазаб қилади. Агар Аллоҳ хоҳласа, гуноҳкорни кечири , уялтирувчини хор қилиши мумкин.

Ҳикоя. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: «Бани Исроил қавмида икки киши дўст тутинган бўлиб, бири ҳамиша гуноҳ ишлар қилар, иккинчиси эса астойдил ибодат қилиш билан машғул эди. Обид ҳамиша фосиқнинг гуноҳ қилаётганини кўриб, унга: « Гуноҳдан тийилгин», дея насиҳат қиларди. Кунлар дан бир куни дўстини яна гуноҳ устида кўриб: «Гуноҳдан тийилги», деса, у: «Мени тинч қўй, сен менга кузатувчи қилиб юборилганмисан?» деди. Шунда обид: «Аллоҳга қасамки, У сени кечирмайди (бошқа бир ривоятда: «У сени жаннатга киргизмайди»)», деди. Иккови ҳам вафот этгач, оламлар Раббиси ҳузурига келтирилдилар. Аллоҳ таоло обидга: «Сен Менинг ҳақимда хабардормидинг ёки Менинг қўлимдаги нарсага қодир (эга)мидинг?» - деди. Ва гуноҳкорга: «Бор, раҳматим ила жаннатга кир», иккинчисига эса: «Уни дўзахга олиб боринглар», деди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у бир гап гапириб, дунё ва охиратини барбод қилди». «Сунани Абу Довуд», 4901-ҳадис, Аввома нусхасида 4865-хадис.

Ҳикоя. Одам алайҳиссалом Аллоҳ таоло ман қилган дарахт мевасидан еганларидан сўнг баданлари қорайиб, ерга туширилдилар. Аллоҳ таоло у зотга: «Байтуллоҳни қургил ва уни тавоф қилгил, шунда Мен сени мағфират айлаб, тавбангни қабул қиламан», деб буюрди. Одам алай ҳиссалом Каъбани қурдилар. Жаброил алайҳис салом жаннатдан ҳажари асвад (қора тош)ни олиб келдилар. Ўша вақтда у тошнинг ранги ниҳоятда оқ бўлиб, нури узоқ - узоқларга етарди. Одам алайҳиссаломнинг тошга кўзлари тушгач, жаннат роҳатлари ёдларига келиб, безовта бўлдилар ва кўзларидан ёш оқди. Шунда жаннатдан туширилган ҳажари абяз (оқ тош): «Сиз Аллоҳ таолога осийлик қилиб, ўзингизни хор қилдингиз», деди. Бу сўзларни эшитиб, Одам алайҳиссалом ғамгин бўлдилар ва Аллоҳ таолога: «Эй Раббим, гуноҳим сабабли ҳамма нарса мени ёмон кўряпти, ҳат токи Жаннатдан чиққан тош ҳам маломат қилмоқда», дедилар. Аллоҳ таолонинг Одам алайҳиссаломга раҳми келди ва у кишининг қоралигини тошга берди. Шундай қилиб, у қора тошга айланди. Тошнинг оқлигини эса Одам алайҳис саломга берди, шунда у кишининг жисмлари яна асл ҳолига қайтиб, оппоқ бўлди. Сафурий, «Нузҳат ул-мажолис»

Бешинчи тақсим

Ғийбатчи қандай услубда айблашига қараб ғийбат тўрт қисмга бўлинади:

  1. Сароҳатан ғийбат қилиш. «Сароҳатан ғи бат қилиш» деганда, бирор кишининг номини очиқ айтиб, ёмон сифатларини баён қилиш т шунилади.
  2. Ҳикоятан Ғийбат қилиш. «Ҳикоятaн ғийбат қилиш» деганда, кимнингдир ёмон феълларини ўхшатиб бериш тушунилади. Масалан, чўлоқ кишининг юришини ўхшатиш ёки кўр киши нинг орқасидан кўзни юмиб юриш, бирор кимса соқов ёки дудуқ бўлса, гапиришда дудуқланиб унга тақлид қилиш ёхуд кўкрагини кериб юрадиган мутакаббирнинг юришини ўхшатиб бериш мақсадида кўкракни кериб юриш ва бошқалардир.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Менга казо ва казо берилса ҳам, бировни ўхшатиб беришни ёқтирмайман», дедилар. «Сунани Абу Довуд», 4875-ҳадис; «Сунани Термизий», 2503-ҳадис. Яъни, менга ҳар қанча молу дунё берилса ҳам, бировнинг гапи ёки ишини таҳқирлаш мақсадида ўхшатиб, унга тақлид қилиб беришни ёқтирмайман, демоқдалар.

  1. Ишоратан ғийбат қилиш. Ишора йўли билан ғийбат қилишда бирор аниқ кишининг номи айтилмайди. Лекин одамлар бир неча омиллар ёрдамида, яъни ҳолат ва вазиятдан келиб чиқиб гап ким ҳақида кетаётганини англаб оладилар. Масалан: “Бугун бизнинг ёнимизга келган киши мана бундай одам”, дейиш ёки: "Баъзилар ўзи илмсиз, нодон-у, лекин олим деган ном билан машҳур” ёки: "Баъзилар масжидда эътикоф ўтириб, сўнг уни бузиб юборадилар” ёхуд: Баъзилар жуда чиройли салла ва кўйлак кияди, бироқ яширинча зино қилади” ё бўлмаса: “Баъзилар аёлига бўйсуниб, ота онасига бўйсунмайди” ёки бирор қора киши келиб кетганидан сўнг: “Баъзи одамлар жуда қора бўлади-да” ёки бир беморни кўриб келгандан сўнг: “Баъзи кишиларнинг бадани жуда бадбўй бўлади-да” каби гапларни бир қарашда ноаниқ тарзда айтилгани билан эшитганлар: “Бу киши фалончи одам ҳақида гапиряпти”, деб тушуниб олсалар, шунга ишоратан ғийбат қилиш дейилади .
  2. Таъриз йўли билан ғийбат қилиш. Таъриз йўли билан ғийбат қилинганда, ғийбатчи бир қарашда кимнингдир ҳолатини баён қилади, аслини олганда эса бошқа одамни назарда тутган бўлади. Эшитувчилар ҳам гапнинг ким ҳақида бораётганини англаб турган бўладилар. Масалан, бир одам ҳақида гапирилаёт ганда: “Мени гуноҳлардан сақлаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!” деса, бу гап кўринишда ҳамду сано бўлиб кўрингани билан аслида юқорида айтилган кишининг қандайдир бир гуноҳ қилганини шу ерда ўтирганлар тушуниб олаверадилар. Ёки “Бомдод намозини жамоатда ўқимаслик мунофиқлик белгисидир”, деса, юқорида айтилган кишининг бомдод намозини жамоат билан ўқимаслигини шу ердагилар тушунадилар.

Олтинчи тақсим

Айблов воситасига қараб ғийбат бешта қисмга бўлинади:

  1. Тил билан ғийбат қилиш.

Ҳикоя. Баъзи кишиларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хилол қилинглар, яъни тишларингиз орасини тозалаб ташланглар», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Биз бугун бирор таом емадик», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен тишларингиз орасида фалончининг гўштини кўряпман», дедилар. Дарҳақиқат, улар айтилган ўша кишини ғийбат қилган эдилар. Суютий « Ад - дурр уд - мансур » да Абд ибн Ҳумайддан нақл қилган.

Ҳикоя. Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидан туриб кетгач, бошқа бир киши уни ғийбат қилди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Хилол қил (тишинг орасидаги нарсани чўп билан чиқариб ташла)», дедилар. У: «Гўшт емаган бўлсам, нимадан хилол қилайин, яъни тишим орасидан нимани чиқариб ташлайин?»-деди. У зот: «Сен (ҳозиргина мусулмон) биродаринг гўштини единг», дедилар. Мунзирий «Ат-тарғиб ва-т-тарҳиб»да Табаронийдан нақл қилган.

  1. Қулоқ ғийбати. Биров ҳақидаги ғийбатни эшитиш ва унинг тарафини олмасдан жим туриш, уни қулоқ билан ғийбат қилишдир. Шайх Саъдий шундай дейдилар:

Туро он , ки чашму даҳан дод - у гўш,

Агар оқилий дар хилофаш макўш.

Насрий баёни: Агар аклли бўлсанг, сенга кўз, оғиз, қулоқ берган Зот (Аллоҳ)га (бу аъзоларни ноўрин ишлатиш билан) қарши чиқишга ҳаракат қилма.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сен бор жойда бирор киши ғийбат қилинса, сен (тарафини олиш, ҳимоя қилиш ёки мақташ билан) у кишига ёрдамчи бўл ва (ғийбат қилувчи) қавмни ғийбатдан қайтар ва (шунда ҳам улар ғийбатдан тўхтама салар) ўша ўтиришдан туриб кет». Суютий «Ад-дурр ул-мансур»да Ибн Абу Дунёдан ривоят қилган.

Ҳикоя. Маймун ибн Сиёҳ Маймун ибн Сиёҳ ал-Басрий. Куняси Абу Баҳр. Жундуб ибн Аб дуллоҳ ал-Бажалий, Анас ибн Молик, Ҳасан Басрий ва Шаҳр ибн Хавшаб розияллоҳу анҳумлардан ҳадис ривоят қилган (“Таҳзиб ут-таҳзиб”). раҳимаҳуллоҳ ўз ҳолини шундай нақл қилади: «Бир куни ухлаб ётсам тушимда бир қора танли ҳабашнинг ўлиги келтирилди ва кимдир менга: «Буни егин» деди. Мен: «Эй Аллоҳнинг бандаси, нега буни ейман?» - дедим. У: «Фалончининг ходимини ғийбат қилганинг учун», деди. Мен: «Аллоҳга қасамки, мен унинг бирор яхши ёки ёмон сифатини зикр қил мадим», деб айтдим. У одам: «Лекин сен қулоқ солдинг ва рози бўлдинг, яъни тилинг билан ғийбат қилмаган бўлсанг ҳам, уни эшитиб, рози бўлиб, жим ўтиравердинг», деди. Шундан сўнг Маймун ибн Сиёҳ ўзи ҳам бирор кишини ғийбат қилмас, бошқаларга ҳам унинг ёнида бировни ғийбат қилишларига йўл қўймас экан. Бағавий, «Маолим ут-танзил».

Иншааллоҳ, ғийбатга қулоқ солиш масаласига иккинчи бўлимда муфассал тўхталиб ўтамиз.

