Каъб ибн Зуҳайр жоҳилият даврида Пайғамбаримизни (алайҳиссалом), мусулмонларни, Ислом динини масхаралаб, ҳажв қилиб шеърлар тўқир эди. Лекин Аллоҳнинг тавфиқи билан кейинчалик мусулмон бўлди. Шундан сўнг Ислом даъватига ҳисса қўшиб шеърлар айта бошлади. У «Пайғамбар дунёни нурлантирган машъала» деган маънодаги мисраларини ўқиганида Набий алайҳиссалом хурсанд бўлиб, елкаларидаги хирқани (тўнни) унинг эгнига ёпган эдилар.
Кейинчалик бу хирқани машҳур саҳобий Муовия ибн Абу Суфён шоир Каъбнинг ворисларидан қирқ минг дирҳамга (олтин пулга) сотиб олди. Сўнгра бу муборак либос Умавийлардан Аббосийларга, улардан Усмонлиларга ўтди. Ҳозирда эса, Истанбулдаги Тўпқопи саройи музейида сақланмоқда.
«ҲИЛОЛ» электрон журналидан