Ақл ва унинг сифати тўғрисида одамлар турлича фикрда бўлишган. Бир тоифа ақлни латиф жавҳар, у туфайли хабар ва маълумотларни ажратиб олинади, дейди. Бу фикр тарафдорлари ақлнинг асл жойи қаерда бўлиши тўғрисида ихтилоф қилишди. Бир тоифа ақлнинг жойини мия, уни ҳис этиш ўрни деса, бошқа бир тоифа ақлнинг жойини қалб дейди ва уни ҳаётнинг манбаи ва сезгилар асосидир, деб таърифлади. Ақлни латиф жавҳардир, деган фикр икки жиҳатдан тўғри эмас:
Биринчидан, жавҳарлар бир-бирига ўҳшаш бўлиб, бири тақозо этмаганини бошқа бири тақозо этиши мумкин эмас. Агар бири тақазо этганини бошқа бири тақозо этса, оқил киши ўзи тирик бўла туриб ақлнинг мавжуд бўлишидан беҳожат бўларди.
Иккинчидан, жавҳарнинг ўз-ўзича мавжуд бўлиши тўғридир. Агар ақл жавҳар бўлса, унинг ақлсиз кишида бўлишини инкор этиб бўлмасди. Худди ақлсиз жисм бўлиши жоиз бўлганидек. Мана шу икки сабаб туфайли ақлни жавҳар дейиш тўғри эмас.
Яна бир тоифанинг ақл бир нарсанинг моҳиятини идрок этувчи, деб айтган фикрини олдингисидан хақиқатга яқинрок десак-да, яна бир жиҳатдан унга қўшилиб бўлмайди. Чунки идрок жонли мавжудотга хос сифатдир. Ақл эса араз бўлиб, идрок араз бўла олмайди. Ҳолбуки, идрок жонли мавжудот сифатларидан биридир.
Ақл араздир (араз — ўз-ўзича мавжуд бўла олмай, мавжуд бўлиш учун асосга муҳтож нарса. Масалан, намоён бўлиш учун ўрин-маконга боғлиқ ранглар каби -тарж).
Идрок араз бўла олмайди. Чунки араз тирик нарса эмас. шундай экан, жонсиз нарсага лаззатланувчи, оғрикни сезувчи ва хоҳловчи, деган сифатни бериш тўғри эмас. Яна бир тоифа мутакаллимлар ақлни зарурий илмлар йиғиндиси, дейди. Бу таърифнинг умумийлик ва эҳтимолликни қамраб олганини инобатга олсак, уни аниқ таъриф деб бўлмайди. Чунки таърифнинг вазифаси ўзидан умумийлик ва эхтимолликни кетказиш туфайли маҳдудликни очиб беришга каратилган.
Яна бир тоифа аклни идрок этиладиган нарсаларнинг энг за-рурларини билишдир, дейди. Бу саҳиҳ қавл бўлиб, у икки турдан иборат. Юқорида айтиб ўтилганидек, зарурини билиш икки хил:
Биринчиси, сезги аъзолари пайқаши билан хосил бўладиган нарса.
Иккинчиси, туғилганидан бошлаб инсон табиатида мавжуд бўлган нарса.
Ҳис этиш аъзолари пайқашидан юз берадиган нарса кўриш оркали идрок этиладиган манзара, эшитиш орқали идрок этиладиган товушлар, татиб кўриш билан билинадиган таъмлар, ҳидлаш орқали сезиладиган бўйлар ва ушлаш орқали пайқаладиган нарсага ўҳшайди. Агар инсон сезги аъзолари ёрдамида бу нарсани идрок этса, илмнинг шу тури унга собит бўлади. Чунки кўзни юмган вақтда идрок этмаслик ва шу туфайли маълумотга эга бўлмаслик инсонни ақли комил бўлишдан чиқара олмайди. Чунки сезги аъзосини ишлатиш ҳолатидан аён бўладики, агар идрок этса, муайян маълумотга эга булади.
Дунё ва дин одоби китобидан