  1. Қалб ғийбати. «Қалб ғийбати» деганда, биров ҳақида ёмонгумон қилиш, яъни бирор белги ва сабаблар бўлмай туриб бир солиҳ, мусулмон киши ҳақида дилда ёмон гумон туғдириш тушунилади. Иншааллоҳ, ёмон гумон қилиш баёни ҳам яқинда келади.
  2. Аъзолар билан ғийбат қилиш. Аъзолар билан ғийбат қилиш, бу – бирор кишининг айбини одамларга қўл, кўз ва бошқа аъзолар билан ишора қилиб тушунтиришдир. Масалан: мажлисдан туриб кетган кишининг қандайдир айбини билдириш учун қўл билан ишора қилиш ёки кўз билан ортидан кинояли қараш, ёхуд лабни қимирлатиш, ё бўлмаса мажлисда биров мақталаётганда (бу мақтов тўғри эмас, дегандек) бўйинни қимирлатиш.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир паст бўйли аёл келди. У кетганидан сўнг Оиша розияллоҳу анҳо қўллари билан унинг бўйи паст эканига ишора қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, сен уни ғийбат қилдинг», дедилар. Суютий «Ад - дурр ул-мансур»да Байҳақийдан ривоят қилган.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон киши учун ўз биродарига озор берадиган назар билан ишора қилиш ҳалол эмас», дедилар. Ибн Муборак. "Зухд" китоби, 689-ҳадис; Ғаззолий. «Иҳёу улумид - дин»

Оят. Аллоҳ  таоло:

 

 

«Ҳар бир ҳумаза ва лумaзaгa вaйл бўлсин» Ҳумаза сураси, 1-оят. дея хабар беради. «Ҳумаза» ва «лумаза» сўзлари маъносида муфассирлар ихтилоф қилганлар. Байҳақий Ибн Журайждан келтирган ривоятда: «Ҳумазадан одамларгам кўзи ва қўли билан, лумазадан эса уларга тили билан озор берадиган киши ирода қилинган», дейилади. Имом Суютий «Ад-дурр ул-мансур»да шу ривоятни нақл қилган. Бағавий Суфён Саврийдан: «Ҳумаза тили билан одамларга таъна қиладиган, лумаза эса уларга кўзи билан ишора қилиб озор берадиган кишидир», деган ривоятни келтиради. Сулаймон Жамал «Жалолайн» ҳошиясида Ибн Кайсон дан: «Ҳумаза суҳбатдошига ёмон сўзи билан, лумаза эса бировга кўзи, қоши ёхуд боши билан кинояли ишора қилиб, озор берадиган кишидир», деган гапни келтирган. Бу оят ҳақида, иншааллоҳ, яна тўхталиб ўтамиз.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Мени меърожга олиб чиқилганда, териси ўтли қайчи билан кесилаётган бир неча эркакларни кўрдим ва Жаброил алайҳиссаломдан: «Эй Жаброил, булар кимлар?» деб сўрадим. Жаброил алайҳиссалом: «Булар зино учун зийнатланганлар», деди. Яна ичидан қаттиқ овозлар эшитилиб турган бадбўй қудуқ ёнидан ўтдим ва Жаброил алай ҳиссаломдан: «Эй Жаброил, булар кимлар?» деб сўрадим. У киши: «Булар зино учун зийнатланган ва ўзига ҳалол бўлмаган ишни қилган аёллар», деб жавоб берди. Сўнг кўксидан осиб қўйилган эркак ва аёллар ёнидан ўтдим ва: «Эй Жаброил, буниси кимлар?» – деб сўрагандим, у киши: «Булар ҳумаза ва лумазалар», деб жавоб берди. Мунзирий, «Ат-тарғиб ва-т-тарҳиб».

  1. Қалам билан ғийбат қилиш. Қалам билан ғийбат қилишга бировнинг айбини бошқа бирор кишига хатда ёзиб жўнатиш ёки ахборот берувчи газеталарда босиш ёки бостириш, таҳқирлаш мақсадида ўз китобида замондошларининг айбларини кўрсатиш кабилар тушунилади. Эслатма. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Иҳёу улумид-дин» номли китобида, Сафурий «Нузҳат ул-мажолис»да, Фақиҳ Абу Лайс «Танбеҳ ул-ғофилин»да ва Офандий ўзининг «Сийрати Аҳмадия»сида ғийбат турлари ҳақида жуда қисқа ёзганлар. Мен одамлар фойдаланишлари ва залолат йўлидан ҳидоят йўлига юришлари учун бу баҳсларни кенгроқ тафсилоти билан ёздим. Энди учинчи бобга ўтсак ҳам бўлаверади. Чунки айтиб ўтилган тафсилот зийрак киши учун кифоя қилади. Зеро, шоир айтади:

Нахоҳам дарин навъ гуфтан басе,

Ки ҳарфе бас ар кор бандад касе.

Таржимаси:

Бул хусусда ортиқ сўзламам абас,

Амал қилгувчига бир сўз етар, бас.

 

Насрий баёни: Бу борада мен кўп гапирмоқчи эмасман, чунки амал қилмоқчи бўлган киши учун бир ҳарф, яъни ишора ҳам етарлидир.

ҒИЙБАТНИНГ РУХСАТ ЭТИЛГАН ТУРЛАРИ

Бу бобда ғийбатнинг дуруст, яъни шариат Олимлари жоиз деб рухсат берган, ҳатто баъзи ўринларда савобли бўлган турлари баён қилинади. Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»нинг шарҳида, Имом Ғаззолий «Иҳёу улумид-дин» ва «Кимёйи саодат»да, Сафурий «Нузҳат ул-мажолис»да, Бадриддин Лоҳурий «Матолиб ул-мўминин”да ҳамда имом Балхий «Айн ул-илм»да Ғийбатнинг олти турини жоиз деганлар. Ибн Обидийн «Ад-дурр ул-мухтор”нинг шарҳи «Радд ул-муҳтор»да уларга яна тўрт кўринишни қўшиб, саноқни ўнтага етказганлар. Мен унга яна учта кўринишни қўшимча қиламан ва ҳар бир кўринишнинг нима сабабдан рухсат берилганини ҳам айтиб ўтаман.

  1. Бош ҳокимга зулмда қолганлигидан шикоят қилиш. Қози, муфтий, девондагилар ёки амирдан зулм кўрган киши ўз ҳаққини ундириш учун мазкур лавозимдаги кишилар устидан юқори ҳокимга шикоят қилиши жоиздир. Чунки юқори ҳокимга золимнинг устидан шикоят ва ғийбат қилинмаса, мазлумнинг ҳақи поймол бўлади. Бундан ташқари, кичик ҳокимнинг зулми юқори ҳокимга айтилса, у ўша золимни мансабдан бўшатиб, барчани унинг зулмидан халос қилиши мумкин. Мана шу фойдаларга биноан Ғийбатнинг ушбу кўриниши дурустдир.

Тавсия. Шуъба раҳимаҳуллоҳ айтадила: «Золимнинг устидан шикоят қилиш ва одамларни огоҳлантириш ғийбат бўлмайди». Суютий «Ад-дурр ул-мансур»да Байҳақийдан нақл қилган.

Оят. Оламлар Роббиси Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Аллоҳ (бирор киши ҳақида) ёмон гапни ошкор қилишни ёқтирмайди, бироқ мазлум бундан мустаснодир». «Нисо», 148-оят.

Яъни мазлум ўзига етган зулмни ошкора айтишида бирор зарар йўқ. Имом Розий «Тафсири кабир»да мазкур оятнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги маъносини келтиради: «Аллоҳ таоло дуойибадни ёқтирмайди, бироқ мазлумнинг золим ҳақига қилган дуойибади бундан мустаснодир». «Тафсири Жалолайн» муаллифи: «Бу ояти каримада ҳар икки маъно ҳам: яъни бировнинг айбини ошкор қилиш ҳам, дуойибад қилиш ҳам кўзда тутилган бўлиши мумкин”, дейдилар. Шунда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: «Кимки бирор кишининг айбларини ошкор қилса ёки бирор кишининг ҳақига дуойибад қилса, унга Аллоҳ таоло азоб беради, бироқ мазлум киши золимни дуойибад қилиши ва унинг айбларини очиб, ғийбат қилиши бундан мустасно. Яъни, қилган бу иши учун Аллоҳ таоло уни азобламайди». Демак, мазлум киши ўз ҳақини ундириш мақсадида фалончи молимни ўғирлади ёки зўрлик қилиб молимни тортиб олди ёхуд омонатимга хиёнат қилди, деб золим устидан юқори ҳокимга шикоят қилиши ҳам, золимнинг ҳақига дуойибад қилиши ҳам дуруст ҳисобланар экан.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бир киши баъзи одамлардан ўзини зиёфат қилиб меҳмон қилишларини талаб қилди. Улар уни меҳмон қилмадилар. У одам уларнинг устидан шикоят қилиб, ошкора уларнинг ёмонликларини баён қилди. Саҳобийлар ундан хафа бўлдилар ва унинг қилган шикоятидан норози бўлдилар. Ўшанда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилиб, мазлум учун ғийбат қилишга рухсат берди. Қози Саноуллоҳ, «Тафсири Мазҳарий».

Ҳикоя. Кинда қабиласидан бўлган киши билан ҳазрамантлик киши Ямандаги бир ер тўғрисида тортишиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. Ҳазрамантлик киши (киндаликнинг отаси устидан шикоят қилиб): «Е Расулуллоҳ, бунинг отаси менинг еримни тортиб олган, ҳозир ўша ер бунинг қўлида (шуни менга қайтариб олиб беринг)»,-деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Далилинг (икки гувоҳинг) борми?» — деб сўрадилар. У киши: «Йўқ. Лекин, ундан бу ер меники эканини ва отаси уни мендан тортиб олганини билмаслиги ҳақида Аллох, номи ила қасам ичишини сўрайман», деди. Киндалик киши қасам ичишга шайланган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирор киши (ёлғон) қасам билан бировнинг молини ўзлаштириб олса, (қиёмат куни) Аллоҳ таолога ажзам (қўлу оёқлари кесик ёки мохов) бўлган ҳолда йўлиқади», дедилар. Шунда киндалик: «Ер (ҳақиқатда ҳам) буники», деди. Яъни, ҳақиқатни эътироф этиб, ерни эгасига қайтариб берди. "Сунани Абу Довуд”, 3244 - ҳадис.

  1. Айбларни тузатиш учун ғийбат қилиш. Бирор айб ёки гуноҳга одатланиб қолган кишининг бу ишлари тўғрисидаги хабарни унга насиҳат қилиб, айбу гуноҳдан қайтара оладиган кишига етказиш дурустдир. Чунки бу ғийбат сабабли у гуноҳдан қайтиши мумкин. Масалан, бир кишида баъзи айблар бўлса, унинг ота-онасини хабардор қилиб қўйиш ёки қозининг пора олаётгани тўғрисидаги хабарни султонга етказиш дуруст амал ҳисобланади. Токи ота-онаси ёки бошқа бирор киши бу одамни ёмон ишдан қайтарсин ёки султон қозини ишдан олиб ташласин, ёхуд танбеҳ берсин, шунда бутун жамиятга манфаат етади. Ҳикоя. Куфа аҳли (Ўз ҳокимлари) Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу устидан Умар розияллоҳу анҳуга шикоят қилдилар. Умар розияллоҳу анҳу у кишини ишдан бўшатиб, ўрнига Аммор ибн Ёсирни ҳоким этиб тайинладилар. Куфаликлар Саъд розияллоҳу анҳунинг бир неча ишларидан, шу жумладан, намозни яхши ўқиб бермайди, деб ҳам шикоят қилган эдилар. Умар розияллоҳу анҳу у кишини чақириб: «Эй Абу Исҳоқ (бу Саъд розияллоҳу анҳунинг куняси), куфаликлар айтишига қараганда, сиз намозни чиройли ўқиб бермас экансиз», дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, мен уларга намозни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари каби ўқиб берар, унда бирор нуқсонга йўл қўймас эдим. (Масалан), хуфтон намозида аввалги икки ракъатни узун, кейин

 

ги иккитасини қисқа ўқийман», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Абу Исҳоқ, сиз ҳақингизда бизнинг гумонимиз шуэди», дедилар. Сўнг у киши қолган шикоятларни ҳам текшириш учун Саъд розияллоҳу анҳу билан бирга бир-икки одамни Куфага юбордилар. Улар Куфага бориб, Саъд розияллоҳу анҳу ҳақида сўрамаган бирор масжид қолмади. Барча у кишини мақтади. Сўнг Баний Абс масжидига борсалар, «Усома ибн Қатода» (куняси «Абу Саъда») номли киши ўрнидан туриб: «Аллоҳ номи ила сўраганингиз учун гапнинг ростини айтаман. Саъд бирор лашкар билан жангга бормас, ўлжани баробар тақсим қилмас, ҳукм чиқаришда адолат қилмас эди», деб айтди. Ҳазрат Саъд (мунофиқларча айтилган бу ёлғон гапларни эшитиб):  Аллоҳга қасамк , бу учта ёлғон даъво эвазига) мен ҳам учта дуо қиламан. Эй Аллоҳим! Агар бу банданг ёлғончи бўлиб, риё ва сумъа (Риё ва сумъа – бошқаларга кўрсатиш ва эшиттириш мақсадида бирор иш қилиш.) учун ўрнидан турган бўлса, унинг умри ва фақирлигини узун айла ҳамда уни фитналарга нишон қил», дедилар. Орадан анча замонлар ўтиб, у одамдан аҳволини сўрашса: «Саъднинг дуоси теккан, ёши катта ва фитнага қолган чолман», дея жавоб берарди. Абдул малик: «Мен уни ёши катта бўлиб кетганидан қошлари икки кўзига тушиб қолганини кўрган ман. Йўлдан ўтган чўриларга тегажоқлик қилар эди», деди. «Саҳиҳи Бухорий», 755-ҳадис.1244

Мазкур ҳикоя бирор кишининг айбини тузатиш мақсадида (уни тузата оладиган кишига айтиб ) ғийбат қилиш мумкинлигини билдиради.

