…биз ўз муқаддас динимиз ва эътиқодимиздан
ҳеч қачон воз кечмаймиз. Шу билан бирга,
муқаддас динимиз шаънига доғ туширмоқчи бўлган
кимсалар билан ҳеч қачон муроса қилолмаймиз.
(И.А.Каримов. “Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда” 14-бет)
Дарҳақиқат, шукр қилиш неъматларнинг зиёдалигига ва бардавомлигига сабаб бўлади. Бу ҳақда Қуръони Карим оятларида ва ҳадиси шарифларда кўплаб баён қилинган. Тарихга назар солсак ҳам, берилган неъматларга шукр қилган қавм ёки шахс қанчалик зиёдалик ва манфаатларга эришгани ва аксинча, ношукрчилик қилган қавм ёки шахс эса неъматлардан маҳрум бўлиб, мусибатларга дучор бўлганига гувоҳ бўламиз. Истиқлол туфайли эришилган динимиз ютуқларига ҳам мўъмин мусулмон сифатида кўплаб шукр қилишимиз керак. Чунки, собиқ мустабид тузум даврида Ўзбекистонда бир неча масжид бўлиб, вилоятимизда уч ёки тўрта масжид бўлган. Ҳозир вилоятнинг ўзида қарийб 200та, Республикада эса икки мингдан зиёд масжид фаолият кўрсатмоқда. Бу—Ўзбекистода истиқомат қилаётган намозхонларга яратилган шароит. Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни деб эълон қилинган. Мустабид тузум даврида ота-оналарининг қабрини лоақал икки ҳайитда ҳам зиёрат қила олмаган мўъмин-мусулмонлар бу икки ҳайитда бемалол байрамона кайфиятда дам оладилар, зиёрат қиладилар.
Ҳар йили беш мингдан зиёд фуқаролар Муборак Ҳаж сафарига, олти мингдан зиёд Умра сафарига бориб келишмоқда. Ҳаж ва Умрадаги шароитлар ҳақида бориб келганларнинг ўзларидан сўрасангиз, бутун дунёдан Муборак Ҳаж сафарига борганлар орасида энг олий даражадаги шароит деб баҳо беришади.
Муқаддас динимиз илм-маърифат дини бўлган учун диний таълим масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Собиқ Иттифоқ бўйича Бухорода ва Тошкентда диний илм масканлари мавжуд бўлиб, бу масканларда Марказий Осиё республикалари, Татаристон, Сибир ва Кавказ мусулмонларидан келган вакиллар диний таълим олар эдилар. Бугун алҳамдулиллаҳ, Мустақил Ўзбекистонимизнинг ўзида ўнлаб ўрта махсус Ислом билим юртлари, Имом ал-Бухорий номли Тошкент Ислом Институти, Тошкент Ислом Университети фаолият кўрсатиб келмоқда. Аёл-қизлар учун ҳам Тошкентда ва Бухорода ўрта-махсус Ислом билим юртлари ва Тошкент Ислом Институтининг аёл-қизлар бўлими фаолият кўрсатмоқда. Бу билим даргоҳларида савиялари юқори бўлган устоз ва муаллимлар етук дин арбобларини тарбияламоқдалар. Бу билим даргоҳларида яратилган шароит бошқа билим даргоҳларидан анча яхши. Хусусан Имом ал-Бухорий номли Тошкент Ислом Институтининг 2007 йилдаги муҳтарам юртбоши кўрсатмалари билан қайта тамирланиши мазкур илм даргоҳига шундай файз ва кўрк баҳш этди-ки, кўрган кишиларнинг ҳаваси келиб, шу жойларда ўқигиси келади. Ўрта махсус Ислом билим юртларига кириш учун эса тўққиз йиллик умумтаълим мактаби шаҳодатномаси кифоя қилади. Бошқа билим талаб қилинмайди.
Тўғри, 1991 йилларда диний таълим олиш ва бериш жуда оммавийлашди. Бу ҳолат бир томондан халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондираётганга ўхшади. Бир қатор қондирди ҳам. Бир қанча фуқароларимиз ўз иқтидорларга яраша озми кўпми диний билимга эга бўлдилар ҳам. Бир қанчалар Қуръон ўқишни ўргандилар, баъзилар фиқҳий масалаларда ҳам саводхон бўлдилар. Лекин бу саводхонликнинг “самара” си кейинроқ билинди. Чунки бу вақтларда хорижий давлатлардан ҳам турли йўналиш ва фирқа аъзолари ўзларининг “беғараз” таълимотларини олиб кела бошлаган эдилар. Халқимиз диний таълимга ташна бўлганиданми, баъзилар тушуниб-тушунмай ҳар хил оқимларнинг таълимотларини ҳам ўргана бошладилар. Агарчи ўша вақтларда ҳам баъзи (ҳанафийликка риоя қилган) илм аҳллари билан мазҳабни инкор қилувчилар орасида ихтилофлар бўлган бўлса ҳам, баъзилар унча эътибор қилишмади. Булар ҳам Қуръони карим оятларидан ва саҳиҳ ҳадисдан гапиряпти деб уларнинг тарафини ҳам олдилар. Баъзи оятларнинг маъносини ва бир нечта ҳадисларни билиб олиб, ўзларини катта илм эгаси, балки мужтаҳид деб эълон қилдилар. Бу билан ҳам кифояланмай, имоми Аъзамдек буюк мужтаҳидларга маломат тошини ота бошладилар. Улар отаётган тошлари катта бўлиб, бир кун бошларига ёғилишини ҳаёлларига ҳам келтирмас эдилар. Чунки ҳайбаракаллачилар уларни олқишлаб турар эди. Ана шундай қилиб, юртимизда “Ваҳҳобийлик”, “Ҳизбут-таҳрир” “Акромий” каби динни ниқоб қилиб олган тоифалар томир ота бошлади. Вақтлар ўтиб, ҳамма “Ислом ислоҳчилари” нинг асл мақсадлари намоён бўлиб, асл қиёфалари кўринганда кўп ҳамюртларимиз ҳақ йўлни тушиниб етдилар. 2005 йилдаги Андижон воқеаси ҳам кўпчиликнинг кўзини очган бўлса, 2010 йилдаги Қирғизистон воқеалари кўрларнинг ҳам кўзини очди. Тинчлик ва хотржамлик деб аталган неъматлар қанчалар азиз ва қадрли экани намоён бўлди. Лекин хали ҳануз кўзи очилмаганлар бўлса, уларга нима ҳам дейиш мумкин. Шайх Саъдий таъбирлари билан айтганда: кўршапалак қуёшни оламга нур сочгани учун ёмон кўрар экан. Минглаб кўршапалаклар кўр бўлса бўлсин, осмонда Қуёш порлайверсин! Келинг азизлар, Парвардигоримиз берган неъматларнинг шукрини қилиб, Истиқлол шарофати билан яратилган имкониятларга шукр қилиб, Унинг фазли карамидан умид қилиб яшайлик. Неъматларнинг қадрини билиб, шукрини адо этиш шарафига муяссар қилсин. Зеро У зот Агар шукр қилсангиз, сизларга (берган неъматларимни )албатта зиёда қиламан, деган.
Қўқон шаҳар бош имом-хатиби:А. Исақов.
XUTBA.UZ