Руҳий тарбия машойихлари таъкидлашларича, ихлоснинг даражалари учтадир: овомларнинг даражаси, хосларнинг даражаси ва хосларнинг хосларининг даражаси.
1. Овомнинг ихлоси Ҳаққнинг муомаласидан халқни чиқариш бўлиб, унда тан соғлиги, молу дунё, ризқ кенглиги, жаннат қасрлари ва ҳурлар каби дунёвий ва ухровий насийбаларни талаб қилиш ҳам бўлади.
2. Хосларнинг ихлоси Ҳаққнинг муомаласидан халқни чиқариш билан бирга дунёвий насийбаларни қўйиб, ухровий насийбаларни сўрашдир.
3. Хосларнинг хосларининг ихлоси Ҳаққнинг муомаласидан халқни ва барча дунёвий ва ухровий насийбаларни бирйўла чиқаришдир. Уларнинг ибодати бандаликни юзага чиқариш ва Роббнинг жамолига мушарраф бўлиш учун У зотнинг вазий-фаларини муҳаббат ва шавқ ила адо этишдан иборатдир. Бошқача қилиб айтганда, уларнинг Аллоҳга ибодати Аллоҳ учун бўлади.
Ихлоснинг йўлини тўсувчи омиллар:
Биринчи тусиқ.
Банданинг амалининг кўзга кўриниши. Унинг ўз амалидан ажабланиши. Амали туфайли Унинг учун амал қилинган Зотдан тўсилиши.
Бу ҳолатдан қутулиш учун ўз нафсини таниши ва унинг хоҳишларини жиловлаши лозим.
Иккинчи тўсиқ.
Амали учун эваз талаб қилиш. Мазкур эваз бу дунёнинг ёки у дунёнинг нарсаси бўлиши мумкин.
Бу дунёнинг нарсаларига турли шаҳватли нарсалар, шуҳрат, кўзга кўринишга ўхшашлар киради. Шунингдек, мақомот, каромат, мукошафот кабилар ҳам бўлиши мумкин.
Охиратнинг нарсаларига ундаги турли мақомлар ва нозу неъматлар бўлиши мумкин. Амали учун эваз талаб қилишдан қутулиш ўзининг ожиз банда эканини ва фақатгина Аллоҳнинг фазли ила охират яхшиликларига эришиш мумкинлигини англаб етиш билан бўлади. Унинг ибодати бандалик бурчидир. Ажр, савоб ва мартабалар Аллоҳнинг фазлидандир.
Учинчи тўсиқ.
Банданинг ўз амалларидан рози бўлиши ва улар ила ғурурга кетиши. Бу ҳолатдан қутулиш учун банда ўз амалларидаги нуқсонлари ила танишмоғи лозимдир. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқларининг ички ва ташқи бандалик вазийфаларига қанчалар ҳақли эканини англаб етганда, банда бу тўсиқни енгиб ўта олади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ихлос амални турли иллат ва нуқсонлардан поклашдир. Мазкур иллат ва нуқсонлар икки нарсага боғлиқ бўлади.
Биринчиси — одамларнинг мақтови ва улуғлашини исташ ёки уларнинг ёмонлашидан қочиш каби халққа боғлиқ нарсалар.
Иккинчиси — қилгани ила ғурурга кетиш ёки унга эваз талаб қилиш каби амалга боғлик, нарсалар.
Ушбу тўсиқларни енгиб ўтиб, Аллоҳ таолога холис ибодат қилганлар ҳақийқий мухлислар бўладилар.
Ихлоспапг фойдаларидан:
1. Ихлос амал ва гап-сўзларнинг қабул бўлиши учун асосдир.
2. Ихлос дуонинг қабул бўлиши учун асосдир.
3. Ихлос бу дунё ва охиратда банданинг мартабасини кўтаради.
4. Ихлос одамдан васвасани узоқлаштиради.
5. Ихлос одамни Аллоҳ таолодан бошқага банда бўлишдан озод қилади.
6. Ихлос ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди.
7. Ихлос одамнинг бу дунёдаги мусийбатларини енгиллаштиради.
8. Ихлос инсон қалбида хотиржамликни пайдо қилади.
9. Ихлос инсонга саодатни ҳис қилдиради.
10. Ихлос инсоннинг иймонини қувватлантиради.
11. Ихлос инсонга фосиқлик ва осийликни ёмон кўрсатади.
12. Ихлос инсоннинг иродасини мустаҳкамлайди.
13. Ихлос бу дунё ва охиратдаги мукаммал омонликдир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳини
«Суннит ақидалар» китобдан