Чунки шундай бўлмаса, Куфа аҳли Саъд розиял Лоҳу анҳу устидан шикоят қилмас эди. Улар шикоят қилган тақдирда ҳам, ҳазрати Умар розиял Лоҳу анҳу уни эшитмас эдилар. Зеро, ғийбатни эшитиш ҳам ғийбат қилиш билан баробардир. Чунки бир ҳадисда айтилишича: «Ғийбат қилувчи ва уни эшитувчи гуноҳда шерикдир». «Иҳёу улумид-дин»; «Хизонатур ривоёт».

Ҳикоя. Обиллаҳм ("Обиллаҳм"нинг сўзма-сўз таржимаси "гўштдан воз кечувчи"дир. Бу саҳобанинг асл номлари ривоятларда турлича келган. Кимдир «Абдуллоҳ», яна кимдир «Ҳувайрис», яна баъзилар эса «Халаф» бўлган дейдилар. Лақаблари «Обиллаҳм» бўлиб қолишининг сабаби шуки, у киши жоҳилият замонасида бутларнинг номига атаб сўйилган жонлиқларнинг гўштини ейишдан воз кечган эдилар. Ҳунайн ғазотида шаҳид бўлганлар ("Тафҳи-мул Муслим”)  розияллоҳу анҳу ўз қули Умайрга гўшт қуритишни буюрди. Умайр гўшт қуритаётганида бир мискин келган эди, у киши хожасидан берухсат унга гўштдан озроқ бериб юборди. Обиллаҳм бундан хабар топгач, ғуломини урди. Ғулом бу воқеани Пайғамбар алайҳиссаломга (хожасидан шикоят қилиб, у зот унга насиҳат қиладилар деган ниятда) айтиб берди. Расулуллоҳ уни чақириб: «Сен нега Умайрни урдинг?» дедилар. Обиллаҳм: «Менинг розилигимсиз таомимни фақирга бериб юборди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ажр иккингиз орангизда бўлади» , дея марҳамат қилдилар. «Саҳиҳи Муслим», 2366 - ҳадис.

Изоҳ. Гўшт хожаники бўлгани учун, унинг розилигисиз бериб юборилган бўлса ҳам, унга савоб берилар экан. Қулга ҳам алоҳида ажр бор экан. Чунки у ўзининг гўшти бўлмаса ҳам, ўзича

 

яхшилик қилмоқчи бўлган, хожасини ҳам бунга норизо бўлмайди, деб ўйлаган эди.

Ҳикоя. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ замонларида ҳамиша гуноҳ қилиб юрадиган бир йигит бор эди. Онаси кўп бора қайтарса ҳам, у онасининг гапига кирмас эди. Онаси Ҳасан Басрийнинг олдиларига келиб, (у киши ўғлига насиҳат қилади ва тўғри йўлга бошлайдилар деган ниятда) ўғлидан шикоят қилар эди. Ўлими яқинлашиб қолганини билган ўша йигит бир куни онасига: «Ҳасанни бу ерга чақиринг, менга тавбани ўргатсин», деди. Онаси Ҳасан Басрийнинг ёнларига келиб, ўғлининг орзусини айтди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ эса у кишидан қаттиқ хафа бўлгани учун олдига бормади. У киши Ҳасан Басрийнинг келишидан ноумид бўлгач, онасига: «Менинг жоним чиққач, бўйнимга бир арқон боғлаб мени айлантиринг ва қабримни уйимдан кавланг, чунки мен жуда ёмон одамман. Ҳаётлигимда кўплаб одамга озор берганман, ўликлар ҳам мендан озор топмасин», дея васият қилди. Охири унинг жони чиқди. Онаси васиятни бажаришни қасд қилган эдики, ғойибдан : «Аллоҳнинг валийси (дўсти)га мулойимлик қил», деган овоз келди. Бу гапни эшитгандан кейин онаси арқонни бўйнидан чиқариб, васиятга кўра уни уйга дафн қилди. Ювиб, кафанланганидан кейин Ҳасан Басрий келиб: «Мен ҳозир Аллоҳ таолони тушимда кўрдим, Аллоҳ таоло: “Эй одам, сен уни Менинг раҳматимдан ноумид қилдинг, Мен уни кечириб, жаннатимга киргиздим», деди. Сафурий, «Нузҳат ул-мажолис».

Бу ҳикоядан Аллоҳ таолонинг раҳмат дарёси жўш урса, ҳар қандай гуноҳ ўчиб кетиши мумкин экани маълум бўлди. Мазкур одам ниҳоятда гуноҳкор бўлишига қарамай, ўлими вақт да хавфга тушиб, бадани даҳшатдан титрагани сабабли Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечирди. Бироқ, инсон Аллоҳ таолонинг раҳмату мағфиратига суяниб, гуноҳ қилавермаслиги, балки Унинг Қаҳҳорлиги ва ғазабига ҳам назар қилмоғи ва дилида қўрқинч бўлмоғи лозим.

Ҳикоя. Бир маротаба Умар розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуга салом берган эдилар, у киши жавоб қайтармадилар. Умар розияллоҳу анҳу бу хабарни Абу Бакр розияллоҳу анҳуга етказиб: «Усмонга насиҳат қилинг ва у кишига саломга алик олиш кераклигини таъкидлаб қўйинг», дедилар. Ҳазрат Абу Бакр бу шикоятни эшитиб, Усмон розияллоҳу анҳуга насиҳат қилдилар. Мулло Али Қорий, «Айн ул-илм» шарҳи.

Демак, эшитиб туриб саломга алик олмаган кишининг бу иши ҳақида унга сўзи ўтадиган бирор кишига айтиб, насиҳат қилиб қўйишини сўраш ҳам ғийбат эмас экан. Яна, бу ҳикоядан саломга жавоб қайтариш ҳам қай даража зарурлиги маълум бўлади. Акс ҳолда, Умар розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳунинг устидан шикоят қилмас ва у кишининг жавоб қайтармагани учун хафа бўлмас эдилар. Шунинг учун фиқҳий китобларда салом бериш «суннати муаккада», жавоб қайтариш эса «фарзи кифоя» дейилади. Агар мажлисда фақат бир киши жавоб берса, қолган барчанинг зиммасидан фарз соқит бўлади.

Ҳикоя. Ҳазрат Умарга кимдир Шомдаги «Абу Жандал» исмли кишининг доимий хамр ичишга берилиб кетгани ҳақидаги хабарни (у зот унга насиҳат қиладилар деган умидда) етказди. Умар розияллоҳу анҳу бу шикоятни эшитгандан сўнг Абу Жандалга: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳа. Мим. Қуръон ниҳоятда забардаст ва ниҳоятда илмли, гуноҳни кечирувчи ва тавбани қабул қилувчи, қаттиқ азоб берувчи ва қудрат соҳиби бўлмиш Аллоҳ томонидан нозил қилингандир», деган таҳдидли ояти каримани ёздилар ва унга юбордилар. Абу Жандал бу хатни ўқигач, дилидан қаттиқ надомат қилиб, хамр ичишдан тавба қилди.

Ҳазрат Умар шу хабарни етказган кишини ғийбат қилди, деб ҳисобламаганлар. Чунки хабарни етказувчи киши ҳазрат Умар Абу Жандални мазкур ишдан қайтарадилар, бошқаларнинг насиҳати унга фойда қилмаса ҳам, ҳазрат Умарнинг насиҳати фойда қилади, деган умидда бўлган. «Иҳё улумид-дин»

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳумлар ўлдирилгани ҳақида хабар келди. У зот масжидда ғамгин бўлиб ўтирган эдилар, бир киши келиб, (Пайғамбар алайҳиссалом қайтарадилар, аёлларни тўхтатадилар деган мақсадда) Жаъфар розияллоҳу анҳунинг аёллари йиғлаётганини айтди. Пайғамбар алайҳиссалом (шикоятни эшитгач), унга аёлларни йиғидан қайтаришни буюрдилар. У одам яна иккинчи маротаба келиб, аёллар унинг гапига қулоқ солмаётганини айтди. Пайғамбар алайҳиссалом яна: «Уларни қайтар», дедилар. Учинчи марта келиб: «Аллоҳга қасамки, ё Расулуллоҳ, улар мендан ғолиб келдилар, яъни уларни йиғидан тўхтата олмадим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Ундай бўлса), уларнинг оғзига тупроқ соч», дедилар. «Саҳиҳи Бухорий», 1299-ҳадис.

Насиҳат. Бу хабардан маййитга овоз чиқариб, бақир-чақир қилиб йиғлаш қаттиқ ман этилгани маълум бўлди. Ҳар қандай инсон ҳам бирор азиз кишиси ҳалок бўлса, қаттиқ надомат ва ҳасрат қилиши табиийдир. Бу вақтда маййитга бироз бўлса ҳам фойдаси тегадиган бирор иш қилиш лозим. Ортиқча йиғлашдан ҳеч фойда йўқ, чунки у дунёга қайта тирилиб келмайди. Балки, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг наздларида, тирикларнинг йиғлаши туфайли маййитга азоб ҳам бўлади. Ортиқча йиғлаш инсоннинг бесабрлиги ва ақлсизлигини билдиради, холос. Хабарда келишича, бирор одам ва фот этиб, одамлар бетоқатлик билан йиғлашни бошласа, жон олувчи фаришта уйнинг дарвоза сида туриб: «Эй одамлар, нимага йиғлаяпсизлар? Биз унга ҳеч қандай зулм қилмадик, балки, унинг белгиланган вақти келганда жонини олдик, холос», дейди. Замондошларимиз йиғлаш масаласида ниҳоятда бепарволикка йўл қўядилар. Биров вафот этса, хўп чинқириб йиғлайдилар. Аёлларнинг аҳволини баён қилишга эса ҳожат ҳам йўқ. Ажабланарлиси, эркаклар аёлларни йиғлашдан қайтариш ўрнига ўзлари ҳам аёлларга қўшилиб бетоқат, сувсиз қолган балиқдек дод-войларга шерик бўладилар. Нега бу қадар йиғлайсизлар, деб насиҳат қилган кишидан хафа бўладилар ва унга: «Ўзинг мусибатга учрамагансан-да, билмайсан. Мусибатнинг қанчалик оғирлигини унга дучор бўлган одам билади», деб эътироз қиладилар. Йиғлаш шаръан дурустми ёки йўқми, бу билан ишлари ҳам йўқ. Хулоса шуки, бирор киши вафот этса, одамлар фақат кўз ёши қилиб йиғлашлари, дод-вой солмасликлари, балки аёлларни ҳам бундан қайта ришлари лозим. Унинг ўрнига ўша лаҳзаларда маййитга бироз бўлса ҳам савоб бағишласинлар, вақтни бекорга кетказмасинлар.

