“Никоҳнома” никоҳталаб
Ёшларга бир қўлланма,
Баракотли бахтли никоҳ
Йўлига бир йўлланма.
Кимки шаръий жуфтлик излаб
Бахтини излаб чопар,
Бул битикка амал қилса
Бешак кўп фойда топар.
Бул пандларим ҳар фарзандга
Айтмоқ зарур ҳар падар,
Ҳаққа хуш бир банда бўлиш
Улкан бахтдур нақадар.
Бул битикда битадурман
Сиз ёшлар-чун қоида,
Бунда борки битганларим
Сизларга кони фойда.
Ўқиб амал қилсангиз гар
Не битилур бу хатда,
Бешак бахтингиз топарсиз
Дунё ва охиратда.
Сабабким бул хатга Аллоҳ
Каломи асос эрур,
Ҳам ҳадис ҳам кўп улуғлар
Сўзларига мос эрур.
Бул битикнинг кўп бандида
Ҳадисдан эслатурман,
Ҳар ҳадис чин ҳақиқатдур
Унга ҳеч қарши турманг.
Ҳар бир мўмин ҳар ҳадисга
Лозим қулоқ солмоғи,
Ҳар мусулмон эр, аёлга
Фарздур илм олмоғи.
Сиз бехабар банда бўлманг
Ҳамда бўлманг сиз жоҳил,
Сиз бохабар банда бўлинг
Ҳамда бўлинг сиз оқил.
Бул барини сизга битгум
Қорайтириб қоғозим,
Оқил фарзанд бул барига
Амал қилмоғи лозим.
Насиҳатим битадурман
Сизларга содда тилда,
Сабаб сизга кўп наф берар
Айтар бўлсам шу хилда.
Оддий тилда сизлар осон
Қулоққа гап оласиз,
Сиз балоғат ёшида, лек
Мен учун ёш боласиз.
Айтар гапим орасинда
Сўз бўлмас изоҳталаб
Шул маъқулдир, сизга содда
Сўзлар айтсам эркалаб.
Диққат ила тингласангиз
Сўзимга қулоқ осиб,
Феълу атворингиз бўлур
Чин мўминга муносиб.