Ёдимда мактабга илк қадамларим,
Ногоҳ улғайганим сентябрь тонги.
Юзида саховат балққан муаллим,
Биринчи қўнғироқ шодон жаранги…
Ўрганган бир ҳарфим – бир дунё қувонч,
Митти юракчамга сиғмасди куйлар.
Сонларни ҳижжалаб санаганим он
Руҳимни ўрарди инжа туйғулар.
Сиёҳлар суркалган ғижим дафтарда
Қийшиқ ёзувларим кўрган муаллим.
Суратини чизсам рангларни чаплаб,
Боладай қувониб юрган муаллим.
Ота-онангни сев, Ватанингни сев,
Дея такрорлашдан толмайдиган зот.
Фақат шўхлигим-у ғўрлигим билган,
Ўзин ҳам суйишим билмайдиган зот.
Улғайдим-у сизга ўша-ўшаман,
Меҳридан қуёш куч олган муаллим.
Тушда ҳам соғинган болаликларим
Сизнинг кўзингизда қолган, муаллим.
Умрини, кўз нури, асабларини
Беминнат бағишлаб ўргатмиш таълим.
Бир оғиз раҳматга олдик барини,
Меҳнаткаш, заҳматкаш, камтар муаллим!
Ирода УМАРОВА.