Ҳикоя. Али розияллоҳу анҳу, одатда, Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан кўришганда аввал салом берар эдилар. Бир куни ҳазрат Али, одатга хилоф тарзда, биринчи бўлиб салом бермадилар. Балки Абу Бакр розияллоҳу анҳу салом берганларидан сўнг, у киши алик олдилар. Бўлиб ўтган бу ҳолатни биров Пайғамбар алайҳиссаломга: «Ҳамиша Али розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга салом берар эди, бугун у киши Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан кўришганда салом бермадилар, балки Абу Бакр салом бергач, у киши алик олдилар», деб етказди. Бу шикоятни эшитган Пайғамбар алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳуни чақириб, нимага аввал салом бермаганлари сабабини сўрадилар. У киши: «Мен ҳамиша ҳазрат Абу Бакрга салом берар эдим. Бу кеча тушимда бир боғ кўрдим. Одамлардан: «Бу боғ ким учун?», деб сўрадим, улар: «Бу боғ дўстига биринчи бўлиб салом берган кишига насиб қилади», дейишди. Мен бугун Абу Бакр биринчи бўлиб салом бериб, ўша боққа ҳақдор бўлишлари учун у кишига салом бермай турдим», дея жавоб бердилар. Бу ҳикоя «Нузҳат ул-мажолис»нинг «Салом» бобида «Саҳиҳи Бухорий»га Ибн Абу Жамранинг ёзган шарҳидан нақл қилинган.

Ҳикоя. Муоз розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқиб, сўнг ўз масжидига бориб, имом бўларди. Бир кеча Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозини кечроқ адо этдилар. Муоз розияллоҳу анҳу У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқигач, қавмига имом бўлгани бориб, намозда «Бақара» сурасини ўқиди. Шунда бир киши жамоатдан ажраб чиқиб, ўзи ёлғиз намоз ўқиди. У кишига: «Эй фалончи, мунофиқ бўлдингми?» - дейилди. У: «Мен мунофиқ бўлмадим», деди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, Муоз сиз билан намоз ўқиб бўлгандан сўнг бизга имом бўлади. Бизлар деҳқонлармиз, Оғир қўл меҳнати қилиб, қаттиқ чарчаймиз. У ўтган кеча бизга имом бўлгани келиб, «Бақара» сурасини ўқиди», деб Муоз розияллоҳу анҳу устидан шикоят қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу шикоятни эшитгач, Муозга насиҳат қилиб: «Эй Муоз, сен фитначимисан, сен фитначимисан? (Имом бўлсанг), «Саббиҳисма Роббикал аъла» билан «Валлайли иза яғша»ни қироат қил», дея марҳамат қилдилар. «Сунани Абу Довуд», 789-ҳадис.

Эслатма. Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ наздларида нафл ўқиб турган кишига фарз ўқиётган кишининг иқтидо қилиши мумкин эмас. У киши юқоридаги ҳадисни қуйидагича тушунтирадилар . Муоз розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилаётганда нафлга ният қилар, қавмларига бориб эса фарзга имом бўлар эдилар.

Насиҳат. Бу ҳадисдан имом намозда қироатни жуда узун қилмаслиги лозим экани маълум бўлади. Чунки, иқтидо қилганлар орасида беморлар ёки ўта заиф кишилар мавжуд бўлиб, узун қироат уларга машаққат туғдириши, натижада намозда макруҳлик пайдо бўлиш эҳтимоли бор. Лекин иложи борича қироатни суннат миқдоридан камайтириб юбормаслик ҳам лозим. Тўғри, зарурат вақтида шундай қилса, яъни суннатдаги миқдордан камроқ ўқиса ҳам бўлаверади. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлари ривоят қилинган. Ҳозирги одамларнинг ғалати одатлари бор, ўзлари ёлғиз намоз ўқисалар, рукуъ, сажда ва қироатга умуман аҳамият бермайдилар. Бомдод ва пешин намозларида «Вассамаи затил буруж» ва «Вассамаи ватториқ» каби суралар билан кифояланадилар. Ҳолбуки, бомдод ва пешин намозларида «Ҳужурот» сурасидан то «Буруж»гача бўлган суралардан қироат қилиш суннатдир. Имом бўлганда эса, қироатни жуда узун қиладилар. Ҳаттоки, суннат миқдоридан ҳам ошиб кетиб, иқтидо қилувчилар озор топадилар. Офтобда қолган одамлар билан ишлари ҳам бўлмайди. Асосий мақсадлари узун қироат қилишдан иборат бўлади. Улар бу ишларидан қайтишлари лозим.

Ҳикоя. Язид ибн Абу Суфён Шом мамлакатига ҳоким бўлиб турган вақтида Шомдаги бир гуруҳ кишилар хамр ичиб, уни ўзларига ҳалол қилдилар ва далилига ушбу оятни (нотўғри таъвил қилиб) келтирдилар:

«Иймон келтирган ва солиҳ амал қилган кишиларга (ҳукм нозил бўлишидан илгари) еб ичган нарсаларида ҳеч қандай гуноҳ йўқ» Моида сураси, 9-оят.

Ҳоким бу одамлар устидан шикоят қилиб, ҳазрат Умарга мактуб юборди. Ҳазрат Умар: «Атрофингдаги бошқа кишиларни ҳам бузмасларидан Олдин уларни менинг ёнимга жўнатиб юбор», деб жавоб ёздилар. Улар Умар розияллоҳу анҳу ҳузурига келгач, саҳобийларни тўплаб, маслаҳатлашдилар. Саҳобийлар: «Эй Амирул мўминин! Булар Аллоҳга туҳмат қилдилар, Унинг динида У изн бермаган ишни жорий этдилар. Шунинг учун уларнинг бўйнига (қилич) уринг, яъни ўлдиринг», дедилар. Саҳобийлар орасида Али розияллоҳу анҳу индамай ўтирган эдилар. Умар розияллоҳу анҳу у кишидан: «Сиз нима дейсиз?» - дея сўрадилар. Али розияллоҳу анҳу: «Улардан тавбани талаб қилинг, агар тавба қилмасалар, бўйниларига (қилич) уринг, борди-ю, тавба қилсалар, уларга саксон дарра уринг», деб маслаҳат бердилар. Умар розияллоҳу анҳу улардан тавбани талаб қилган эдилар, улар тавба қилдилар, сўнг уларга саксон дарра урдирдилар. «Танбеҳул ғофилин»; «Мусаннафи Ибн Абу Шайба», 29000-ҳадис.

Ҳикоя. Шом мамлакатида Умар розияллоҳу анҳунинг бир дўсти бор эди. Шомдан келган бир кишидан унинг аҳволини сўрадилар. У: «Дўстингиз гуноҳи кабираларга мубтало бўлиб, ҳатто доим шаробдан маст бўлиб юради», деди. Ҳазрат Умар бу гапни эшитгач, дўстига хат ёздилар. Хатда «Ҳа. Мим. Танзил» сурасини ёзгач, ортидан ниҳоятда қўрқитиб, танбеҳ бердилар. У одам ҳазрат Умарнинг хатларини ўқиб, йиғлади ва: «Аллоҳ рост айтди ва Умар менга хайрхоҳлик қилди», дея тавба қилиб, гуноҳидан қайтди. «Иҳёу улумид-дин».

Эслатма. Шуни билиш муҳимки, айблардан қайтара олмайдиган киши ёнига бориб, бировнинг айбини баён қилиш ва уни ғийбат қилиш дуруст эмас. Чунки, бундай ғийбатдан ҳеч қандай фойда йўқдир. Келтириб ўтилган ҳикоя ва хабарларга ҳам эътибор қилган бўлсангиз, гуноҳ ва хато иш қилган кишилар устидан қилинган шикоятлар (ғийбатлар) фақатгина уларни қайтара оладиган кишиларгагина айтилган ёки етказилган.

Ҳикоя. Бир киши Ибн Сийрин ҳузурида Ҳажжожни ёмонлади. Ибн Сийрин у одамдан хафа бўлиб, унинг ғийбатидан норизо бўлдилар. Чунки Ибн Сийрин Ҳажжожга насиҳат қилишга қодир эмас эдилар. Шунинг учун у одамнинг Ҳажжожни ғийбат қилиши фойдасиз бўлди. Бу ҳикоя, иншааллоҳ, яна ўз ўрнида зикр қилинади.

  1. Уялтириш мақсадида ғийбат қилиш. Айтайлик, бир киши қандайдир гуноҳ иш қилишга одатланиб қолган. Ўзининг бу гуноҳга йўл қўйганини эшитиб қолишини хоҳламайдиган ҳурматли кишиси бор. Борди-ю, мана шу ҳурматли кишиси унинг гуноҳ қилганини эшитиб қолганини билса, ўша гуноҳкор киши уялганидан ҳам мазкур гуноҳини тарк этиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, мен айтаманки, бир киши

нинг қандайдир гуноҳ қилганини у учун ҳурматли бўлган кишисига (ундан уялганидан гуноҳни тарк этармикин деган мақсадда) етказиб қўйиши дуруст ғийбат ҳисобланади. Чунончи, баъзи ҳадис ва ривоятлар шунга ишора қилади.

Ҳикоя. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, қўшнисининг устидан шикоят қилди. У зот уни (қўшнисининг озорларига) сабр қилишга буюрдилар. У киши иккинчи ёки учинчи маротаба яна ўша шикоят билан келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Боргин-да, уй анжомларингни кўчага олиб чиқиб ташла», дедилар. У киши уй анжомларини кўчага олиб чиқиб қўйиб, сўраганларга бўлган ишлар (яъни, қўшниси етказган озорлар)ни айтиб тураверди. Буни эшитган одамлар: «Аллоҳ уни ундай қилсин, бундай қилсин», дея лаънатлай бошладилар. Шунда қўшниси ўзи келиб: «Уйингга қайт, энди мендан озор кўрмайсан», деди. «Сунани Абу Довуд», 5153-ҳадис; «Иҳёу улумид-дин».

  1. Фатво сўраш мақсадида ғийбат қилиш. Олим ёки муфтийдан масала сўраётиб, бирор кишининг айбини баён қилишда ҳеч қандай зарар йўқ. Масалан, «Фалончи менга нафақа бермаяпти; ёки менинг отам вафот этди ва фалончи барча молларни ўз тасарруфига олиб, менга битта дон ҳам бермади; ёки фалончи уйини сотди, мен унга шафе Қўшни бўлгани сабабли сотиб олинган ер ёки иморатни ўша нархга мажбурлаб бўлса ҳам олиб қўйишга ҳақдор бўлган киши. бўлиб, талаб қилишимга қарамай, менга уни бермаяпти» ва ҳоказо гапларни фатво олиш мақсадида муфтий ёки олим ҳузурида айтиш дуруст ғийбат саналади.

Ҳикоя. Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг аёли Пайғамбар алайҳиссаломдан: «Абу Суфён бахил, яъни нафақа беришда зиқналик қилади, шунинг учун мен унинг молидан яширинча олиб ишлатсам, гуноҳкор бўлмайманми?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен ва фарзандларинг ўзингизга кифоя қилгудек нарсани урфга мувофиқ қилиб олаверинглар”, дея марҳамат қилдилар. “Саҳиҳи Бухорий", 2211-ҳадис.

