Ахли сунна вал жамоанинг фиқҳий мазҳаббошиларидан тўртинчилари имом Аҳмад ибн Ҳанбалдирлар. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, у кишининг ота-оналари марвлик бўлиб, кейинрок улар Арабистон томон кўчганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам хижрий 164-санада Марвда туғилдилар. Ёшликларида етим қолиб, фақирликда ўсдилар, қийналиб ўқидилар. Ул зот кийим тўқиб сотар, хаттотлик қилиб қорин тўйғизар эдилар. Баъзи вақтларда ҳаммоллик ҳам қилганлар. Ёшликданоқ ҳадис илмига катта қизиқдилар. Бу эса ўз навбатида, илм талаб этиш учун кўп сафар қилишга чорлади. Имом Аҳмад Абу Ҳанифанинг бош шогиртларидан бўлмиш имом Абу Юсуфдан дарс олдилар. Кейинчалик Бағдодда катта муҳаддис Ҳушайт ибн Башир ад-Воситийда тўрт йил мунтазам уқиб, у кишидан уч мингта ҳадис ёзиб олдилар. Илм талабида Яман, Куфа, Мадина, Макка ва бошқа жойларга сафар қилдилар. Маккаи Мукаррамада имом Шофеъийдан дарс олдилар.
Имом Шофеъий Бағдодга келганларида ораларидаги алоқа яна ҳам мустаҳкам бўлди. Имом Аҳмад у кишидан кўпрок таълим олишга ҳаракат килдилар.
Имом Шофеъий Мисрга кўчиб кетаётганларида имом Аҳмад ҳам у киши билан бирга кетмоқчи булдилар-у, аммо шароит тўғри келмади.
Имом Шофеъий Бағдоддан чиқаётиб: «Мен Бағдоддан чиқдим, энди бу шаҳарда Ибн Ханбалдан тақводорроқ ва фақиҳрок одам йук», дедилар.
Аҳмад ибн Ҳанбал ҳадис илмида жуда ҳам илгари кетганлар. Кўпчилик уламолар у кишининг ҳадисдаги «Муснад» китобларини энг мўътабар олтита ҳадис китоби жумласига киритадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шогирдлари ва мухлислари у кишининг фиқҳдари билан фахрланишар эди. Ҳатто улуғ тарихчи Тобарий ўзининг «Ихтилофул уламо» китобида Аҳмад ибн Ҳанбални «муҳаддис» деб атаганида, Ибн Ҳанбалнинг мухлислари у кишининг уйига бостириб кирганлар ва «Нимага Ибн Ҳанбални факиҳ демадинг?» деб жанжал қилишган. Охири Тобарийни миршаблар зўрга ажратиб олишган.
Албатта, Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазратларининг бундай «ёрдамга»га хожатлари йўқ эди. Шундоқ ҳам у кишини бутун Ислом олами улуғ олим, фақиҳ, мухаддис, зоҳид ва тақводор сифатида яхши танир эди. У киши барчага устоз эдилар.
Имом Аҳмаднинг даври сиёсий ва ақийдавий ихтилофлар кучайган давр бўлди. Айниқса, ўша пайтда муътазилий мазхаби тарафдорлари хукуматга яқин бўлиб олиб, кўп бузғунчиликлар қилдилар. Уларнинг ўша даврдаги бошлиқларидан Ибн Абу Довуд ҳалифа Маъмунга одамларни мажбур қилиб «Қуръон — махлуқ», деб айттиришга уринди. Унинг маслаҳати билан ҳалифа Маъмун волийларга Аҳли сунна вал жамоа уламоларини ҳақоратлаб хат ёзди. Уларни хукумат қароргоҳларига олиб келиб, «Қуръон — махлуқ», деган гапни айттиришни уни бажармаганларни эса жазолашни амр килди.
