«Агар тирик бўлганда етарди фалон ёшга…»
Дейишлик одати бор элимда азаллардан.
Лекин Олим ҳақида гап кетганда ҳол бошқа —
У қадар мос тушмайди, айтайми мисоллардан?:
Китоб ёзган олимлар, хитоб ёзган олимлар,
Умматнинг саволига жавоб ёзган олимлар.
Ўлган дейиш мумкинми асарин ўқиб туриб,
Ахир, улар умрига савоб ёзган олимлар?!
Ўтмишларга сочилиб кетган ҳиссиётларим,
Дардли сўзлар изламам, оддий эрур ёдларим:
Эслаб қўйдим сизларни жимгина дуо айлаб,
Эй, менга ҳамон сабоқ бераётган зотларим!
Хайрулла Ҳамидов