Ҳикоя. Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди ва эри уни бир шапалоқ урганини айтиб, ёрдам сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қасос ол (сен ҳам бир шапалоқ ур)», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло:

«Эркаклар аёллар устидан ҳокимдирлар, Аллоҳ баъзиларини (эркакларни) баъзилардан (аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар молларидан нафақа берганлари учун», Нисо сураси, 34-оят.  оятини нозил қилди.

Оқибатда у аёл қасос олмай қайтиб кетди. Суютий, «Ад-дурр ул-мансур»да Ибн Абу Ҳотимдан нақл қилган.

Ҳикоя. Бир неча киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо олдиларига келиб, шундай дейишди: «Биз ҳаж ниятида уйимиздан чиқдик. «Зотус-си фоҳ» деган жойга етиб борганимизда бир йўлдошимиз вафот этди. Қабр кавлаб, уни дафн қилмоқчи бўлганимизда, қабрда катта илон кўрдик. Биз у қабрни қўйиб, бошқа жойдан қабр кавладик. Иккинчи қабрда ҳам ўшандай илон кўринди. Учинчи қабрни кавлаган эдик, унда ҳам ўша ҳолат такрорланди. Энди нима қиламиз? У кишини қаерга дафн қилайлик?» Ибн Аббос рози яллоҳу анҳумо бу илон ғазаби илоҳий эканини, уни Аллоҳ таоло мазкур кишига гуноҳи туфайли юборганини сездилар. У одамларга: «Бу илон Аллоҳ таолодандир, ер юзининг қаерини кавласангиз ҳам, ўша илонни топасиз. Шунинг учун у кишини бирор қабрга дафн қилиб, ҳаққига дуойи хайр қилишингиз лозим», дедилар. «Танбеҳул ғофилин», «Қабр азоби» боби, 29-бет.

Эслатма. Бир киши ҳақида фатво сўраётганда унинг ҳақиқий номини айтиш жоиз бўлса ҳам, бошқа ном билан савол қилиш яхшироқдир.

Ҳикоя. Уваймир розияллоҳу анҳу аёлини зино устида ушлаб олди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фатво сўрашда аёлини ғийбат қилмади. Балки: «Агар бирор киши хотинини ўзга эркак билан зино қилаёт ганини кўрса, нима қилади?»-деб сўради. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу воқеа Уваймирнинг аёлига тегишли эканини англаб: “Сен ва аёлинг ҳақида оят нозил қилинди. Бор, аёлингни олиб кел”, дедилар. Аёлини олиб келгач, икковлари лиъон Аллома Тумуртоший лиъонни шундай таърифлайди: “Лиъон қасам билан таъкидланган тўрт шаҳодат (гувоҳлик)дир. Бунда эркак шаҳодат бериш билан бирга ўзига лаънат ҳам тилайди, аёл эса ўзига Аллоҳнинг ғазабини сўрайди. Бу гувоҳликлар эркак учун қазф ҳадди (туҳмат жазоси), аёл учун эса зино жазоси ўрнига ўтади. қилдилар. Бу воқеанинг тафсилоти ҳадис ва фиқҳ китобларида келган. Бу қиссани имом Молик «Муватто»нинг «Лиъон бобида»да баён қилган, 1154-ҳадис.

  1. Ҳолидан хабар топиш учун ғийбат қилиш. Мен айтаманки, одамларнинг ёмон сифатлари ва ярамас ишларини олим, зоҳид, имом ёки пайғамбар каби улуғ зотлар олдида, (булар мазкур ёмон иш эгаси ҳақида бирор нарса гапирсалар, биз хабардор бўлиб қолар эдик деган мақсадда) айтиш жоиз. Чунончи, саҳобий розияллоҳу анҳумлар одамларнинг ёмон сифатлари ва ярамас ишларини Пайғамбар алайҳиссаломга айтар, лекин уни айтишдан мақсадлари мусулмонни таҳқирлаш ёки камситиш бўлмай, балки шояд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни эшитиб, у одамнинг ҳолини баён қилсалар ва бизларни хабардор айласалар, деган мақсадда бўлар эди.

Ҳикоя. Саҳобийлар розияллоҳу анҳум бир аёлнинг бахил эканини зикр қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, унда нима яхшилик бор?!» – дедилар. «Иҳёу улумид-дин»; Хароитий, «Maкoрим ул-ахлоқ», 1548 – саҳифа.

Демак, саҳобалар бир аёлнинг бахиллигини айтиш орқали бахил кишида умуман яхшилик бўлмаслигини билиб олдилар. Яхшилик ва эзгуликдан бутунлай холи бўлган инсоннинг жаннатга кира олмаслиги эса ҳаммага маълум.

Бахил ар бувад зоҳиди баҳру бар,

Беҳиштий набошад ба ҳукми хабар.

Таржимаси:

Бахил бўлса, денгизу ер зоҳиди,

Дейди ҳадис: йўқ унга жаннат ҳиди.

 

Насрий баёни: Бахил, гарчи денгиз ва қуруқликнинг зоҳиди бўлса ҳам, ҳадис хабарига кўра, жаннатий бўлолмайди.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларидан бир жаноза ўтиб қолди. Шунда у маййит (саҳобийлар розияллоҳу анҳум томонидан) мақталди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вожиб бўлди», дедилар. Ундан кейин яна бошқа бир жаноза ўтиб қолди . Шунда у маййит (саҳобийлар розияллоҳу анҳум томонидан) ёмонланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Вожиб бўлди», дедилар. Шунда саҳобийлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга ҳам, бунга ҳам вожиб бўлди дедингиз», деб айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Сизлар айтган гап) қавмнинг гувоҳлигидир. Мўминлар Аллоҳ таолонинг ердаги гувоҳларидир», дея марҳамат қилдилар. “Сунани ибн Можа”, 1491-хадис

Эслатма. Бу ўринда бир савол пайдо бўлади. Юқорироқда маййитларни ғийбат қилиш ҳаром эканлиги тўғрисидаги ҳадис ва хабарлар келтириб ўтилди. Зеро, киши вафотидан сўнг, унинг марҳум (раҳм этилган) ёки малъун (лаънатланган) бўлиши ҳеч кимга маълум эмас. Шундай экан, саҳобалар нима учун маййитларни ғийбат қилишган ва нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитиб туриб, индамаганлар? Бу саволга жавоб беришда кўп одамлар ҳайрон ва лол бўлиб қолган. Аллома Азизий «Жомеъи сағир»нинг шарҳида: «Саҳобалар ғийбат қилган киши ҳаётлик чоғида фосиқлардан бўлган бўлса керак, шунинг учун уни ўлганидан кейин ғийбат қилишган. Зеро, фосиқни ғийбат қилиш дурустдир», деб ёзади. Мен айтаманки: «Бу жавобга икки жиҳатдан эътирозим бор. Биринчидан, бирорта ривоятда саҳобалар ёмонлаган ўша маййит фосиқ эди, деб очиқ-ойдин айтилмаган. Иккинчидан, ўликларни умуман (ҳаётлигида фосиқ ёки зоҳид бўлиб яшаб ўтганидан қатъи назар) ғийбат қилиш мумкин эмас. Тўғри, фосиқларни ғийбат қилиш, айбларини баён қилиш ёки ўлганидан кейин унга бўлаётган азобдан тирикларни қўрқитиш мақсадида гапириш дуруст. Чунончи, бунинг тафсилоти, иншааллоҳ, келтирилади. Саҳобаларнинг Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида маййит айбларини айтишдан мақсадлари бирор кишини қўрқитиш ёки огоҳлантириш эмас эди. Шундай экан, уни ғийбат қилиш нима учун дуруст бўлди? Мен: “Саҳобалар тарафидан бўлган бу ғийбат инсонни хорлаш ёки таҳқирлаш мақсадида эмас, балки Пайғамбар алайҳиссалом ўша инсоннинг амали борасида бирор нарса десалар, ундан фойдаланиб қолиш мақсадида бўлган", деб айтаман.

Ҳикоя. Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг айтишича, фалончи аёлнинг намоз, рўза ва садақаси жуда кўп-у, лекин қўшниларига тили билан озор берар экан», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аёл дўзахийдир», дедилар. У одам яна: «Эй Ал лоҳнинг Расули, фалончи аёлнинг эса рўза, садақа ва намози кам экани ҳамда пишлоқнинг кичик бўлакларинигина (яъни, жуда оз нарса) садақа қилиши, лекин кўшниларига тили билан озор бермаслиги айтилади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У аёл жаннатийдир», дедилар. Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилганлар. Табризий “Мишкот ул-масобиҳ”нинг “Халққа шафқат қилиш” бобида келтирилган.

Эслатма. Баъзи мазҳабларга кўра, кишининг дини билан боғлиқ айбларини баён қилишда биpop зарар йўқ. Улар бу фикрларига саҳобаларнинг одамлар амалларидаги этиқодий камчиликларини ғийбат қилганлари ва уларнинг ёмон сифатларини гапирганлари ҳамда бунинг ҳадисларда ривоят этилганини далил сифатида келтирадилар. Лекин саҳиҳ гап шуки, кишининг динига алоқадор айбларини ғийбат қилишдан қандайдир фойда назарда тутилсагина, у дуруст бўлади. Чунончи, саҳобийлар розияллоҳу анҳумнинг ғийбати ҳам худди шундай бўлган. Акс ҳолда, у тўғри бўлмас эди. Валлоҳу аълам.

  1. Ошкора гуноҳ қиладиган фосиқни ғийбат қилиш. Ошкора гуноҳ қиладиган: масалан, одамларга зулм қиладиган; зино қиладиган; намоз ва рўзани тарк қилишга одатланган ва шунга ўхшаш гуноҳларни ошкора қиладиган кишиларни пастга уриш ниятида ғийбат қилиш дурустдир.

Насиҳат. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий рахматуллоҳи алайҳ айтади: «Ғийбатнинг тўрт тури бор. Биринчиси, бир инсон бир мусулмонни ғийбат қилади. Агар унга ғийбат қилма десангиз, бу ғийбат эмас, мен унинг бор айбини айтяпман, дейди. Бу ҳолатда ғийбат қилувчи кофир бўлади, чунки харомни халол дейиш куфрдир. Иккинчиси, киши бир инсонни номини айтмай ғийбат қилади, лекин эшитувчилар бу киши ким ҳақида гапираётганини билиб туради. Бу суратда ғийбат қилувчи мунофиқдир. Чунки, бу одам кўринишда кишининг номини айтмай ғийбатдан сақланаётган бўлса-да, аслида ғийбатга мубтaлодир. Учинчиси, киши бир инсонни ғийбат қилади, унинг номини ҳам тайин қилади. Шу билан бирга, у ғийбатнинг ёмонлигидан ҳам хабардор бўлади. Бу ҳолатда у одам гуноҳкор бўлади. Тўртинчиси, киши бир фосиқни ғийбат қилади, бу суратда ғийбат қилувчига савоб бўлад . Чунки, одамлар бу ғийбатни эшитсалар, фосиқдан ўзларини эҳтиёт қиладилар».

