Ойижоним қуръонни,
Асал унлар, дейдилар.
Қуръонсиз ўтган кунни,
Касал кунлар, дейдилар.
Қуръоним ўқисамчи,
Новвот қизим, деб суяр.
Умримнинг давомчиси,
Ҳаёт қизим, деб суяр.
Савол сўрасам бирор,
Жавоб беради дарҳол.
Агарчи кунда ўн бор,
Такрор бўлса ҳам шу ҳол.
Ухлашимдан олдинчи,
Айтиб берар қиссалар,
Улуғларнинг дин учун,
Қўшганини ҳиссалар.
Буюклар тарихини,
Йиғлаб қилар ҳикоя.
Юрагини, бағрини,
Тиғлаб қилар ҳикоя.
Юсуф алайҳиссалом,
Ташланибди қудуққа,
Ўзин акаларидан
Учрабди таҳқир, дўққа.
Иброҳим халилуллоҳ,
Отилибди оловга.
Оловчи айланибди,
Гулга тўла яйловга.
Қаранг, Мусо ғанимга,
Ўғил бўлибди ногоҳ.
Аллоҳ билан сўзлашиб,
Бўлибди калимуллоҳ.
Айтсам сизга яна бир,
Зоти бобаракотни.
Дунё дунё бўлибон,
Кўрмабди ундай зотни.
Ҳар амали, ҳар иши,
Ислоҳи уммат экан.
Ўйи, ғами, ташвиши,
Умматга раҳмат экан.
Унинг номи Муҳаммад,
Оламга эрур раҳмат.
Бахтли бўлур тоабад,
Унга эргашган фақат.
Ойижоним қуръонни,
Асал унлар, дейдилар.
Қуръонсиз ўтган кунни,
Касал кунлар, дейдилар.
Дугоналар кунингиз,
Асал бўлсин, ҳам аъло.
Қуръонни қўйманг, токи,
Касал бўлмасин асло.
Муким Махмуд