Мусулмонлар улкан фитнага учрадилар. Ислом ақийдаси бузилиши хавфи туғилди. Бағдодда имом Ахмад ибн Ҳанбал бошчилигида уламолар бунга қаттиқ қаршилик кўрсата бошладилар. Улар илмий мунозараларда муътазилийларни шарманда қилишар эди. Буни сезган халифа Маъмун Бағдоднинг еттита атоқли олимини ўз хузурига юборишни амр қилди. Уларни мажбур қилиб, эътирофларини олди хаммага эълон қилди. Шу билан имом Аҳмаднинг тилини кесмоқчи ва шавкатини синдирмоқчи бўлди. Лекин имом Аҳмад бу фитнага қарши салобатли тоғдек маҳкам турдилар. У киши фитначиларни халқ орасида хужжат ва далиллар билан шарманда қилиб, довдиратиб қўйдилар.
Шунда Маъмун ўзи турган Турмус шаҳрига имом Аҳмад ибн Ҳанбални ва у кишининг шериклари Мухаммад ибн Нуҳни юборишни амр килди. Олимларнинг қўлларини кишанлаб, бехурмат қилиб олиб кетишди. Аммо улар йўлдалик пайтида халифа Маъмун вафот этди.
Олимларни кишанланган ҳолларида Бағдодга қайтаришди. Йўлда Ибн Нуҳ вафот этдилар. Имом Аҳмад у кишини ўзлари ювиб, жаноза ўқиб, кўмдилар. Имом Аҳмадни эсаянги халифа тайин бўлгунча камаб қўйишди. Янги халифа ҳам эскисининг йўлини тутди.
Акаси Маъмуннинг васиятига амал қилган халифа Мўътасим ҳам фитна йўлини давом эттирди. Имом Адмадн икки йилдан ортик, аниқроғи, йигирма саккиз ой камокда ушлаб қийнашди, аммо иродаларини бука олмадилар.
Имом Аҳмаднинг эътирофлари кўпчиликнинг хузурида бўлишини ҳоҳлашар эди. Шунинг учун одамларни тўплаб, халифа Мўътасим ўзи чиқар ва имом Аҳмадни сўроққа тутар эди. Гап билан енга олмасликларига кўзлари етгандан сўнг калтаклашга ўтишди. Ҳар сафар гап-сўз фойда бермагандан сўнг Имомни ҳушидан кетиб қолгунича дарра билан уришар, кейин эса кутариб, қамоққа олиб кетишар, бу ҳол эртасига яна янгидан бошланар эди.
Бир куни калтак зарбидан ҳушидан кетаёзган Имомнинг қулогига фитнабоши Ибн Абу Довуд:
«Эй Аҳмад, қулоғимга «Қуръон — махлуқ», деб қўйгин, сени халифанинг қўлидан қуткариб оламан», деди.
Шунда имом Аҳмад бошларини зўрга кўтариб:
«Эй Ибн Абу Довуд, қулогимга «Қуръон — Аллоҳнинг каломи, махлук, эмас», деб қўйгин, сени Аллоҳнинг азобидан қуткариб оламан», дедилар.
Бу воқеа халифанинг тавба килиши, фитнабоши Ибн Абу Довуд ва унинг шериги Бишрул Мурайсийнинг боши олиниши ва имом Аҳмаднинг эъзозланиши билан тугади.
Шундай қилиб, бу буюк Имом мусулмонларнинг катта фитнадан қутулиб қолишларига сабабчи бўлдилар.
Имом Аҳмад умрларининг охирида бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эди. У киши хижрий 241-сана, 12 робиъул аввал, жума куни вафот этдилар. Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам катнашган.
Имом Аҳмад ўз мазҳабларида Қуръон ва Суннатни асосий манба қилиб олдилар. Сўнгра ижмоъ ва саҳобаларнинг кучли гаплари ўринолди. У киши қиёсни бошқа илож колмагандагина ишлатиш керак, дер эдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳаблари масалаларни тор олиши ҳаммага маълум. У киши кўпмасалаларда тақво асосида ҳукм чиқарганлари учун шундай бўлиб кўринади.
Масалан, ит ялаган идишни тозалаш учун имом Шофеъий «Етти марта ювиш керак», дейдилар. Ҳадиси шарифда ҳам шу адад келган. Аммо Ибн Ҳанбал «Саккиз марта ювиш керак», деганлар.
Аллоҳ таоло улуғ Имомимизни Ўзи раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин. Омин!
Кифоя китобидан