Эслатма. Фақиҳ Самарқандийнинг айтишларича, ошкора гуноҳ қиладиган фосиқни ғийбат қилиш дурустлигининг сабаби шуки, уни ғийбат қилинса, одамлар у билан мулоқот қилиш ва унга дўст бўлишдан сақланадилар. Лекин бу сабаб мукаммал эмас. Чунки ҳолатидан барча хабардор бўлган, шу билан бирга, одамлар ундан ўзини эҳтиёт қиладиган ошкора фосиқни ғийбат қилиш ҳам дурустдир. Менимча, фосиқни ғийбат қилиш фақиҳ Самарқандий келтирган сабабдан ташқари яна икки сабаб билан ҳам дуруст бўлади. Биринчиси, ғийбат сабабидан фосиқ киши ўзининг ёмон ишларидан тўхташи, яъни одамлар у ҳақида ёмон гаплар айтаётганини эшитса, уялганидан қилаётган гуноҳидан қайтиши мумкин. Фосиққа салом бериш макруҳлигининг сабаби ҳам шу. Яъни, фосиққа салом берилмаса, бу унга танбеҳ бўлади ва у ўз ишларидан нафратланади. Иккинчи сабаб, ошкора гуноҳ қиладиган фосиқнинг Аллоҳ таоло наздида ҳеч қандай иззату обрўси бўлмаслигидир. Зеро, ҳадиси шарифда: “Фосиқ мақталса, Аллоҳ таоло (мақтовчига) ғазаб қилади ва бу мақтовдан арш ларзага келади», Байҳақий ривоят қилган, «Мишкот ул-масобих»да нақл қилинган. дейилади. Шунинг учун бандалар ҳам унга иззат кўрсатмасликлари, лекин шу билан бирга, шариат чегарасидан чиқиб ҳам кетмасликлари керак. Шунинг учун саҳобалар рози яллоҳу анхум ҳам, ҳақ йўлдаги олимлар ҳам мунофиқ, кофир ва золимларнинг айбларини баён қилар ва уларга ҳеч иззат кўрсатмас, шу билан бирга, чегарадан чиқиб ҳам кетмас эдилар. Валлоҳу аълам.

Ҳикоя. Ҳорун ар-Рашид уламоларни жуда севар ва солиҳлар билан ўтириб, мажлис қуришни яхши кўрар эди. Ҳорун ар-Рашид халифа бўлганида , барча уламолар муборакбод қилгани келишди, фақат Суфён Саврий келмади. Шунда Ҳорун ар-Рашид Суфён Саврийга хат ёзди. Унда: «Эй Суфён! Мен сенга дўст эдим, ҳалиям мен дўстлик риштасини узганим йўқ. Султон бўлмасам эди, сенинг олдингга борар эдим. Мен султон бўлгач, ҳамма одамлар зиёратимга келди, лекин сен келмадинг. Эй Суфён! Байтулмолни очиб, барчага мол бердим, мен сенга муштоқман. Ҳозироқ мен томонга отланиб йўлга чиқ. Тамом», деб ёзди. Ҳорун бу хатни Аббод Толқонийга бериб, уни Куфага, Суфённинг олдига жўнатди. Аббод Куфага етиб келгач, ҳазрати Суфённинг масжидига борди. Бу пайтда Суфён имом бўлиб намоз ўқиб бераётган экан. Аббод Ҳоруннинг хатини у кишининг олдига отди. Суфён намозни тугатиб, салом берди, лекин хатга эътибор ҳам бермади. Зеро, у киши Ҳоруннинг салтанатини ҳеч нарса деб ҳисобламас эди. «Золим Ҳоруннинг хати келди, мен ва бу хатни ушлаб қўлимни нопок қилмайман. Эй одамлар! Сизлар бу хатни очинглар ва мазмунини менга эшиттиринглар», деди. Одамлар хатни у кишига ўқиб эшиттирдилар. Суфён: «Жавобини шу хатнинг орқасига ёзинглар», деди. Одамлар: «Эй Суфён Ҳорун султондир, унга хатни алоҳида ва раққа ёзиш яхшироқ бўлади», дедилар. Суфён: «Золимнинг хатига жавобни ўзининг қоғозига ёзинглар», деди. Хатда: «Эй Ҳорун! Мен сен билан дўстлик риштасини уздим, муҳаббатингдан юз ўгирдим. Сен байтулмолни сарфланиши керак бўлган жойга сарф қилмай, зое қилдинг. Биз қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида бунга гувоҳ бўламиз, сенинг ҳақиқатингни очамиз. Эй Ҳорун! Сен уламолар суҳбатини тарк қилиб, иймон лаззатидан ажрадинг. Салтанатни танл динг ва улуғ гуноҳни гарданингга юкладинг. Тахтга ўтириб, ипак кийимлар кийишни бошладинг. Золим бўлишни ёқтириб, уларга бошлиқ бўлдинг. Эй Ҳорун! Агар қиёматда ҳақ эгалари этагингдан тутсалар ва сенинг яхшиликларинг уларга, уларнинг ёмонликлари эса сенга олиб берилса, ҳолинг нима бўлади? Эй Ҳорун! Бу васиятни ёдингда сақла ва Аллоҳдан қўрқ. Эй Ҳорун! энди сен менга хат ёзма ва мен билан учрашишни ҳаргиз ўйлама. Тамом», деб хатни якунладилар. Аббод Суфённинг хатини Ҳорунга етказди. Ҳорун хатни ўқиб, қаттиқ хавотирланди. Шу тариқа хат унинг дунёдан ўтгунича ёнида бўлди. «Ихёу улумид - дин».

Ҳикоя. Товус раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маккадалик чоғимда Ҳажжож мени чақирди. Унинг ҳузурига борган эдим, мени ёнига ўтқазди. Ёстиққа суяниб гаплашиб ўтирганимизда, у баланд овоз билан айтилаётган ҳаж талбияси (лаббайкаси)ни эшитиб қолди. «Менга у одамни келтиринглар», деганидан сўнг у киши олиб келинди. У одам келгач, Ҳажжож: «Сен кимсан?» деб сўради. У: «Мусулмонман»,-деди. Ҳажжож: «Мен сенинг шаҳринг ва қавминг ҳақида сўрадим», деди. У: «Яман аҳлиданман», деб жавоб берди. Ҳажжож: «Муҳаммад ибн Юсуфни қандай ҳолда қолдириб келдинг?» деб сўради. (У Ҳажжожнинг укаси бўлиб, Яман ҳокими эди). У киши: «Муҳаммад ибн Юсуф жуссали одам бўлиб, ипак либос кияр эди»,-деди. Ҳажжож: «Мен сендан унинг сийратини сўрадим»,-деди. У одам (умуман қўрқмасдан): «Уни ниҳоятда кўп зулм қилувчи, махлуққа итоатли, Холиққа исён этувчи ҳолда қолдириб келдим»,-деди. Буни эшитиб Ҳажжож ғазабланди ва: «Сен менинг ҳузуримда Муҳаммад ибн Юсуфнинг даражаси қандай эканини билмайсанми? Қандай қилиб менинг олдимда укамнинг айбларини айтяпсан?»-деди. У киши: «Эй Ҳажжож! Сенинг наздингда биродарингнинг мартабаси қайдаражада бўлса, Аллоҳ наздида менинг мартабам ундан зиёдадир. Чунки мен Унинг Пайғамбарини тасдиқ қилувчиман ҳамда Байти (Уйи)нинг меҳмониман», деб жавоб берди. Бундай мардларча қўрқмасдан гапирилган гапни эшитиб, Ҳажжож жим бўлиб қолди. У одам изн сўрамасдан чиқиб кетди. Товус айтади: «У одам Ҳажжож ёнидан чиққач, мен унинг ортидан етиб олиб: «Эй одам! Мен сенга дўст бўлмоқчиман», дедим. У киши : «Йўқ. Рози эмасман. Ахир сен ҳозиргина ёстиққа суяниб ўтирган эмасмидинг? Одамлар Аллоҳ динида сендан фатво сўраганини кўрган эмасмидим?» деди. Мен: «Ҳажжож ниҳоятда забардаст султон бўлгани ва у мени сўрагани учун боришга мажбур бўлдим, ўзинг ҳам чақирганида келдинг-ку», дедим. У киши: «Ундай бўлса, нима учун хотиржам бўлиб, суяниб ўтирибсан? Унга насиҳат қилиш сенинг бўйнингда вожиб эмасмиди?» деди. Бу хикояни Дамирий  “Хаётул хайвон”да «Товус» зикрида қилган.

Эслатма. Баъзи одамлар “Фосиқни ёмонлаш ғийбат бўлмайди” деган гапни фосиқ кишини хоҳлаганча ғийбат қилавериш жоиз, деб тушунадилар. Ҳолбуки, ундай эмас. Бир киши очиқ-ойдин фисқу фужурга мубтало бўлса, мисол учун ошкора ароқ ичиб юрса, унинг ортидан биров "Бу ароқ ичади”, деб гапирса, бу ғийбат бўлмайди. Чунки, унинг ўзи ароқ ичишини одамлардан яширмай, эълон қилиб юради. Шундай бўлгач, унинг ортидан ароқ ичиши ҳақида гапирилса, унга оғир ботмайди. Шу сабабли унинг бу ишини гапириш ғийбатга кирмайди. Лекин фосиқнинг бошқаларга кўрсатишни хоҳламайдиган гуноҳини ўзи йўқлигида гапириш ғийбат бўлади. Дейлик, бир одам ошкора ароқ ичгани ёки ҳаммага билдириб судхўрлик қилгани билан яширинча қиладиган, одамлар билиб қолишини истамайдиган, шу билан бирга бошқаларга зарар бермайдиган гуноҳлари бор. Унинг манашу гуноҳларини ортидан гапириш ғийбат ҳисобланади.

  1. Муҳофаза ва ҳимоя қилиш ниятида ғийбат қилиш. Агар бирор кишидан бошқаларга зарар етса ва улар зарар етишидан бехабар бўлсалар, зарар етказувчини уларга ёмонлаб, ғийбат қилиш дурустдир. Токи ундан мусулмонлар зарар кўрмасин. Бунга бир қанча мисоллар бор. Биринчи мисол. Дейлик, бир киши фожир, яъни яширин гуноҳ қилишга мубтало. Бир олим ёки зоҳид унга ҳамсуҳбат бўлиб, бирга ўтириб туради, лекин унинг айбларидан хабардор эмас. Агар хабардор қилиб қўйилмаса, унинг ҳам айниб кетиш эҳтимоли бор. Шунга ўхшаш ҳолларда фожирни одамлар ундан эҳтиёт бўлиб, сақланиши учун ғийбат қилиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам одамлар уларнинг айбларидан хабардор бўлиб, сухбатидан сақланишлари учун баъзи кишиларни ёмонлаганлар, ҳатто баъзиларга лаънат ҳам айтганлар.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Сизлар фосиқни унда бор нарса билан зикр қилишдан бош тортасизларми? Уни беобрў қилинглар, токи одамлар уни танисин. Ундаги бор нарсалар, яъни айбларини айтинглар, токи одамлар ундан эҳтиёт бўлсинлар». «Иҳёу улумид-дин».

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Фосиқни ундаги бор нарса билан зикр қилинглар, (шунда) одамлар ундан сақланадилар». «Жавохир ут-тафсир» ва «Нузҳат ул-майсолис»да «Муҳаззаб»дан нақл килинган.

Иккинчи мисол. Бир киши одамларга озор берса ёки одамлар орасида чақимчилик қилиб, уларни ўзаро уриштириб юрса, «Фалончи киши одамларга озор беради ёки чақимчилик қилади», деб унинг айбини кўрсатиш мумкин. Шунинг учун ҳам сотиб олаётган кишига зарар бўлмаслиги учун сотувчи ўзи сотаётган қул ёки чўрининг айбларини айтиб сотиши керак бўлган.

