“Мустакраҳ” сўзи луғатда “енгил макруҳ” маъносида, истилоҳда Пайғамбаримиз (солаллоҳу алайҳи ва саллам) ёқтирмаган ва зарурлигини ҳам уқтирмаган ишлар бўлиб, яхши амаллар қаторида зикр этилмаган амалдир. Мустакраҳ ишни қилиш катта гуноҳ бўлмасада, майда гуноҳ ва одобсизлик ҳисобланади. Уларнинг машҳурлари қуйидагилар:
1. Овқатни ва ичимликни иссиқ ҳолда истеъмол қилиш.
2. Сувни муздек ҳолда ичиш.
3. Бир ўтиришда турли-туман овқатларни кўп еявериш.
4. Бировнинг еяётган овқатига назар солиб туриш.
5. Луқмани катта олиб ейиш.
6. Овқат келадиган томонга қараб туриш.
7. Лагандаги таомнинг ўртасидан олиб ейиш.
8. Еган луқмасини оғзидан тўкиб ейиш.
9. Овқатни яхши чайнамай ютиш.
10. Овқатланаётган пайтда кўп сўзлашиш.
11. Овқат устига қўл силташ.
12. Бошини идиш устига энгаштириб овқатланиш.
13. Сувни сигир каби бир нафас билан ичиш.
14. Сувни ётиб ичиш.
15. Қоронғи ерда овқатланиш.
16. Овқатланганда ҳамда сув ичганда овқат ва сув устига нафас қайтариш.
17. Овқатланганда тўхтаб-тўхтаб, яна давом этиш.
18. Қорни роса очмай туриб овқатланиш.
19. Қалайланмаган ёки қўрғошинланмаган мис идишларда овқат ва сув истеъмол қилиш.
20. Синиқ идишларда сув ичиш.
21. Идишнинг дастаси томонидан сув ичиш.
22. Бозорда ва гузар жойларда овқатланиш.
23. Саримсоқ ва хом пиёз еб одамлар ичига аралашиш.
24. Бозорда одамларнинг кўзи тушган таомларни ювмай ейиш.
25. Тиш орасидаги овқат қолдиқларини чиқариб ейиш.
26. Қўли ва оғзи мойли ҳолда юриш ҳамда ухлаш.
27. Пишмаган ва етилмаган овқатларни ейиш.
28. Ичи кўринмайдиган идишлардан сув ичиш.
29. Оғзидан бироз оқизиб юбормай қумғон каби идишлардан сув ичиш.
30. Юқумли касаллик билан оғриган беморга кўп қараб туриш.
31. Эснаганда, йўталганда ва аксирганда қаттиқ овоз
32. Эснаганда оғзини чап қўли билан ёпмаслик.
33. Ихтиёрий равишда қаттиқ овоз билан кекириш.
34. Оёқларини бир-бирининг устига қўйиб чалиштириб ўтириш.
35. Бармоқларини қирсиллатиш.
36. Қўл бармоқларини бир-бирига кириштириб ўтириш.
37. Юрганда аланглаб юриш.
38. Қуёшга узоқ қараб ўтириш.
39. Офтоб билан соя ўртасида ўтириш.
40. Аср билан шом ўртасида хат ўқиш.
41. Ҳалок бўлиш хавфи бўлган тарафга чиқиш.
42. Сузишни билмайдиган кишининг кемада ёки қайиқда сафарга чиқиши.
43. Йиқилиб тушиш эҳтимоли бор жойларда ухлаш.
44. Ёвуз кишилар ва йиртқич ҳайвонлар бор жойларда яшаш.
45. Тепадиган, сузадиган ёки тишлайдиган ҳайвонларга яқинлашиш.
46. Тунда уйда ёлғиз ухлаш.
47. Ўтни ўчирмай уйқуга кетиш.
48. Ғилофсиз қилич, ханжарни қўлдан-қўлга бериш.
49. Қамиш ва анор дарахти чўпидан тиш тозалагич тутиш.
50. Таомни қоронғида тайёрлаш.
51. Дарахт меваларини тунда йиғиб олиш.
52. Меҳмон кутиб олиш учун қарз кўтариш.
53. Ўзидан кўра фақирроқ кишидан садақа олиш.
54. Таомни пичоқ учи билан олиб ейиш.
55. Одамлар ишонмайдиган гапларни гапириш.
56. Суннат амалларни қилмасликка одатланиш.
57. Бирон кишини ғийбат қилиш маъносида кўз қири билан кўрсатиш.
58. Бирон кимсани кўрсаткич бармоғи билан кўрсатиш.
59. Кўрсаткич бармоғини бирон кимсанинг кўкрагига тираб гапириш.
60. Чўмилаётган ва ювинаётган пайтда турли овозлар чиқариш.
61. Қиз болаларнинг эснаши ва керишиши.
62. Аёлларнинг қарғанишлари ва қичқиришлари.
63. Харид қилаётганда сотувчининг молини камситиш.
64. Меҳмонни ҳадеганда дастурхонга қисташ ва овқатлардан ейишга мажбурлаш.
Сайфуллоҳ АШУРОВ тайёрлаган.