Тақлиднинг жоиз ва ножоизлиги ҳақидаги масалаларнинг шаръий томонлари фиқҳ китобларимизда кенг ёритилган. Имом Ғаззолий: «Тақлид ҳужжатсиз сўзни қабул қилишдир», деганлар. Уламолар амалий шаръий аҳкомларда тақлиднинг жоизлиги ҳақида ихтилоф қилишган. Эътиқод гавҳари ҳисобланган иймон масаласида ҳам тақлидга рухсат бор. ўтган аждодлари эргашган нарсаларга тақлид қилувчиларнинг иймони «тақлидий иймон» дейилади ва бу иймоннинг энг паст даражасидир.
Биз эса, тақлиднинг ижтимоий моҳияти ҳақида сўзлаймиз. Олдин «тақлид» сўзига қисқача таъриф бериб ўтайлик: у арабча «қолада» сўзидан олинган, луғатда «бировга ўхшашга интилиш, кимгадир маржон тақиб қўйиш» маъноларини билдиради. Исломда ибратли ишларда ва яхши, солиҳ кишиларга эргашиш мақбул саналади. Ёмон, гуноҳ ишларда ва бадахлоқ кимсаларга тақлид қилиш қора- ланган. Биз тилга олмоқчи бўлган тақлид эса бугунги кунда анча урфга кирган ва жамият ахлоқига жиддий таъсир кўрсатаётган ярамас бир ҳолатдир.
Тақлиднинг энг аянчли кўриниши ҳозирги пайтда мусулмонларнинг ўзга дин вакиллари ёки динсиз миллатларнинг урф-одатлари, маданиятлари, кийинишлари, ҳаёт тарзларига тақлид қилишларида намоён бўлмоқда. Миллатимиз менталитетига ва ахлоқига, динимизга ёки руҳиятимизга тўғри келадими-йўқми – суриштириб ҳам ўтирмай, бошқа ўлкаларда нима урфга кирган бўлса, дарров қабул қиляпмиз. қабул қилгандаям, улардан ошириб, уларни ортда қолдириб юборяпмиз.
Гапим қуруқ бўлмаслиги учун бир неча мисоллар келтириб ўтай: ғарб ўлкаларида қадимдан уй томларини учбурчак, конус шаклида қилиш урфда бўлган экан, биз ҳам уларга тақлид қилиб, уйларимизни шунақа қуришни бошлаб юбордик. Уларнинг аёллари кўксини ва кинди- гини очиб кийиняптими, биз ҳам бу соҳада уларни «бир чўқишда қочирдик». Бу ҳам у ёқда қолиб, аёлларимиз ҳар соҳада: соч турмаклашу пардоз-андозда, бола боқишу эрга муомала қилишда ғарб аёлларига тақлид қила- ётганлари ёмон бўляпти. ҳатто уй таъмирлашимиз ҳам оврупаликларга тақлидан «евроремонт» деб ном олди. Уларга эргашиб, дўконларимиз – «маркет», таомимиз – «хот-дог, гамбургер», уйимиз – «хаус», ишхонамиз «офис» дея аталадиган бўлди. Иш шунга бориб етдики, ғарбнинг бир ишратпараст насроний руҳонийи қамоқдагилар «лаззатланиши» учун ўйлаб топган бузуқлик ўйини «Авлиё Валентин куни» номи билан юртимизда ҳам нишонланадиган бўлди. Масаланинг асл моҳиятини тушунмаган кўпгина ёшлар бу «севги байрами» билан бир-бирларини қутлашлари урфга киряпти.
Тақлиднинг яна бир ёмон кўриниши одамларимиз турмушига ҳам кенг кириб боряпти. Бу янги ўйлаб топилган урф-одатларда (бидъат ишларда) одамларнинг бир-бирларига тақлид қилишлари, эргашишлари, «мен сендан қоламанми?» қабилида ким ўзарига иш тутишларидир. «Кимдир тўйини роса серҳашам, дабдабали ўтказибдими, тамом, биз ҳам шунақа қиламиз, ундан қаеримиз кам?»; «Фалончи никоҳ маросимига лимузин ёллаптими, биз унақа лимузиндан нақ учтасини чақирамиз»; «Писмадончи қудасиникига ҳайитлик қилиб ўнта тоғора жўнатиптими, биз тоғора сонини йигирматага чиқарамиз»; «Анавилар янги туғилган чақалоғини туғруқхонадан извошда олиб тушган бўлса, биз бунга вертолёт ёллаймиз» ва ҳоказо ва ҳоказо. Нафслар васвасаси, шайтон қутқуси, сохта ғурур чорлови ва ном чиқариш тамаъси билан қилинадиган бундай бемаъни тақлидлар шу йўсинда давом этаверса, охири қаергача борамиз? Мана шу нарса одамни ўйлантиради, ташвишга солади…
Инсон ҳар ишда, ҳар соҳада ўзгаларга тақлид қилаверса, ўзлигидан, миллий маънавиятидан мосуво бўлади. Ғарбдагиларнинг ўз «маданиятлари», турмуш тарзлари, урф-одатларини бошқа ўлкаларга ёйиш учун интилишлари замирида катта геосиёсий манфаатлар, узоқни ўйлаб тузилган мустамлакачилик режалари ётибди. Уларнинг бу найрангларига учиб, улар қўйган қопқонларга илиниш мусулмон миллатига хос бўлмаган иш. Ҳар ишда ғарбдагиларга тақлид қилувчилар ўтган асрнинг улуғ мутафаккирларидан Исмоил Ғаспиралийнинг бундан 120 йил олдин айтган мана бу сўзлари мағзини бир чақиб кўришса ёмон бўлмасди:
«Оврупа кекса бир чолдир, тажрибаси кўпдир. Улуғ ёшига ҳурматимиз бор. Тажрибасидан ўрганамиз. Лекин хатоларини такрорламаймиз… Оврупада нимани кўрсак, ёш боладек олиб югурмаймиз. Эсли-ҳушли инсонлардек: «Бу нимадир, оқибати нима бўлади, виждон ва ҳаққониятга уйғунми?» дея ақл тарозусида тортиб оламиз».
Менимча, бу гапларга қўшимча қилиш ортиқча туюлади.
«ҲИЛОЛ» электрон журнали, 4-сон