Ҳикоя. Фотима бинти Қайс эри Абу Амр ибн Ҳафс билан ажрашгач, унга Муовия ибн Абу Суфён ва Абу Жаҳм совчи жўнатдилар. Шунда Фотима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан маслаҳат сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Абу Жаҳм асосини елкасидан қўймайди, яъни аёлини кўп уради, Муовия эса моли йўқ камбағал, (ундан кўра) сен Усома ибн Зайдга никоҳлангин», дедилар. Бу ҳикоя «Жавоҳир ут-тафсир»да зикр қилинган.

Ҳикоя. Бир киши қулини бировга сотаётиб харидорга: «Бу қулнинг чақимчиликдан бошқа айби йўқ», деди. Харидор: «Ҳечқиси йўқ», деб сотиб олди. Харидор қулни сотиб олгач, қул хўжайинининг аёлига бориб: «Сени эринг яхши кўрмайди, бошқа хотин олмоқчи. Унинг давоси шуки, эринг ухлаб ётганида устара билан унинг томоғидаги соқолидан олгин. Агар шундай қил санг сенга муҳаббати ортади», деди. Хўжайин олдига бориб эса: «Сени аёлинг сўйиб ўлдирмоқчи», деди. Бир куни хўжайин ухламасдан кўзини юмиб ётган эди, ғулом айтгандек аёли устара билан келди. Эр кўзини очиб, аёли ҳақиқатдан ҳам қўлида устара билан келаётганини кўрди ва ўша заҳоти аёлини ўлдирди. Бу хабар аёлнинг қариндошларига етгач, улар келиб, бу одамни ўлдиришди. Бир қулнинг чақимчилиги шундай катта бузғунчиликка сабаб бўлди. «Иҳёу улумид-дин».

Учинчи мисол. Даъвогар қози ҳузурида ўз даъвосини исботлаш учун гувоҳлар келтирса, бироқ устидан даъво қилинган киши мазкур гувоҳларнинг айбидан, яъни ёлғончилигидан хабардор бўлса, унинг қози ҳузурида мазкур гувоҳларнинг ёлғончилигини ошкор шаръан жоиз бўлган ғийбат ҳисобланади. Зеро, кундалик ҳаётида ёлғон гапириб юрган одамнинг қози ҳузурида ҳам ёлғон ишлатиб, бировнинг ҳаққини поймол қилмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Эслатма. Агар бир киши яширинча гуноҳ қилишга, турли фисқу фужурга мубтало бўлса, бироқ унинг гуноҳидан ҳеч кимга зарар етмаса, уни ғийбат қилиш, айбларини билдириб, одамларни ундан хабардор этиш мумкин эмас. Зеро, кимки одамларнинг гуноҳларини ошкор этса, Аллоҳ таоло ҳам унинг айбларидан одамларни хабардор қилади. Шунинг учун одамларнинг айбини очишга, доимий тарзда уларни ғийбат қилишга одатланган киши билан дўст тутинмаслик, иложи борича улардан узоқроқ бўлиш керак.

Насиҳат. Бир улуғ киши: «Айбингни яширадиган ва сирларингни ошкор қилмайдиган одам билангина дўст тутин. Борди-ю, бундай одам тополмасанг, ўзингдан бошқа билан дўст бўлма!» дейди. «Иҳёу улумид-дин»

Насиҳат. Зайд ибн Аслам айтади: «Гуноҳни ошкора (ҳаммага кўрсатиб) қилмаган кишини ғийбат қилиш ғийбат бўлади». Суютий . «Ад дурр ул - мансур».

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким мусулмон биродарининг айбини яшира. Кимки мусулмон биродарининг айби (яширин гуноҳлари)ни фош этса, Аллоҳ таоло ҳам унинг айбини фош қилади. Ҳатто, уни ўша айб билан (ташқарига чиқмай) уйининг ичида бўлса ҳам, шарманда қилади». «Сунани Ибн Можа», 2546-ҳадис.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси банда дунёда бошқа банданинг айбини яширса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг айбини яширади». «Саҳиҳи Муслим», 2590-ҳадис.

  1. Беҳаёни ғийбат қилиш. Беҳаё, яъни уялмасдан ҳар қандай гуноҳни қилаверадиган, қаттиқ гапириб танбеҳ берган кишининг сўзидан ҳам таъсирланмайдиган шарму ҳаёсиз, уятсиз кишини ғийбат қилиш мумкин. Байт:

Каҳтеҳе ғийбатҳе уски ҳан рава,

Гар каре кўйи кабаир бар мала.

Маъноси: Айтадиларки, гуноҳи кабираларни бемалол қиладиган кишини ғийбат қилиш раводир. Шунинг учун саҳобийлар (розияллоҳу анҳум) Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларини ғийбат қилар ва уларга лаънат айтар эдилар. Чунки улар ўта даражада беҳаё бўлиб, ҳатто ўз айбларини фазилат, деб билардилар.

Ҳадис. «Ҳаё пардасини ташлаган (уят ниқобини юзидан олган) кишини ғийбат қилиш дурустдир». Суютий, «Жомеъи сағийр», 8525-ҳадис.

Ҳикоя. Ҳазрат Ҳусайн розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларидан сўнг ироқлик бир киши Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан кийимга теккан чивин қони ҳақида (у кийимда намоз ўқиса бўладими ёки йўқми деб сўради. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Буни қаранглар, чивин қони ҳақида сўраяпти. Ваҳоланки, булар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғилларини қатл қилдилар. Ҳолбуки, Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳасан ва Ҳусайн икковлари менинг дунёдаги икки райҳонимдир», деганларини эшитганман ”, дедилар. «Сунани Термизий», 3770-ҳадис.

Ироқликлар бу қабиҳ ишларини беҳаёларча, ҳеч тап тортмай амалга оширганлари учун Ибн Умар розияллоҳу анҳумо уларнинг ҳамюртига таъна ва маломат маъносида бу гапни гапирдилар. Бу ҳикоя беҳаё кишини ғийбат қилиш жоизлигига ҳам далил, ҳам мисолдир.

  1. Ҳасрат ва афсус маъносида ғийбат қилиш. Афсус тарзида ғийбат қилиш дурустдир. Масалан, фалончи намоз ўқимаётганига ёки зинога мубтало эканига афсусдаман, дейиш. Чунки бирор кишининг ёмон ишлар қилаётганини кўриб афсус чекиш яхши хислат ҳисобланади. Зеро, ҳар бир мусулмон ўз биродарининг гуноҳ қилаётганини, шайтонга мағлуб бўлганини кўрса, унинг ҳолига раҳми келиши лозим.

Насиҳат. Шақиқ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Сен бир одамнинг ёмонлигини эсласанг-у, унинг ҳолига раҳминг келмаса, сен ундан ҳам ёмонроқсан. Солиҳ бир кишини эсласанг-у, қалбингда тоат ҳаловатини (лаззатини) топмасанг, сен янада ёмонроқ одамсан». «Танбеҳул ғофилин».

Насиҳат. Калом илми намояндаларидан бири шундай дейди: «Кишининг ёмон сифатларини таҳқирлаш ва пастга уриш учун зикр қилиш ғийбат бўлади. Унинг ҳолига афсусланиш маъносида зикр қилиш эса ғийбат саналмайди». «Хизонат ур-ривоёт».

  1. Ноаниқ ва мавҳум одамни ғийбат қилиш. Бирор кишининг ёмон сифатларини унинг номини айтмасдан баён қилиш дурустдир. Бу «Баззозия», «Сийрати Аҳмадия», « Ад-дурр ул мухтор», «Хизонат ур-ривоёт» ва бошқа китобларда зикр қилинган.
  2. Машҳур ёмон лақабни зикр қилиш. Бирор киши қандайдир бир айбга далолат қиладиган ёмон бир лақаб билан машҳур бўлса, уни ўша лақаб билан эслашнинг зарари йўқ. Чунки ўша лақаб айтилмаса, одамлар уни танимаслиги мумкин. Мисол учун «Аъраж» сўзининг маъноси «Чўлоқ» бўлиб, ровийлардан бири мана шу лақаб билан машҳур бўлган. Муҳаддислар ҳадис ривоят қилишда «Аъраж»дан ривоят қилинган, деб айтаверадилар. Лекин иложи борича айбга далолат қиладиган лақабни айтмаслик яхши.
  3. Динни қувватлаш мақсадида ғийбат қилиш. «Радд ул-муҳтор» муаллифи: “Динни қувватлаш учун ғийбат қилиш дуруст”, деб ёзади. Муҳаддисларнинг ровийлар ҳақида “Фалончи ёлғон гапиришга одатланган, ҳадислар ривоят қилишда жуда кўп ёлғон гапиради, фалончи ровий ўзидан ҳадис тўқиб чиқаради ёки фалончи ровийнинг ҳофизаси кам”, деб айтишлари шунга мисолдир. Шунга ўхшаш, фақиҳлар ҳам “Фалончи китоб мўътабар эмас, чунки унинг мусаннифи фақиҳ бўлмаган ёки фалончи китобнинг муаллифи мўътазилий, унинг гапи ботил ёхуд фалончи китобга заиф масалалар киритилган ёки фалончи фақиҳ китобида мавзуъ (тўқима) ривоятларни келтиради ва ҳоказо”, деб ёзадилар. Бу ҳам динни қувватлаш ва уни ҳимоя қилиш мақсадида бўлган.
  4. Ибрат мақсадида ғийбат қилиш. Одамларга ибрат бўлиши учун бирор тирик ёки ўлган кишига берилган жазони гапириб ғийбат қилиш мумкин. Масалан, одамлар бахиллик сифатидан сақланишлари учун фалончи киши жаҳаннамга лойиқ, сабаби у бахил ёки фалончи одам ҳаётлик вақтида ниҳоятда кўп гуноҳ қилар эди, ўлга нидан кейин азобга мубтало бўлса керак ёки фалончи одам ўлганидан кейин юзи қорайиб кетди ёки қабр азобига дучор бўлса керак, чунки у фалон гуноҳ қилар эди дейиш ва ҳоказо. Лекин бу айбларни баён қилишдан мақсад уни таҳқирлаш ва пастга уриш бўлмаслиги, балки одамларга ибрат бўлишини кўзда тутиш лозим.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар (ва одамларга ибрат бўлиши учун): «Бу иккови (қабр эгалари) азобланмоқда, лекин катта нарса учун азобланаётганлари йўқ. Аммо бу (биринчи маййит) пешобидан сақланмас, буниси (иккинчи маййит) эса чақимчилик қилар эди», дедилар. «Сунани Термизий», 70-ҳадис.

Ҳикоя. Сулаймон ибн Абдулмалик халифа бўлгач, Умар ибн Абдулазизни ўзига вазир ва маслаҳатчи қилиб олди. Ҳажжожнинг вазири бўлган Язид ибн Абу Муслимни ўзига котиб қилмоқчи бўлди. Умар ибн Абдулазиз: «Эй мўминлар амири, Аллоҳ учун сиздан ўтиниб сўрайман, Язидни котиб қилиб (олиш билан) Ҳажжожнинг зикрини қайта тирилтирманг”, деди. Халифа: «Эй Умар, мен унинг бир дирҳам ёки бир динорга хиёнат қилганини кўрмаганман”, деди. Умар ибн Абдулазиз: «Эй мўминлар амири, хиёнат борасида Иблис ундан ҳам аъло роқ-ку. Чунки у барча халқни адаштириб, йўлдан оздирди. Аслида молга хиёнат қилмасликнинг ўзи инсоннинг яхши эканига далолат қилмайди», дедилар. Буни эшитган Сулаймон ибн Абдулмалик Язидни котиб қилиб олиш ниятидан қайтди. Дамийрий, «Ҳаёт ул-ҳайвон».

