Мани афв этинг қиблагоҳим,
Кечинг манинг сизга қилган гуноҳим.
Гуноҳимни кечмасангиз ота, оҳ!
Қиёматда на дерман сўрса Аллоҳ!
Бундан чамаси йигирма-йигирма беш йиллар аввал телевединия орқали Хитой жанг санъати ҳақидаги фильмлар бериб борилар эди. Бундай фильмларни беш-олти ёшли бир бола жуда катта қизиқиш билан томоша қилар, ундаги қўл ва оёқ орқали бажариладиган турли ҳаракатларни ўзича такрорлаб юрарди. Бир куни отаси уни эркалатиб ўйнаётганда у ўша фильмларда кўрган ҳаркатлардан оёқ орқали бажариладиган ҳаракатни отасига нисбатан ўзи билмаган ҳолда ўйнаб кўрсатди. Бироздан сўнг отаси: “Эҳ, бу фильмлар болани отасига оёқ кўтаришга ўргатар эканда!” деган ўй ҳаёлидан ўтди-ю эътибор бермади. Кўп ўтмай ўша болачанинг оёғи синиб қолди.
Орадан ойлар, йиллар ўтди. Ўша болача аста секин катта бўлиб, мактабни битирди, бир қанча илм даргоҳларини тамомолади. Бу дунё ҳаётидаги ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши ва иродаси билан бўлишини, ҳар бир инсоннинг қилган амалларига қараб Аллоҳ бу дунёда ҳам охиратда ҳам мукофотлаши ёки жазолашини, кичик бир тиканнинг киришида ҳам бир ҳикмат борлигини ва бу дунё сабаблар дунёси эканлигини ўқиб ўрганиб билди. Тўсатдан болалик чоғида оёғи синиб қолгани ва ундан олдинги ҳолатлар ҳаёлига келдию, ўқиб ўрганганлари, устозларидан эшитиб билганлари ва Аллоҳ таолонинг нақадар Ҳакийм зот эканлигини яна бир бор ҳис қилди.
Чунки бир қарашда бу болакай отаси билан ўйнаганида ҳали ақлини ҳам танимайдиган кичик ёшда бўлган бўлса, отаси ҳам бу ҳолатни жиддий қабул қилмаган, дейишингиз мумкин. Аслида эса динимиз таълимотига кўра, ўтмиш ота-боболаримиз ҳаётларида ҳам ота-онага айниқса отага бўлган ҳурмат беқиёс. Ҳатто отага нисбатан “Қиблагоҳ” деб мурожаат қилишган. Чунки отага бўлган ҳурмат Каъбатуллоҳга бўлган ҳурматдек улуғдир. Отанинг кўнглидан ўтган бир ўйнинг ҳам фарзанди ҳаётига таъсири бор экан, ота-онасини ранжитиб, уларга озор бериб, оқ бўлган фарзандларнинг аҳволи қандай бўлади?
Бизларга ота-она хусусан отага қандай муносабатда бўлиш, бу улуғ инсонга нисбатан қандай муомалада бўлишни ҳам Аллоҳ таоло ўзиниг каломида пайғамбарлари қиссаси келган ояти карималарда батафсил баён қилиб, Соффат сурасида шундай марҳамат қилади:
“Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида : “Эй ўғилчам, мен тушимда сени қурбонлик қилаётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр нима дейсан?” деди. У: Эй отажон, сизга амр этилганни бажаринг, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсиз”, деди.
Аввало Аллоҳ таоло инсонларнинг ўз фарзандларини қурбонлик қилишини хоҳламайди. Бу қиссада эса Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳга бўлган итоатлари, ўғилларининг отага бўлган итоатининг намунаси бу кунгача етиб келди ва қиёматгача ҳам давом этиб боради.
Иброҳим алайҳиссалом улуғ ёшга етганда кўрган биринчи ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қанчалик яхши кўрсалар ҳам, Аллоҳнинг амрига итоат қилиб, ўз фарзандларини қурбонлик қилишга ҳам тайёр эдилар. Исмоил алайҳиссалом эса оталарининг бир оғиз сўзларига сўзсиз итоат қилиб, “Эй отажон, сизга амр этилганни бажаринг, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсиз”деб, фарзанднинг отага бўлган муносабатининг энг олий даржасини кўрсатдилар.
Аллоҳ таоло барча пайғамбарларининг ҳаёт йўллари бутун башариятга ўрнак бўлиши учун ўзининг каломида уларнинг қиссаларини батафсил келтирган, шунинг учун уларнинг ҳаётлари орқали инсонларга ҳар бир ишда ибрат намуна мактабини кўрсатади.
Юсуф сурасида эса оталарнинг ўз фарзандларига қанчалик меҳрибон ва марҳаматли, уларнинг фарзандлари ҳаққига қилган барча дуолари ижобат бўлишини баён қилди. Юсуф алайҳиссаломнинг барча акалари оталарига: “Эй отамиз, гуноҳларимиз учун истиғфор айтинг. Албатта, биз хатокорлардан бўлган эканмиз”, деб оталари Яъқуб алайҳиссаломдан кечирим сўрадилар. Оталари ҳам ўз навбатида: ” Сизлар учун Роббимга сўнгра истиғфор айтаман, албатта унинг Ўзи мағфират қилгувчи ва раҳмли Зотдир”, —дедилар.
Бизнинг Ислом динимизда ҳам ва бундан олдинги барча динларда ҳам оилада оталарнинг ўрни беқиёслиги, уларга бўлган ҳурмат ва эътибор беқиёс экан, биз ёшлар оталаримизни ардоқлаб, уларнинг хизматларида доимо ҳзиру-нозир бўлиб, уларнинг мустажоб дуоларини олиб, бу дунё ҳаётида ўзимизга жаннати олийларни вожиб қилиб олишни насиб қилсин.
Абдураззоқ Исақов
Қўқон шаҳар Хазрати Аббос масжиди имом-ноиби.
XUTBA.UZ