Осмонлар бекорга айламас туғён,
Чақинлар ярқираб қарс-қарс яралгай.
Бани башар учун бир буюк султон
Мисоли мангулик бир дарс яралгай.
Қодир Оллоҳдандир ҳар хору ҳар хас,
Ким боқий, ким эса абас яралгай.
Энг юксак онларда одамзот эмас,
Гўё янги Само ҳам Арз яралгай.
Лак-лак инсонларнинг уйидир очун,
Юз мардга гоҳ юз минг нокас яралгай.
Дунёда абадий қондошлик учун
Улуғ кунларда бир Ёфас яралгай.
Мўъжаз қай дил аро лаҳзада гоҳо
Юз минг оҳу нола ҳам арз яралгай.
Бир кўнгил дафъатан синса мабодо
Бутун оламга ҳам зўр дарз яралгай.
Темурхон наслидин султон Улубек –
Навоийдан ўлмас сўз – сас яралгай.
Борми шаъну шавкат, довруғ бунингдек?
Қиёматга адар шул баҳс яралгай.
… Дунёга келмишдир ҳазрати Бобур,
Даҳолар ҳам қарзу ҳам фарз яралгай.
Шерларнинг зурёди фақат шер бўлур,
Йўлбарс авлодидан йўлбарс яралгай.