Ҳикоя. Бир куни Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ қиёматни эслаб, ҳушларидан кетгунча йиғладилар. Кейин кула бошладилар. Одамлар сабабини сўрашса, у киши: «Тушимда қиёмат қоим бўлибди. Бир жарчи: «Абу Бакр Сиддиқ қаерда?», деб нидо қилди. У киши олиб келинди ва енгил ҳисоб қилингач, жаннатга киришлари буюрилди. Сўнг Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумлар ҳисоб-китобга чақирилдилар. Кейин жарчи: «Умар ибн Абдулазиз қани?», деб чақирган эди, мен юзим билан ерга йиқилдим. Икки фаришта келиб, мени Аллоҳ ҳузурида турғиздилар. У мени енгил ҳисоб қилиб, сўнг ҳолимга раҳм қилди. Икки фаришта билан турганимда, бир ўлимтикни кўрдим ва ундан: «Сен кимсан?», деб сўрадим. У: «Мен Ҳажжожман», дея жавоб берди. «Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?», деб сўрасам, «Унинг азоби қаттиқ эканини кўрдим. Энди муваҳҳидлар (Аллоҳни бир деб эътиқод қилувчилар) интизор бўлган нарсага, яъни Аллоҳнинг кечиримига мен ҳам интизор бўлиб, кўз тутиб турибман», деди. Сафурий, «Нузҳат ул-мажолис», «Адл» боби.

Эслатма. Уламолар Ҳажжожнинг кофирлиги тўғрисида ихтилоф қилганлар, лекин бу нақл унинг мўмин бўлиб вафот этганлигига ишора қилмоқда. Чунки у мен мўминлар мунтазир бўлган нарсага мунтазирман, деган. Агар у кофир бўлса, бу гапни айтмаган бўлар эди. Валлоҳу таоло аълам.

Ҳикоя. Мадиналик бир кишининг шаҳар четида яшайдиган синглиси бор эди. У қаттиқ бемор бўлиб қолди. Акаси ундан хабар олиб турди. Охири у вафот этди. Уни кафанлаб, қабрга олиб бориб дафн қилдилар. Ака уйга қайтгач, ҳамёни қабрда тушиб қолганини эслади. Дўстларининг биридан ёрдам сўраб, қабрга бориб, уни кавлади ва ҳамёнини олди. Сўнг дўстига: «Нарироқ тур, қарай-чи, синглим қай аҳволда экан», деди. Лаҳад устидаги ғиштлардан бирини олгач, қабр ичи оловга тўлиб ётганини кўрди ва уни беркитиб, текислаб қўйди. Онасининг ёнига бориб, синглиси ҳаётлик чоғида нима ишлар билан машғул бўлганини сўради. У: «Синглинг вафот этган бўлса, нима учун у ҳақда сўраяпсан?» – деди. Акаси қабрда кўрган нарсаларни айтиб бергач, онаси: «У намозни кечиктирар ва уни мукаммал таҳорат билан адо этмас, шу билан бирга тунда қўшнилар гапини пойлаб, эшитиб олар, сўнг улар орасида чақимчилик қилар эди. Қабридаги азобнинг сабаби шу бўлса керак», деди. «Танбеҳул ғофилин».

Ҳикоя. Язид дунёдан ўтган куни, одамлар унинг васиятига кўра, ўғли Муовияни халифа этиб кўтардилар. У ниҳоятда тақводор ва оқил киши эди. Қирқ кун (бир ривоятда икки ой, яна бошқа ривоятда беш ой) халифалик қилгач, халифаликдан истефога чиқди. Сўнг минбарга чиқиб, бир муддат сукут сақлаб ўтирди ва ўрнидан туриб, Аллоҳ таолога ўта балоғатли ҳамду сано айтди. Ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни жуда гўзал тарзда (салавот ва саломлар айтиб) эслади. Кейин шундай деди: «Эй одамлар! Менинг сизларга амир бўлишга рағбатим ва хоҳишим йўқ. Бобом Муовия ўзидан ҳам, бошқалардан ҳам халифалик учун Расулуллоҳга қариндош бўлганлиги ва буюк фазли туфайли лойиқроқ бўлган кишидан уни тортиб олди. У киши муҳожирларнинг қадри энг улуғи, қалби энг шижоатлиси, илми энг кўпи, иймонда энг аввалгиси, обрўда энг шарофатлиси, саҳобаликда энг қадимгиси эди. Бобом, ўзингиз билганингиздек, ана шу ишларни амалга оширди, шундай улуғ одам билан урушди. Сизлар ҳам ўзингиз билмаган ҳолда у кишига шерик бўлдингиз. Ҳатто, ишлар бобомнинг қўлига ўтди. Қазои қадар келиб, ажал қўли у кишини тортиб олиб кетгач, ўз амали билан қабрида ёлғиз қолди. Дунёда қилган амалларининг жазосини кўрди. Сўнг халифалик отам Язидга ўтди. У киши, ота сининг хоҳишига кўра, сизларга бошлиқ бўлди. Отам Язид ёмон феъли ҳамда ўз нафсига қилган зулми сабабли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига халифалик қилишга муносиб эмас эди. У ҳавойи нафсига эргашди, ўз хатосини гўзал санади, Аллоҳ қаршисида журъатли бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам авлодларининг ҳурматига тажовуз қилди. Шунинг учун ҳаёт муддати узоқ бўлмади, ортидан нишонаси ҳам қолмади. Энди қабр чуқурида амали, хатолари ва гуноҳларига жавобгар бўлиб қолди, ҳамда у ерда ўзи жўнатган нарсаларини топди. Энди пушаймонлик фойда бермайдиган жойда пушаймон бўлмоқда. Биз ундан ажраганимизга маҳзун бўлдик, аслида унинг ҳолига раҳм қилиб, маҳзун бўлишимиз лозим эди. Кошки (қабрда) унинг нима деганини ва унга нима дейилганини билсам эди. Ёмонликлари учун жазоландими ёки амали учун мукофотландими, мана шу менинг гумонимдир». Муовия бу гапларни айтиб, роса ҳўнграб йиғлади. Сўнг: «Энди мен уларнинг учинчиси бўлдим. Биламан, мендан норози бўлганлар рози бўлганлардан кўпроқ. Мен сизларнинг гуноҳларингизни кўтара олмайман. Илоҳим, Аллоҳ жалла жалолуҳу мен сизларнинг гуноҳ ва масъулиятингизни ўзимга юклаб олганимни кўрмасин. Бу ишингизни мендан олинглар. Устингизга раҳбар бўлишига рози бўлган одамга уни (раҳбарликни, давлатни) топширинглар. Мен сизларнинг бўйнингиздан байъатимни қайтариб олдим. Вассалом», деб минбардан тушди. Дамийрий, «Ҳаёт ул-ҳайвон».

Ҳикоят. Абдулвоҳид ибн Зайд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир йили ҳажга бордим. Ўтирса ҳам, турса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтадиган бир одам йўлда менга йўлдош бўлди. Ундан нима учун бу қадар кўп салавот айтиши сабабини сўрасам: «Сенга бунинг қиссасини айтиб бераман. Мен отам билан биринчи марта ҳаж қилгани бордим. Ҳажни адо қилиб қайтаётганимизда бир жойда ухлаб ётсак, тушимда бир киши келиб: «Тур, Аллоҳ отангни ўлдириб, юзини қорайтирди», деди. Чўчиб уйғондим. Отамнинг юзини очиб қарасам, ҳақиқатда ҳам вафот этиб, юзи қорайган экан. Бу ҳолни кўриб, қўрқиб кетдим. Ғамгин бўлиб ўтирган эдим, кўзим кетиб, ухлаб қолибман. Тушимда қўлида темир ушлаб, отам бошида турган қора суратлик тўрт одамни кўрдим. Бирдан ниҳоятда юзи чиройли, яшил либос кийган одам пайдо бўлди ва уларни: «Нари боринглар», деб ҳайдаб юборди. Сўнг отамнинг юзини қўли билан силади ва менга: «Тур, отангнинг юзи оқарди», деди. У кишидан: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, сиз кимсиз?»-деб сўрадим. У киши: «Мен Муҳаммадман», деди. Уйғониб, отамнинг юзини очиб қарасам, у оқарган эди. Шундан кейин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни ҳеч тарк қилмадим», деди. «Иҳёу улумид-дин».

Бу ҳикоядан ҳам одамларни огоҳлантириш учун вафот этган бирор кишининг ёмон сифат ларини айтиш дуруст экани маълум бўлади . Акс ҳолда, Абдулвоҳид ибн Зайд мазкур одам ўз отасининг юзи қорайиб қолганини айтаётганида ундан хафа бўлган ва уни ғийбат қилишдан ман қилган бўлар эди.

Насиҳат. Биродарларим! Бу гапга эътибор билан қаранг. Охират хавфидан нажот топиш учун салавоти шарифни кўпайтишга одатланинг. Дилингизда гуноҳкорлар шафоатчиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат пайдо қилинг, шояд шунда қиёмат кунидаги ҳалокатдан омонда бўлсангиз. Агар ҳар доим салавот айтолмасангиз, бўш вақт топишингиз билан фурсатни зое қилиб, уни бекор ўтказиб юборманг. Агар бунга ҳам имконингиз бўлмаса, бирор мажлисда у зотнинг муборак номлари тилга олиниши билан салавот айтиб, тилингизни ширин қилиб олинг. Шак-шубҳасиз, доим салавот айтиб юрган одам ўлганда юзи қораликдан сақланади ва қиёмат куни шод бўлиб кулмоқ, унга насиб бўлади. Бу замондаги одамлар қалби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаббатидан холи бўлгани сабабли, Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан ҳам холидир. Зеро, киши ҳабибни (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни) яхши кўрмагунича муҳибни (Аллоҳ таолони) севолмайди. Шунинг учун мажлисларда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам номлари зикр этилса, аксар одамлар салавот айтмасдан тўрт оёқли ҳайвонга ўхшаб жим ўтираверадилар. Бу умматларга ярашмайдиган, ачинарли ҳолат. Аллоҳ та оло доимо тилимизда салавот бўлишини, қалбимиз эса он Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаббатлари билан тўлиб тошишини насиб айласин! Омин.

Ножоиз ғийбатнинг таърифи

Хулоса. Юқорида келтирилган гаплардан ғийбатнинг ўн уч хил тури жоиз эканлиги бутун тафсилоти билан маълум бўлди. Демак, очиқ-ойдин фисқу фужурга мубтало бўлмаган, одамларга унинг зарари тегмайдиган, беҳаё ҳам бўлмаган муайян (аниқ) бир кишини ёмонлаш шаръан ҳаром бўлган ғийбат ҳисобланар экан, башартики уни ёмонлашда бирор диний фойда кўзланган бўлмаса, шу билан бирга мақсад уни хорлаш бўлса. Шунга кўра, мавҳум (ноаниқ) кишини, ошкора гуноҳ қиладиган ҳамда беҳаё одамни ғийбат қилиш дурустдир. Яширин гуноҳлар қилса-ю, бироқ ўша гуноҳларидан одамларга зарар етиши эҳтимоли бўлса  уни ҳам ғийбат қилиш жоиздир. Яна кишини хорлаш эмас, балки у учун афсусланиш ниятида ғийбат қилиш ҳам дуруст. Шунингдек, ғийбат бирор фойда учун бўлса, масалан ўз ҳақини ундириш ёки бирор масалани маълум қилиш ёхуд фатво сўраш учун ёки одамларни огоҳлантириш учун ғийбат қилиш жоиздир. Чунончи, буларнинг ҳар бири тўғрисида батафсил сўз юритилди.

 

Юқори